Сурхондарёдаги "Истеъмолчи қаерга ҳам борарди!" деб ўйлаган монополист ҳақида

22:29 12 Сентябр 2020 Жамият
316 0

Хабарингиз бор, 2020 йил 1 майдан бошлаб автомобиль бензини ва дизель ёқилғиси чакана нархларини давлат томонидан тартибга солиш бекор қилиниб, нефтни қайта ишлаш заводлари томонидан ушбу маҳсулотларни сотиш фақат биржа савдолари орқали амалга оширилиши белгиланган.

Масалан, мазкур қарор қабул қилинишидан олдин Аи-80 маркали бензин нархи 4500 сўм миқдорида чекланган бўлса-да, ушбу маҳсулот бозор механизми орқали биржада сотилиши йўл қўйилгандан сўнг бензин нархи талаб ва таклифдан келиб чиқиб карантин даврида 3800 сўмгача тушди.

Ушбу йўналишда эркин савдо шаклланган ҳолатда нефть базаларнинг воситачи сифатида роли ошди. Шунинг учун Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан республикада фаолият юритаётган шахслар гуруҳи ва монополь ҳисобланган нефть базалар фаолиятини мониторинг қилиш йўлга қўйилди.

Жумладан, Қўмитанинг Сурхондарё вилояти ҳудудий бошқармаси ўтказган мониторинг давомида «Термиз нефть базаси» МЧЖ томонидан биржа савдолари орқали харид қилинган ёқилғи маҳсулотларини юклаб жўнатишда ҳуқуқбузарликларга йўл қўйилаётганлиги аниқланди.

Жамият томонидан тақдим этилган маълумотга кўра 2020 йил май-июнь ойларида биржа савдолари орқали 71 та шартнома бўйича жами 194,58 тонна ёқилғи маҳсулотлари етказиб беришда, ўрнатилган тартибга асосан нефть базаларнинг сақлаш ва юклаш харажатлари нефтни қайта ишлаш заводлари ҳисобидан қопланган бўлса-да, жамият томонидан ушбу харажатлар қўшимча равишда истеъмолчилардан ҳам ундирилганлиги, натижада асоссиз равишда жами 122,7 млн. сўм миқдорида харидорлардан қўшимча маблағ ундирилганлиги аниқланди.

"Мазкур ҳолат бўйича ҳудудий бошқарма томонидан иш қўзғатилиб «Термиз нефть базаси» МЧЖга тадбиркорлик субъектларидан 122,7 млн. сўм миқдорида ортиқча олинган қўшимча маблағни қайтариш юзасидан кўрсатма берилди" дейилади Монополияга қарши курашиш қўмитаси матбуот хизмати хабарида.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?