Суғурта компаниялари хизматларидан аҳоли розими?

17:50 26 Апрель 2018 Иқтисодиёт
764 0
Фото: eraprava.by

Суғурта хизматларига нисбатан аҳолининг ишончсизлик ҳисси ҳамон сақланиб турибди. “Компаниялар сифатли хизмат кўрсатмайди, етказилган моддий зарар ўз вақтида тўланмайди”, дея тафаккур қилади кўпчилик. 

Аслида ҳам шундайми? Етказилган зарарни қоплаш ишлари қандай ҳал этилмоқда?

“Ўзагросуғурта” акциядорлик жамияти томонидан ташкил этилган анжуманда шу каби саволларга батафсил жавоблар берилди. 

Мазкур суғурта компанияси суғурта бозорининг фаол иштирокчиларидан биридир. Йигирма бир йилдан буён аҳоли, айниқса, қишлоқ хўжалиги тармоғида суғурта хизматларини кўрсатиб келмоқда. 
— Суғурта ташкилотлари ўз зиммасидаги мажбуриятларини тўлиқ бажариб келмоқда, — дейди “Ўзагросуғурта” акциядорлик жамияти бош менежери Мақсуд Носиров. — Мисол учун, бизнинг жамият томонидан суғурта даъволарини кўриб чиқиш ва мижозларга етказилган зарарни тез муддатда тўлаш чоралари кўрилади. Биргина ўтган йили 96,7 миллиард сўмлик суғурта тўловлари амалга оширилди. 

Маълумотларга кўра, айнан қишлоқ хўжалиги тармоғида, асосан, пахта ва ғалла етиштириш даврида юзага келган турли кўринишдаги зарарларни қоплаш учун 74 миллиард сўм маблағ ажратилган. Хусусан, Сурхондарё вилоятидаги 2200 дан ортиқ фермер хўжаликларига қарийб 39 миллиард сўмлик, Наманган вилоятилик фермерларга 10 миллиард сўмлик моддий зарарлар қоплаб берилди. 

Тизимда инновацион лойиҳалардан самарали фойдаланган ҳолда, “Суғурта хизматларини сотиш”, “OwnCloud — Булут портали”, “CRM BPM Online”, “Pegas”, “Kerio connect” каби онлайн дастурлари татбиқ этилган. Келгусида янги интерактив хизматларни янада кўпайтириш, яъни “Ўзагросуғурта” АЖ фаолияти ва хизматлари ҳақида тўлиқ маълумот берувчи сенсорли ахборот инфокиоскларни, ахборот хавфсизлигини таъминлаш ва маълумотларнинг ноқонуний чиқиб кетишининг олдини олиш мақсадида DLP тизимини жорий этиш кўзда тутилган. 

Раҳим ШЕРҚУЛОВ,
“Халқ сўзи” мухбири.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар