Сурхондарё: Жануб дунёга юз тутмоқда

09:25 05 Июнь 2018 Иқтисодиёт
232 0

Термиз шаҳрида вилоятнинг инвестиция, экспорт ва туризм салоҳиятига бағишланган “Очиқ Жануб” деб номланган халқаро бизнес форуми бўлиб ўтди. Унда Россия, Туркия, Буюк Британия, Австрия, Индонезия, Ҳиндистон, Кувайт, Эрон, Афғонистон, Тожикистон каби йигирмага яқин давлатлардан 160 нафардан ортиқ ишбилармон доира вакиллари, хорижий мамлакатларнинг Ўзбекистондаги элчилари ҳамда чет эл -ваколатхоналари ходимлари қатнашди.

Ушбу халқаро анжуман “Очиқ Жануб” дея номланиши бежиз эмас. Чунончи, Буюк Ипак йўлининг чорраҳасида жойлашган Сурхон замини бугун яна дунёга юз очмоқда. Зеро, юртимизнинг Жанубдаги олтин дарвозаси — Сурхондарё ўзининг ер ости ва ер усти бойликлари, қулай иқлими, тарихий обидалари, муқаддас қадамжолари, қолаверса, замонавий транспорт-логистика имкониятлари билан инвестицион ҳамда жозибадор туризм ҳудуди ҳисобланади.

Россиялик ишбилармонлар ҳамкорлигида Бойсун туманида “Мустақилликнинг 25 йиллиги” конида лойиҳа қиймати 5 миллиард АҚШ долларидан ортиқ бўлган, йилига 4 миллиард куб метр газни қайта ишлаш, 289 минг тонна полипропилен, 211 минг тонна полиэтилен ва 293 минг тонна олтингугурт ишлаб чиқариш қувватига эга газ-кимё мажмуасини қуриш ишлари бошлаб юборилди. Бундан ташқари, Сариосиё туманидаги “Шарғун кўмир” конини модернизация қилиш эвазига йилига 900 минг тонна, Бойсундаги “Тўда” кўмир конида эса йилига 450 минг тонна кўмир ишлаб чиқариш лойиҳаси амалга оширилмоқда. Вилоятда 5 миллион тонна цемент тайёрлаш қувватига эга 4 та завод ишга туширилиш арафасида.

Чунончи, Сурхондарёда бошқа вилоятларга қараганда, мева-сабзавотлар қарийб 20 кун эрта пишиб етилади. Бу эса уларни нафақат ички, балки ташқи бозорда ҳам сотишда қулайлик яратади. Шу ҳамда бошқа омиллар инобатга олиниб, аграр соҳада бир қатор янги лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилаётир.

— Мазкур форум менда катта таассурот уйғотди, — дейди ҳиндистонлик тадбиркор Санжай Гуллаҳ. — Ўзбекистоннинг инвестициявий салоҳияти ҳар қандай сармоядор учун жуда ишончли. Компаниямиз ҳўл ва қуруқ мевалар бизнеси билан 30 йилдан буён шуғулланиб келади. Бу йўналишда ўзбекистонлик ишбилармонлар билан ҳамкорликни йўлга қўйишдан катта манфаатдор эканимизни алоҳида таъкидламоқчиман. Чунки серқуёш заминда етиштириладиган мева-сабзавотлар доимо мазали ҳамда харидоргир бўлади. Шуни инобатга олиб, Сурхондарёда бизнес-режамизнинг истиқболини аниқ тасаввур этяпмиз. Кўзда тутилган лойиҳамиз амалга ошса, 1000 дан ортиқ иш ўринлари яратилади.

Айни пайтда хорижий сармоядорлар билан ҳамкорликда вилоятда 71 қўшма корхона самарали фаолият юритмоқда. Энг муҳими, ташқи бозорга чиқаётган корхоналар сони ҳам тобора ортиб бораётир.

— Асосан, қишлоқ хўжалиги соҳасида фаолият кўрсатамиз, — дейди “Akido” компанияси вакили Поль Шубель. — Биз бу ерда паррандачилик, чорвачилик корхоналари билан ҳамкорлик қилиш ниятидамиз. Бундан ташқари, Ўзбекистоннинг анъанавий узумчилик базасида вино заводларини барпо этишни режалаштиряпмиз.

Халқаро тадбиркорлар анжуманида Ҳиндистон, Бангладеш, Индонезия, Словакия, Украина, Кувайт ҳамда Афғонистоннинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчилари билан Сурхондарё вилояти ҳокими Эркин Турдимовнинг учрашуви ҳам бўлиб ўтди. Мулоқотлар чоғида ўзаро ҳамкорликнинг истиқболлари белгилаб олинди.

Икки кун давом этган тадбир якунида иштирокчилар Ҳаким Термизий, Имом Термизий ёдгорлик мажмуаларини зиёрат қилиб, воҳадаги кўплаб туристик иншоотлар ҳамда бир қатор йирик ишлаб чиқариш корхоналари фаолияти билан ҳам яқиндан танишдилар.

Илҳом РАҲМАТОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар