Сурхондарёдаги “Пайғамбар ороли” ҳудудида жойлашган чегара қўриқлаш постининг янги биноси фойдаланишга топширилди

14:31 13 Январь 2020 Жамият
296 0

“Халқ сўзи ONLINE”. Илҳом Раҳматов/Сурхондарё. Амударё дарёсининг қоқ ўртасида жойлашган умумий майдони тахминан 4 минг гектарлик сатҳга эга, узунлиги 8, эни 5-6 километр бўлган мазкур орол “Пайғамбар ороли” деб ном олган.

Бу ерда Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинларига қарашли ҳарбий қисм бўлинмаси жойлашган. Ўзбекистон Қуролли Кучлари ташкил топганининг 28 йиллиги ҳамда 14 январь — Ватан ҳимоячилари куни байрами арафасида мазкур бўлинма ҳарбий хизматчилари учун барча қулайликларга эга янги бино фойдаланишга топширилди.

Шу муносабат билан уюштирилган тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, фахрийлар, ҳарбий хизматчилар ва ёшлар вакиллари иштирок этди.

Сурхондарё вилоят ҳокими, ҳарбий-маъмурий сектор раҳбари Тўра Боболов, ҳарбий қисм командири ўринбосари, подполковник Абдуғани Менглиқулов ва бошқалар ўз умрини Ватан ҳимоячиси бўлишдек шараaли ишга бағишлаган ҳарбий хизматчиларни байрам билан муборакбод этиб, юртимиз тинчлиги, осойиштали, чегараларимиз дахлсизлигини таъминлаш мард ва жасур ўғлонларнинг зиммасидаги шарафли бурч эканини таъкидлашди.

Янги бинони қуриш, жиҳозлаш учун 1 миллиард 200 миллион сўмдан ортиқ маблағ сарфланди. Бу ерда шинам ётоқхоналар, барча қулайликларга эга ошхона, спорт зал, ўқув хонаси, ҳаммом, дам олиш хоналари, автосарой қурилди. Бино атрофи ободонлаштирилиб, мевали ва манзарали дарахт ҳамда гуллар экилди.

Тадбир давомида ҳарбий хизматчиларнинг жанговар тайёргарлигига бағишланган кўргазмали чиқbш ва концерт дастури намойиш этилди. Шундан сўнг, янги бинода ҳарбий хизматчиларнинг жанговар шайлигини ошириш, яшаш ва дам олишлари учун яратилган шароитлар билан яқиндан танишилди.

Маълумот ўрнида. ЮНЕСКОнинг ёдгорликлари рўйхатига киритилган “Пайғамбар ороли”да Қуръони Каримда номи зикр этилган йигирма беш пайғамбардан бири, милоддан аввалги VI-VII асрларда яшаб ўтган Зул-Кифл (“Кафолат соҳиби” маъносини билдиради) алайҳиссалом мақбараси мавжуд.

XVII асрда яшаган балхлик машҳур қомусий олим Маҳмуд ибн Валий “Сирлар денгизи” асарида келтирилишича, пайғамбар Зул-Кифл алайҳиссалом Термиз яқинидаги ушбу оролда дафн этилган. Оролдаги “Зул-Кифл” мақбараси турли даврларда бунёд этилган гумбазли катта масжид ва жанубдан туташган сағанали хилхона ҳамда ғарб томондан бириктирилган икки хонадан иборат.

Масжид мураббаъ тарҳли, олди пештоқли, безаги ғишт чоргул ва арча тарзида терилган, меҳробига ганч гириҳ нақш ишланган. Мақбара 2018 йил тўлиқ реконструкция қилинган.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Муштарийлар учун ажойиб янгилик!

Юқоридаги суратда бунинг учун нима қилиш лозимлигини томоша қилишингиз мумкин.

09 Декабрь 2019