Сурхондарёда 95 ёшли момога "метрка" берилди

13:23 22 Апрель 2020 Lifestyle
810 0

Коронавирус пандемияси туфайли жорий қилинган карантин туфайли мамлакатимизда кўплаб ташкилот, корхона ва муассасалар ўз фаолиятини вақтинча тўхтатган ёки масофадан туриб хизмат кўрсатишга ўтган. Аммо, шундай хизмат кўрсатиш турлари борки, улар фаолиятини тўхтатишнинг имкони йўқ. Жумладан, ФҲДЁ бўлимлари санитария-гигиена талабларига риоя қилган фаолият кўрсатиб келмоқда.

Карантин чекловлар жорий қилинган айни пайтда Сариосиё туманидаги “Лочин” маҳалласида истиқомат қилувчи 95 ёшли Пирматова Ўғилой момонинг яқинлари онахонга туғилганлик гувоҳномаси беришни сўраб Сариосиё туманидаги 2-сонли ФҲДЁ бўлимига мурожаат қилишди.

- Ўрганишларимиз жараёнида маълум бўлдики, Пирматова Ўғилой 1926 йилда таваллуд топган, 1940 йилда турмушга чиққан. Бу йил 95 ёшни қаршилаётган онахон ҳозирга қадар туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномани олмаган, фуқаролик паспорти ҳам бўлмаган. ФҲДЁ бўлимимиз томонидан керакли ҳужжатлар тўпланиб, туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома расмийлаштирилди. Онахонни йўқлаш, бу хушхабарни етказиш мақсадида карантин талабларига қатъий амал қилган ҳолда, у киши истиқомат қилаётган хонадонга бориб, туғилганлик ҳақидаги гувоҳномани топширдик. Энди фуқаролик паспортини бериш учун ҳужжатлар расмийлаштириляпти —, дейди, Сариосиё туманидаги 2-сонли ФҲДЁ бўлими мудираси Дилафруз Саматова.
 

ДХА Сурхондарё вилоят бошқармаси жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар шўъбаси маълумотига кўра, жорий йилнинг биринчи чораги давомида Сурхондарё вилоятидаги туман (шаҳар) ФҲДЁ бўлимлари томонидан 16013 та туғилиш ҳамда 3085 та ўлим ҳақидаги гувоҳномалар расмийлаштирилди.

Бир сўз билан айтганда, вилоятдаги ФҲДЁ бўлимлари ҳамда Давлат хизматлари кўрсатиш марказлари томонидан карантин шароитида аҳолига энг зарур турдаги давлат хизмат кўрсатилмоқда.

Илҳом Раҳматов, “Халқ сўзи” мухбири.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?