Сурхондарё диёримиздаги муҳим археология ва сайёҳлик маркази

10:06 26 Август 2019 Жамият
222 0

“Ўзбекистон – буюк йўллар ва цивилизациялар чорраҳаси: империялар, динлар, маданиятлар” мавзусида маданий мерос ҳафталиги доирасида Термиз шаҳрида “Ўзбекистон – цивилизациялар чорраҳаси“ халқаро археология сайёҳлик форуми бўлиб ўтди. Форумда қатнашиш учун мамлакатимиз ҳудудлари ва 80 дан ортиқ хорижи давлатлардан келган дунё илм-фани вакиллари – таниқли археолог олимлар, музейлар ва илмий институтлар раҳбарлари Термиз Халқаро аэропортида тантанали кутиб олинди.

Муҳташам Санъат саройида ўтказилаётган форумнинг тантанали очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Азиз Абдуҳакимов, Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш Бутунжаҳон жамияти раиси Ф. Абдуҳолиқов, Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов, Француз миллий илмий тадқиқотлар марказининг тадқиқотлар бўйича фахрий директори, профессор П. Лериш, АҚШнинг Хофстра университети Яқин Шарқ ва Марказий Осиё бўйича дастури директори, профессор А. Наймарк ва бошқалар Сурхон воҳасининг миллий ва дунё давлатчилиги тарихида тутган ўрни, илм-фан, санъат ва маданият ривожига қўшган ҳиссаси, шунингдек,бу ерда илк бор ўтказилаётган археологик конференциянинг аҳамияти ҳақида сўз юритишди.

Тадбир давомида Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш Бутунжаҳон жамияти илмий кенгаши раиси, академик Э.Ртвеладзенинг видео табриги, шунингдек, “Окс Искандарияси – Кампиртепа: Окс бўйидаги шаҳар-қалъа” ҳамда “Кушон мероси” номли видеороликлар намойиш этилди.

Шўъбаларга бўлинган ҳолда давом этган конференция ишида таниқли шарқшунос олимларнинг Ўзбекистон, Марказий Осиё ва дунё тарихининг сўнгги оламшумул кашфиётлари ҳақидаги шов-шувли маърузалари тингланди.

Ўзбек-Француз экспедицияси 1993 йилдан буён Сурхондарёдаги бир неча тарихий ёдгорликлар илмий тадқиқотлар олиб бормоқда, -дейди Франция миллий илмий тадқиқотлар маркази профессори П. Лериш. – Манимча, жаҳон цивилизацияси тарихини ўрганишда Сурхондарёдаги тарихий ёдгорликлар муҳим ўринга эга. Жумладан, Бойсундаги Тешиктош ғори, Шерободдаги Зараутсой ёдгорлиги, бундан ташқари, Далварзинтепа, Кампиртепа, Жарқўтон, Холчаён, Қоратепа ҳамда Фаёзтепа сингари обидалар ўз бағрида не-не сир-синоатларни сақлаб келмоқда. Турли маданият ва динлар ҳамда буюк империялар тарихи бу замин ўтмиши билан чамбарчас боғлиқ экан, уни қиёси ўрганиш ҳаётий зарурият, деб билан. Шу маънода ўтказилаётган халқаро форум аҳамияти ниҳоят муҳимдир.

Окс Искандарияси билан танишув

Халқаро форум доирасида халқ орасида Кампиртепа деб ном олган Ўзбекистон ҳудудидаги энг қадимги археологик ёдгорликда академик Э. Ртвеладзе бошлигида амалга оширилган тадқиқотлар натижалари эълон қилинди. Бу ёдгорлик Амударё (қадимги Окс) ўзанида милоддан аввалгиIV аср охирида қурилган ва милодий I аср бошларигача фаолият кўрсатган порт шаҳар – Оксиана Искандарияси (Александрия)харобаларидир. Мазкур қадимий шаҳарча юнон тарихчиси ва географи Птоломей асарларида тилга олинган Марказий Осиёдаги эллинистик маданиятнинг ноёб ёдгорлиги, Александр Македонский томонидан бунёд этилган Оксиана Искандариясининг ўзи эканлиги илмий асосланмоқда.

Тасдиқланган археологик маълумотларга кўра, бу ерда ғарбдан шарққа томон Окс бўйлаб 400 метрдан ортиқ масофага чўзилган порт-шаҳарнинг ўлчамлари, яхши ривожланган шаҳарсозлик тузилмаси мавжуд. Қалъа дарвозалари, муқаддас ибодатхона, хазина сақлаш жойи, қабристон, шунингдек, бандаргоҳлар, савдо нуқталари ва ҳунармандчилик устахоналари, кемалар тўхтайдиган кўрфазлар борлиги бу афсонавий Оксиана Искандариясининг худди ўзи эканидан далолатдир.

Қалъа зовур билан ўралган, асосий қўрғондан, минорали деворлар билан айлантириб ўралган “қуйи шаҳар” ва мустаҳкамланмаган шаҳар атрофидан иборат. Археологлар бу ерда эрта эллинистик, юнон-бақтрия вакушон-юэч даврларига мансуб яхши сақланиб қолинган маданий қатламларни топганлар. Кўплаб топилмалар, шунингдек, шаҳарча меъморчилигининг ўзига хос хусусиятлари Кампиртепада асрлар давомида турли хил динлар - зардуштийлар, буддавийлар ва қадимий юнон худоларини ҳурматловчилар биргаликда тинч-осойишта яшаганини кўрсатади.

Форум қатнашчиларига илк бора Оксиана Искандарияси (Александрия0)нинг инсталяцияси 3D форматида тақдим қилинди. Унда қадимий шаҳарча асл қиёфада тикланди. Бу эса буюк археологик ёдгорликнинг дастлабки кўринишда тўла-тўкис танишиш имкониятини беради.

- Музработ тумани ҳудудида жойлашган Кампиртепа ёдгорлигида 1972 йилдан буён бир гуруҳ археологлар томонидан олиб борилган тадқиқотлар натижада кўплаб ноёб топилма ва маълумотлар қўлга киритилган, - дейди афғонистонлик олим Шаръий Жузжоний. - Бу изланишлар туфайли Окс (Амударё)нинг ўнг қирғоғида Искандар Мақдунийнинг 329-327 йиллардаги юришлари вақтида барпо этилган энг қадимги юнун-македон фруриони ҳақидаги илмий асослар қўлга киритилди. Ҳозирга қадар бир гуруҳ олимлар Осиана Искандариясини Афғонистондаги Ойхоним харобалари билан боғлаган бўлса, яна бир гуруҳ олимлар униЭски Термиз шаҳри ўрнидан излади. Ва ниҳоят Птолемей хариталарида кўрсатилган муҳим жиҳатлар Кампиртепада юз кўрсатди.

“Ўзбекистон – буюк йўллар ва цивилизациялар чорраҳаси: империялар, динлар, маданиятлар” мавзусида маданий мерос ҳафталиги доирасида Термиз шаҳрида “Ўзбекистон – цивилизациялар чорраҳаси“ халқаро археология сайёҳлик форумида қатнашиб бир олам таассуротларга эга бўлдим. Тамаддун бешиги бўлган Сурхон замини, унинг бой ўтмиши ҳақида бир-биридан қимматли маълумотлар билан танишдим. Айниқса, Термиз археология музейидан жой олган экспонатлар мен ҳайратлантирди. Худдики қадим тарих кўз ўнгимда гавдалангандек бўлди.

Фаёзтепа – буддизм ибодатхонаси

Буддизм дини ривожида Сурхон замини алоҳида ўринга эга. Воҳадаги кўплаб ёдгорликда олиб борилган археологик тадқиқотлар натижасида бу борада аниқ далиллар қўлга киритилган. Улардан бири бу Фаёзтепа мажмуасидир.

У тошкентлик археолог Л. И. Альбаум томонидан 1963 йилда очилган. Эски Термиз шаҳарчасининг шимоли-ғарбидан бир километрлик масофада жойлашган. Ушбу тарихий ёдгорлик Сурхондарё вилояти Ўлкашунослик музейи директори Р. Ф. Фаёзов шарафига аталган. “Ўзбекистон – цивилизациялар чорраҳаси“ халқаро археология сайёҳлик форуми қатнашчилари ушбу обида билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлишди.

Ибодатхона ўн тўққизта алоҳида жойлашган, деворларидаги чуқур токчалари тўсиқлар билан бирлаштирилган хоналардан иборат. Фаёзтепада олиб борилган қазиш ишларида кўплаб қизиқарли топилмалар кузатилган. Бу ерда олимлар ғаройиб гўзалликка эга монахлар билан бирга тасвирланган Будда ҳайкалини топишга муяссар бўлишди. Эндиликда у Ўзбекистон тарихи музейи экспозициясини безамоқда.

Ўз даврида бу жой нафақат ибодатхона, балки, монастир ҳам бўлган. Иншоотдаги ҳужра, зиёратчилар яшаши учун жойлар, хўжалик хоналари ана шу ҳақида гувоҳлик беради.

2006 йилда консервация ва реконструкция ишларидан сўнг Фаёзтепа Будда ибодатхонаси очилди ва очиқ осмон остидаги ғаройиб музейга айланди.

Шунингдек, форум иштирокчилари Термиз археология музейига ҳам ташриф буюришди. Бу ердаги тош асрдан то хонликлар даврига қадар бўлган вақтларга мансуб бўлган нодир ёдгорликлар, қадимий ашёлар уларда бой таассурот қолдирди.

Ҳозирда музейнинг коллекциясида 27 миндан зиёд экспонатлар мавжуд. Улар орасида уй-рўзғор буюмлари, қадимги ва ўрта асрлардаги қурол аслаҳалар, ҳукмдорлар тангалари ва муҳрлари,шунингдек, ранг-тасвир ва антик ҳайкалтарошлик асарлари ҳам бор. Музейда кутубхонасида 16 мингга яқин китоблар, ҳукмдорлар ёзишмаларидан иборат ёзма манбалар ҳам сақланмоқда.

“Ўзбекистон – буюк йўллар ва цивилизациялар чорраҳаси: империялар, динлар, маданиятлар” мавзусида маданий мерос ҳафталиги доирасида Термиз шаҳрида “Ўзбекистон – цивилизациялар чорраҳаси“ халқаро археология сайёҳлик форуми кўҳна Сурхон воҳаси тарихи, бу ердаги тамаддун бочқичлари, бу кўҳна диёрнинг турли маданият ва динлар ривожида тутган ўрни ҳақида қимматли маълумотларни олиш имкониятига эга бўлишди.

Илҳом Раҳматов, “Халқ сўзи” мухбири.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019