«Сур олтин» конлари кўз очмоқда

12:11 27 Апрель 2018 Иқтисодиёт
1121 0

Биз ишлаб чиқариш соҳасида кўп нарсаларни янгидан ташкил қилишга ҳаракат қиламиз, бу яхши. Лекин мавжуд, даромад топса бўладиган тармоқларни сақлаб қолиш ва ривожлантириш ҳам асосий эътиборимизда бўлмоғи лозим.
Шавкат МИРЗИЁЕВ

Юртимизнинг қадим шаҳарлари — Бухоро ва Хивага келадиган сайёҳларни кўп кузатганда бир жиҳат эътиборни тортадики, улар бетакрор шаҳар манзараларини ҳайрат билан томоша қилар экан, халқимизнинг нодир асарларига маҳлиё бўлишади. Ҳунармандлар томонидан тайёрланган санъат даражасидаги буюмлар, хусусан, қоракўл териларидан тикилган кийимлар олдида эса узоқроқ қолиб кетишади. Уларни кийиб кўраётган, сотиб олаётган сайёҳларнинг юзидаги ифодада ажиб бир қизиқиш зуҳур бўлади.

Бу ҳаётимиздаги оддий манзара. Агар жаҳон мўйна бозоридаги ҳолатга эътибор қаратсак, ушбу қизиқишнинг нақадар юқори эканлигини яққол кўрамиз. Бугунги кунда дунёдаги қоракўл териларининг 60 фоизи Даниянинг Копенгаген мўйна бозорида сотилади. 35 фоизи Хельсинки, 2 фоизи Санкт-Петербургдаги халқаро мўйна бозорига чиқарилади. Уларда бир дона қоракўл териси 200 АҚШ долларигача баҳоланади. Энди улардан тайёрланган маҳсулотларнинг нархини тасаввур қилиб кўринг-а?
Ундан ҳам қизиғи шундаки, қоракўл қўйларининг илдизи Ўзбекистонда. Дунёга мўъжизакор қоракўл терилари билан машҳур бўлган ўлкамиз яна ўз брендини тиклай оладими? 

Соҳага давлат даражасида эътибор қаратилаётгани “сур олтин” конлари қайта кўз очишига ишонч уйғотмоқда.

Халқ яратган мўъжиза
Қоракўл қўйларини ана шундай аташ мумкин. Негаки, ушбу зот халқ селекцияси маҳсулидир. Тарихий маълумотларда қоракўл қўйлари саккизинчи асрда араб қўй зотлари билан чатиштириш натижасида юзага келгани қайд этилади. Юртимизнинг баъзи ҳудудларида “араби қўйлар” деб аталиши ҳам фикримиз тасдиғидир. Бу зот, асосан, Бухоронинг Қоракўл мавзесида боқилгани туфайли илмий тилимизга “қоракўл” атамаси билан кирган.

Қоракўл қўйларидан олинадиган тери қадимдан қадрланган. Дастлаб унинг жунидан кигиз, гилам, чакмон тайёрланган бўлса, кейинчалик мўйнасига алоҳида эътибор қаратилган. Савдогарлар томонидан қоракўл терилари совуқ ўлкаларга, хусусан, Россияга элтиб, сотилган. Юртимизда ҳам қимматбаҳо терилардан тикилган бош кийимлар машҳур бўлган. Ўзининг чидамлилиги, иссиқлиги, ёрқин товланиши ва бошқа хусусиятлари билан одамларни мафтун этган бу мўйналарга қизиқиш муттасил ошиб борган.
Ўн тўққизинчи асрга келиб, қоракўл териларига талаб ниҳоятда кўпаяди. Кўплаб давлатларда унга қизиқиш, нафақат сотиб олиш, балки етиштиришга иштиёқ пайдо бўлади.

Бугунги кунда дунёнинг 190 мамлакатида боқиладиган қўйларнинг сони тахминан икки миллиард бошга етади. Улар маҳсулот беришига қараб, 570 зотга бўлинади. Қоракўл қўйларининг сони эса тахминан 30 миллион бошдан ортади. Улар жаҳоннинг 16 давлатида парваришланади. Намибия ва Афғонистон қоракўл тери етиштириш бўйича дунёда етакчилар сафида туради. Юртимизда эса 6 миллион бошдан ортиқ қоракўл қўйлари парваришланади. Аммо асосий генофонди юртимизда бўла туриб нега биринчиликни қўлдан бой берганмиз?

Қимматга тушган илтифот
Шу ўринда бир тарихий ҳақиқатни айтиб ўтиш жоиз. Биламизки, қоракўл қўйлари, асосан, Бухоро ҳудудида етиштирилган. Уларни четга чиқариш эса тақиқлаб қўйилган. Аммо олмон элчиси бунинг уддасидан чиққан. У 1910 йилда амир кўнглига йўл топиб, 10 бош совлиқ ва 2 бош қўчқорни олиш илтифотига сазовор бўлади. Олмонлар юртимиз иқлимига ўхшаш жой сифатида Намибияни танлашади. Бу ерда қўйлар мослашганига ишонч ҳосил қилингач, 1912 йили Бухородан яна 50 бош қўй ва 12 та қўчқор олиб кетилади. У ерда қоракўл қўйларини чатиштириб, Бухоро қоракўлига ниҳоятда ўхшаш, қимматбаҳо мўйна берувчи “Свакара” деб ном олган янги зот яратишади.

Бугунги кунда Намибияда йилига 140 мингдан ортиқ қоракўл терилар етиштирилади. Свакара қоракўл терилари дунёда энг қимматбаҳо ва сифатли саналади. Битта терининг нархи Копенгагендаги “кимошди” савдоларида 60 АҚШ долларидан 200 АҚШ долларигача баҳоланадиган ушбу маҳсулотлардан “Prada”, “Gucci”, “Valentino”, “LouisVuitton”, “RobertoCavalli” каби машҳур брендлар фойдаланиб келмоқда.

Буни қарангки, дунёда қоракўл тери етиштириш бўйича етакчи бўлган Афғонистонда ҳам Бухородан олиб кетилган наслли қўйлар асосий ўрин тутган. Йигирманчи асрнинг бошларида Афғонистон ҳудудига Бухородан бир миллион бошдан ортиқ қоракўл қўйлари ҳайдаб кетилган. Айни вақтда Афғонистоннинг 19 вилоятида шу зотдаги қўйлар боқилади. Бир йилда 500 минг донадан ортиқ қоракўл тери ва 14 минг тонна жун экспорт қилинади. Битта тери жаҳон бозорида ўртача 100 АҚШ долларидан сотилади.

Эътиборсизлик оқибати
Афғонистонда қоракўл қўзиларининг териси сатҳи 16 — 20 дм2ни ташкил этади. Бизда эса бу кўрсаткич сал пастроқ 8 — 11 дм2. Қолаверса, афғон қоракўл қўйларининг маҳсулдорлиги ҳам баланд. 100 бош совлиқдан 120 — 130 бош қўзи олинади. Бизда эса бу кўрсаткич 95 фоизни ташкил этади. Хўш, бир насл бўлса, нега биздаги кўрсаткичлар пасайиб кетди?

Буларнинг барчаси бир пайтлардаги сон ортидан қувиш натижаси. Айни шу жиҳат ўтган асрнинг иккинчи ярмидаги матбуот саҳифаларида кўп учрайдиган бир жумлани ёдга солади: “режа 200 фоизга бажарилди”. Қандай қилиб? Албатта, қўйлардан кўп насл олиш мақсадида кимёвий моддалар ва гормонал рағбатлантирувчи воситалар, яъни ўша машҳур “СЖК” ёрдамида. Оқибат нима бўлди? Қўйлар битта ёки иккита ўрнига тўрт-бешталаб туғди. Кичик-кичик, каламушдай қўзилар ёппасига мўйнага топширилди. Табиат ишига аралашув наслга зарар етказди.

Яйловлардан фойдаланишда ҳам истиқбол ўйланмади. Алмашлаб ўтлатиш тизимига эътиборсизлик оқибатида кўплаб серўт яйловлар фақат янтоғу ёвшанзорларга айланиб қолди.

Кейинги йилларда ҳам соҳага етарли эътибор қаратилмагани тармоқнинг тараққий этишига замин яратмади. Қолаверса, табиий таъсирларни ҳам ҳисобга олиш зарур бўлади.
— Ўзбекистонда чўл ва яримчўл табиий яйловлари 32 миллион гектарни ташкил этади, — дейди Ўзбекистон қоракўлчилик ва чўл экологияси илмий-тадқиқот институти директори Насрулло Бобоқулов. — Шундан 30 фоизга яқини қоракўлчилик яйловлари майдони ҳисобланади. Маълумотларга кўра, ҳозирги кунда Ўзбекистон қоракўлчилик яйловларининг қарийб 40 фоизида турли даражадаги инқироз юз берган. Фақат қудуқлар атрофидаги кучли инқирозга учраган яйловлар майдони 0,5 миллион гектар, кўчма қум массивлари майдони эса 2 миллион гектарни ташкил қилади. Шундан 14 фоизи сув билан таъминланмаган. Қолаверса, биз соҳага инновацион ёндашувни амалга оширмадик. Ҳозир биздан сув қудуқларини инвентаризация қилиш, инновацион технологиялар асосида ишловчи қудуқларни йўлга қўйиш, мавжудларини реконструкция қилиш талаб этилмоқда. Бундан ташқари, қари қўйларни бўрдоқига боқиб, гўшт ишлаб чиқариш ҳажми ва яйловлар ҳосилдорлигини ошириш учун чўл ва яйловларда уруғлар экиш тизимини жорий этиш, изен, терескен, саксовул каби чўл ўсимликларини кўпайтириш зарур. Бундай муҳим чора-тадбирларни амалга ошириш юртимизда қоракўлчиликни яна сердаромад соҳага айлантириш имконини беради.

Даромад манбаи, саломатлик қўрғони
Халқимиз қўйчиликка “туёғидан шохигача даромад манбаи” деган таърифни бежиз бермаган. Ҳолбуки, қоракўл қўйларидан қимматбаҳо мўйнадан ташқари, гўшт, сут, жун каби маҳсулотлар ҳам олинадики, буларнинг барчаси катта даромад келтирувчи манбалардир. Шунингдек, қоракўл қўзиларининг ширдонлари фармацевтика саноатида дори воситалари тайёрлашда ишлатилади.

Қоракўл қўйлари бир кунда 25 километргача йўл босгани сабабли гўшти хушхўр ва тез ҳазм бўладиган 3800 — 4000 калорияга эга. Асосан, дағал озуқа билан озиқлангани боис, фойдали элементларга бой. Шунингдек, унинг таркибида протеин, кўп миқдорда темир, фосфор, мис, А, Д ва В гуруҳи витаминлари ва бошқа элементлар мавжуд.
Маълумотларга қараганда, қўй сути шифобахш бўлиб, унинг ёғлилик даражаси сигирникидан 7-8 фоиз кўп. 12 литр қўй сутидан 1 килограмм сариёғ олиш мумкин. 

Шунингдек, сутнинг қайта ишланган қисмидан бринза ҳам тайёрласа бўлади. Қадимдан ота-боболаримиз дармонсизликка ва сил касаллигига чалинган беморларни тўл мавсуми бошланганда отар бошига келтириб, янги соғилган қўй сути билан парваришлашган. Шу ўринда таниқли ёзувчи Ўткир Ҳошимовнинг “Урушнинг сўнгги қурбони” асари ёдга тушади. Унда силга чалинган Шонеъматга ҳам Комил табиб қўй сути буюрган эди...

Тармоқ истиқболида янги босқич
Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 16 мартдаги “Чорвачиликда иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида чорвачиликда хусусий мулкнинг устувор аҳамияти ва ўрнини таъминлаш, яйловлардан самарали фойдаланиш, чорвачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмларини кўпайтириш ва рақобатдошлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу тариқа қоракўлчилик соҳаси ҳам ўз эгасини топаётир. Илгари ширкат хўжаликлари шаклидаги хўжаликлар фермер хўжаликлари ёки масъулияти чекланган жамиятга айлантирилиб, мавжуд имкониятлардан оқилона фойдаланиш чоралари кўрилаяпти. Бунда республика “Қоракўлчилик” уюшмасининг ташкил этилиши ўзига хос аҳамият касб этди. Унинг зиммасига қоракўлчилик тармоғини ривожлантириш, қоракўл зотли қўйларнинг сара генофондини сақлаб қолиш ва такомиллаштириш мақсадида илмий-тадқиқот муассасалари томонидан ишлаб чиқилган селекция-наслчилик дастурларини амалиётга татбиқ этиш бўйича муҳим вазифалар юклатилди.

Бундан ташқари, жаҳон бозорида қоракўлчилик маҳсулотларига бўлган талаб ва таклифни ўрганиш, қоракўл жуни ва терисини қайта ишлаш, экспорт учун тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш бўйича маркетинг тадқиқотларини амалга ошириш, тармоққа хорижий инвестицияларни кенг жалб этиш ва ресурс тежайдиган замонавий технологияларни жорий қилишга кўмаклашиш, яйловлар унумдорлигини ошириш ҳамда яйлов ўсимликлари уруғчилигини йўлга қўйишга илмий, амалий ва методик ёрдам кўрсатиш каби муҳим тадбирлар белгиланди.

— Бу эса олимларимизни соҳага илмий ва инновацион ёндашишга ундамоқда, — дейди Н. Бобоқулов. — Ўтган йили 12 та амалий ва 3 та инновацион илмий лойиҳа ҳамда битта ноёб объектни сақлаш устида изланишлар олиб борилди. Сур қўйларнинг “Шофиркон” завод типи учун патент олинди, қора рангли қўйларнинг “Жонгелди” завод типи яратилди, маккажўхорининг “Малика” нави ҳамда “Atriplex undulata” ўсимлигининг гектаридан 24 — 40 центнер пичан ҳосили берувчи “Ягона” нави яратилди. Самарқанд вилоятининг Нуробод туманида 5 гектар майдонда шувоқ ўсимлиги экилиб, сунъий шувоқзор барпо қилинди. Олимларимиз хорижда қатор илмий анжуманларда иштирок этиб, ўзларининг билим ва салоҳиятини оширмоқда.

Давлатимиз раҳбари шу йилнинг февраль ойида Бухоро вилоятига ташрифи чоғида ҳудудда қоракўлчиликни даромадли ва иш ўринлари яратадиган тизимга айлантириш бўйича зарур топшириқлар берганди. Қисқа фурсатдан сўнг, аниқроғи, 14 мартда Президентимизнинг “Қоракўлчилик соҳасини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Қарор билан соҳадаги кўплаб муаммолар ўз ечимини топмоқда. Чорвадорларни қийнаб келаётган суғориш тармоқларини модернизация қилиш ва янгиларини қуриш, чорвачилик тармоғини техника билан таъминлаш, етиштирилган хом ашёни сотиш тизимини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилаётир. Қоракўлчилик ва чўл экологияси илмий-тадқиқот институтининг Бухоро филиали ҳамда Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги илмий-ишлаб чиқариш марказига қарашли Бухоро чўл яйлов озуқабоп ўсимликлар уруғчилиги илмий-ишлаб чиқариш маркази ташкил этиладиган бўлди.
Амалга оширилаётган бу ишлар, албатта, ўзининг ижобий самарасини бериши, шубҳасиз.

Кластер тизими — замон талаби
— Ўзбек қоракўлининг халқаро миқёсдаги брендини тиклаш масаласи кун тартибига чиққан айни кезларда, уни  инновацион ёндашувларсиз амалга ошириб бўлмаслигини барчамиз яхши биламиз, — дейди биология фанлари доктори, академик Бакриддин Зарипов. — Фақат хом ашё — тери, мўйна ва жун билан биз кўзлаган мақсадимизга эриша олмаймиз. Демакки, чуқур қайта ишлаш, етиштиришдан тортиб, қайта ишлашгача бўлган жараённи бир занжирда бирлаштириш зарурати юзага келмоқда. Яъни қоракўлчиликда кластер тизимини йўлга қўйиш мақсадга мувофиқ. Бунинг яна бир жиҳати шундаки, кластер нафақат инновацион йўналиш, балки илм, фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини ўзида мужассамлаштиргани билан соҳани жадал ривожлантириш имконини беради.

“Қоракўлчилик — енгил саноат” кластери йўлга қўйилса, нафақат енгил саноат, балки озиқ-овқат саноати, фармацевтика каби ўнлаб тармоқлар ҳам қамраб олинади. Бунда хом ашё бир тизим томонидан барча қайта ишлаш жараёнларидан ўтказилиб, юқори сифатли тайёр якуний маҳсулотга айлантирилади. Шунда биз дунёга нафақат қоракўл терилари, балки ундан тайёрланган экологик соф кийим-кечаклар, фармацевтика маҳсулотларини “Ўзбек қоракўлидан тайёрланган” бренди остида чиқара оламиз.

Чўлда ҳаёт ифори
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг маълумотига кўра, сўнгги 40 йил ичида сайёрамиздаги экин етиштириш учун яроқли ерларнинг деярли учдан бир қисмининг унумдорлиги йўқолганлиги сабабли у ерни одамлар тарк этган. Мамлакатимиз ўзининг жуғрофий ва иқлим хусусияти билан экологик таназзулга, айниқса, ўсимлик қоплами ва чўл экотизимларининг таназзулига жуда ҳам таъсирчан.

Демак, дунёни ташвишга солаётган қурғоқчилик ва саҳроланиш муаммоси бизнинг республикамизни ҳам четлаб ўтаётгани йўқ. Натижада минглаб гектар ер шўрланиш, чўлланишга юз тутмоқда. Минглаб гектар яйловларнинг келажаги хавф остида қолмоқда. Чўлланишга қарши курашнинг асосий йўналиши сифатида деградацияга учрамаган ҳамда бу жараён энди бошланаётган ерларда, ушбу муаммонинг олдини олишга эътиборни қаратиш лозимлиги уқтирилаётир.

Чўл ва яримчўл ҳудудларида яшовчи аҳолининг асосий даромад манбаи чорвачилик ҳисобланади. Аммо чорванинг яйловларда тартибсиз боқилиши натижасида ушбу ҳудудларда ўсимликларнинг камайиб, баъзан эса буткул йўқолиб кетишига сабаб бўлмоқда.
Президентимизнинг қарорида яйловлардан оқилона фойдаланиш тизимига алоҳида эътибор қаратилаяпти.

Унда чўл ва яримчўлларга мослашган ўсимлик турларини аниқлаш, уларни кўпайтириш чораларини кўриш, аҳоли фаровонлигини ошириш, аҳолининг яйловга таъсирини камайтириш орқали экотизимни яхшилаш кўзда тутилган. Бухоро чўл яйлов озуқабоп ўсимликлар уруғчилиги илмий-ишлаб чиқариш марказига юклатилган вазифаларда бу ўзининг ёрқин ифодасини топган.

Чорвадорлар билан суҳбатлашсангиз, яйловларни асрашнинг яна бир омилини англайсиз. Моҳият шундаки, чорвачилик ҳудудлари узоқда жойлашган. Бу эса, ўз навбатида, электр, газ, ёқилғи таъминотини чеклайди. Маҳаллий аҳоли эҳтиёж учун чўл буталарини кесишга мажбур. Бу эса таъминотни яхшилаш масаласини юзага чиқаради. Бунинг энг мақбул йўли, дейишмоқда мутахассислар, муқобил манбалар — шамол, қуёш, сув энергияларидан фойдаланишни йўлга қўйишдир. Қарорда бу йўналишда ҳам имтиёзлар берилиши соҳанинг жадал ривожланишига хизмат қилади.

Қўй — қут-барака рамзи, фаровонлик манбаи. Эътибор қилган бўлсангиз, қўй йилда бир марта қўзилайди, тинимсиз сўйилади. Таомномамизда доимо гўшт бўлади. Лекин уларнинг сони ҳеч камайиб кетмайди. Яна бир далил шундаки, соҳага эътиборсиз қаралган ўтган даврда ҳам уларнинг бош сони қарийб 2 баравар кўпайибди.
Мамлакатимизда шундай баракали соҳага қаратилаётган эътибор яқин истиқболда унинг ривожини янги босқичга олиб чиқиши муқаррардир.
Намоз БОТИРОВ.
 


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар