Сурхондарё: сайёр қабуллар чоғида муаммоларга ечим топилмоқда

16:07 22 Июль 2019 Жамият
267 0

Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан халқ билан очиқ-ошкора мулоқот қилиш тизими яратилгани фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш ва уни самарали назорат қилишда жуда қўл келмоқда.

Шунинг пировардида халқ ҳаётидан хабардор бўлиш, аҳолининг талаб ва эҳтиёжларини ўрганиш, аниқланган муаммоларни жойида ҳал этиш, ижтимоий адолатни қарор топтиришга эришилмоқда. Айниқса, чекка-чекка қишлоқ ва маҳаллаларда оммавий сайёр қабуллар ташкил этилиб, ҳар бир мурожаат қилувчи билан бевосита учрашиб қалбига қулоқ тутиш натижасида ортиқча қоғозбозлигу, буйруқбозликларга чек қўйилмоқда. Энг муҳими, турли муаммоларга ечим топиш баробарида ҳар бир ҳудуддаги мавжуд вазиятни яқиндан ўрганиш, фуқаролар талаб ва таклифларидан келиб чиқиб, йўл хариталарини ишлаб чиқиш имконияти юзага келяпти. Бу борадаги амалий саъй-ҳаракатлар Сурхондарё вилоятида ҳам ижобий самара бермоқда.

Ҳар ҳафтанинг якшанба куни вилоят ҳокими Тўра Боболов раҳбарлигида ўтказилаётган ана шундай сайёр қабуллар жараёнида вилоят, туман ҳокимликлари мутасаддилари, секторлар раҳбарлари, турли идора ва ташкилотлар масъуллари, Халқ қабулхонаси вакиллари бевосита иштирок этаяпти. Навбатдаги сайёр қабул вилоят марказидан 240 километр узоқликда жойлашган Бойсун туманидаги тоғли Кенгдала қишлоғида ўтказилди.

Сайёр қабул чоғида Қизилнавр маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли Кенгдала, Юқори ва Қуйи Мачай каби қишлоқлар аҳолисининг мурожаатлари мутасаддилар иштирокида ўрганилди.

– Марказдан узоқ, тоғли ҳудудда яшашнинг ўзига хос қийинчиликлари бор, – дейди фуқаро Эркин Хоналиев. – Чунончи, қишлоғимизда кўп йиллардан буён йиғилиб қолган айрим муаммолар аҳоли эътирозларига сабаб бўлаётганди. Сайёр қабулда ана шулар ҳақида бирма-бир баён қилдик. Вилоятимиз ҳокими қисқа фурсатларда мавжуд камчиликни бартараф этиш юзасидан мутасаддиларга аниқ вазифаларни юклади. Бундан мамнунмиз албатта.

Шу куни аксарият фуқаролар мурожаати жойида ҳал этилиши билан бирга автомобиль йўллари ва электр энергия тармоғини таъмирлаш, умумий ўрта таълим мактаби учун қўшимча яна 50 ўринли бино ҳамда врачлик пункти қуриш, махсус тез тиббий ёрдам машинаси ажратиш билан боғлиқ масалалар ижроси юзасидан зарур чора-тадбирлар белгиланди.

Энг чекка ҳудудлар аҳолиси билан ўтказилаётган бундай юзма-юз, очиқ мулоқотлар уларнинг дарду-ташвишларини аритиш, мавжуд муаммоларни тезда бартараф этиш ишлари аввало одамларни рози қилиш ва аҳоли турмуш шароитларини янада яхшилашга хизмат қилмоқда.

Илҳом Раҳматов, “Халқ сўзи” мухбири.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Муштарийлар учун ажойиб янгилик!

Юқоридаги суратда бунинг учун нима қилиш лозимлигини томоша қилишингиз мумкин.

02 Декабрь 2019