Сурхондарёлик деҳқонларнинг дардини ким эшитади?

22:51 10 Май 2018 Иқтисодиёт
1614 0

Айни пайтда сурхондарёлик деҳқонларнинг боши қотган. Сабаби, эртаки пиёз нархи ички бозорда тушиб кетдики, фойда олиш тугул, экин парвариши учун сарфлаган маблағига куйиб қолиш эҳтимолини оширмоқда. Қозоғистон ҳамда Россияда мамлакатимизда етиштирилган сабзавотлар қаторида, пиёз ҳам анча харидоргир бўлиб турган бир пайтда Сурхондарёда нега вазият шу даражага етди? 

— Не-не умидлар билан томорқамизга пиёз эккандик, — дейди Денов туманининг Жаматак маҳалласида яшовчи Ғафур Исоқулов. — Ҳосил йиғиштириб олинган ҳозирги пайтда улгуржи харидорлар пиёзнинг килосини 250-260 сўмдан сотиб олмоқда. Сотмайлик, десак, бу ҳам зиён. Ҳисоб-китоб қиладиган бўлсак, пиёз уруғининг килосини 400 минг сўмдан сотиб олгандик. Парвариши давомида 6 қоп минерал ўғит ишлаттилган бўлса, унинг ҳар қопи 60 минг сўм харид қилинган. Шу харажатларнинг ўзи 720 минг сўмга бораяпти. Бундан ташқари, унинг меҳнати-чи?! Суғориш майлику-я, аммо бегона ўтдан тозалаш азоб. Тўғриси, пиёз экишдан кўнглимиз совиб кетди. Биргина мен эмас, ён қўшниларимнинг ҳафсаласи пир бўлди. Ўзингиз ўйлаб кўринг, олти тонна пиёз 1 миллион 560 минг сўмга баҳоланмоқда! Экиш олдидан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қиладиган корхоналар сотиб олади, дейишганди. Билмадик, бу корхоналар пиёз нархи яна тушишини кутишаяпти шекилли? 

“Халқ сўзи” мухбири бу вазиятни ўнглаш учун мутасаддилар томонидан қандай тезкор чора-тадбирлар кўрилаётгани билан қизиқди.  

— Вилоятимизда 7815 гектар майдонга эртаки пиёз экилган, — дейди Сурхондарё вилояти ҳокимлиги тадбиркорлик, ишбилармонлик муҳитини ривожлантириш ва экспортни қўллаб-қувватлаш гуруҳи раҳбари Шуҳрат Дўсмуродов. — Апрель-июнь ойларида олинадиган ҳосил 140 минг тоннани ташкил этиши кутилмоқда. Эртаки пиёзни узоқ муддат сақлашнинг имкони йўқ. Шу боис маҳсулот нобудгарчилигининг олдини олиш учун ички истеъмолдан ортиқча қисмини экспортга жўнатиш, республикамизга валюта маблағлари жалб қилиш кўзда тутилган. Воҳамиз деҳқонлари томонидан етиштирилган эртаки пиёзнинг 35 минг тоннасини экспорт қилиш режалаштирилган. Бироқ Сурхон воҳасида об-ҳаво исиб кетганлиги боис экилган эртаки пиёз 10 — 15 апрелда пишиб етилди. 

Суҳбатдошимизнинг ушбу гапини қандай изоҳлашга ҳам ҳайронмиз? Ахир ҳосил қанча эрта етилса, шунча яхши эмасми? Ёки виялот мутасаддилари қишнинг камёғин ва илки келганидан бехабарми? Президентимиз томонидан томорқанинг ҳар қаричидан унумли фойдаланиш, маҳсулот етиштиришдан тортиб, уни сақлаш, экспорт қилиш бўйича қулай тизим яртиш, деҳқонларга ҳар томонлама кўмак бериш бўйича мутасаддилар олдига қўйган талаб Сурхондарё вилоятидагиларга тааллуқли эмасми?
Хуллас, саволлар кўп. Унга жўяли жавоб олиш эса қийин. 

Бизга айтишларича, эртаки пиёз экспортига жалб қилиниши режалаштирилган корхоналар сони вилоятда 52 тани ташкил этади. Аҳоли томорқалари ва фермер хўжаликларида етиштирилган бундай маҳсулотни сақлаш имкони йўқлигини инобатга олиб, шунингдек, пиёз етиштирган аҳоли ҳамда фермер хўжаликларини қўллаб-қувватлаш мақсадида экспорт фаолиятига жалб қилинган корхоналар рўйхати вилоят ҳокимлиги томонидан вилоят божхона бошқармасига тақдим этилди.

— Эртаки пиёзнинг экспорт нархларининг қуйи чегараси аниқланди, — дейди Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси ташқи савдо операциялари мониторинги ва божхона статистикаси бўлими бошлиғи вазифасини вақтинча бажарувчи Азамат Абсаломов. — Унга кўра, вилоятда бир тонна пиёзнинг нархи 500 — 600 минг сўм этиб белгиланди. Шунингдек, экспортёр корхоналарга эртаги пиёзнинг қўшни давлатлардаги ўртача нархи тўғрисида кунлик маълумотларни етказиб бериш чораларини кўраяпмиз.

Бу деҳқонга нима беради? Нега мутасаддилар реал ҳолатдан келиб чиқиб, иш тутиш ўрнига ҳамон енгилни остидан, оғирнинг устидан юришни афзал кўради? Бу тадбирлар масалага ечим бўла оладими? Наҳот вилоятда замонавий омборхоналар қуриш шунчалик қийин бўлса?!

Агар ишга муносабат шу зайл давом этса, бу хатолар ўз вақтида тўғриланмаса, деҳқонларга ушбу мавсумда қўлини осмон қилиб қолиши ҳам ҳеч гапмас. Ахир, пишиқчилик энди бошланаяпти... Сурхондарёлик деҳқонларнинг дардини ким эшитади?
Нормурод ТЕМИРОВ.  


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар