Судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш, судьялар ва судлар аппарати ходимларини қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида

11:48 08 Январь 2019 Ҳужжатлар
466 0

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

Ўтган даврда мамлакатнинг суд-ҳуқуқ соҳасида чинакам мустақил суд ҳокимиятини шакллантириш ва унинг нуфузини ошириш, судлар фаолиятида одил судловни амалга ошириш бўйича қонунийликни таъминлашга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилди.

Шу билан бирга, суд-ҳуқуқ соҳасида кадрлар тайёрлашнинг амалдаги тизими таҳлили профессионал ва етук судьялик корпусини шакллантириш учун зарур юқори стандартларни жорий этишга салбий таъсир кўрсатаётган қатор муаммолар мавжудлигини кўрсатди, хусусан:

биринчидан, судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлашнинг амалдаги тартиби самараси паст бўлиб, кўп ресурс сарфлашни талаб этади, бу суд кадрларининг малакали захирасини шакллантиришга салбий таъсир кўрсатмоқда;

иккинчидан, судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш, судьялар ва судлар аппарати ходимларини қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини оширишнинг амалдаги ўқув режалари ва дастурлари, шунингдек, бу борадаги ишларни ташкил этишга доир ёндашувлар ўқув жараёнининг ҳуқуқни қўллаш амалиёти билан боғлиқлигини лозим даражада таъминламаяпти ва замонавий талабларга жавоб бермаяпти;

учинчидан, судьяликка номзодларнинг стажировкасини уларни асосий иш жойидан ажралмаган ҳолда ташкил этишнинг самарасиз тизими улар томонидан зарур амалий кўникмаларни эгаллашни рағбатлантирмаяпти;

тўртинчидан, эскирган ўқув-услубий база ва илмий-тадқиқот фаолияти ҳамда ўқув жараёнининг ҳуқуқни қўллаш амалиёти билан узвий боғлиқ эмаслиги тингловчиларда қарорлар қабул қилишда ижодий ёндашувсиз “қолипли фикрлаш”нинг шаклланишига олиб келмоқда.

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни ҳисобга олган ҳолда судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш, судьялар ва судлар аппарати ходимларини қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида:

1. Қуйидагилар судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш, судьялар ва судлар аппарати ходимларини қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш тизимининг асосий вазифалари этиб белгилансин:

судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш, судьялар ва судлар аппарати ходимларини қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини оширишнинг ягона тизимини ташкил этиш;

судьялик лавозимларига номзодларда назарий билимлар, касбий этика, психология, ишчанлик мулоқоти ва вақтни бошқариш кўникмалари, музокаралар олиб бориш тактикаси, ахборот билан ишлаш технологияси, ҳуқуқ нормаларига шарҳ бериш ва қўллашни ривожлантириш;

судьялик лавозимларига номзодлар стажировка ўташининг сифат жиҳатдан янги тизимини ташкил этиш, шу жумладан, илмий-тадқиқот фаолияти ва ўқув жараёни билан узвий боғлиқлигини таъминлаш;

иш юритиш ва танқидий таҳлил қилиш, инновацион педагогик ва ахборот-коммуникация технологиялардан фойдаланган ҳолда асосланган қарорлар қабул қилиш кўникмаларини ривожлантирадиган интерфаол ўқитиш услубларини таълим жараёнига жорий этиш;

судьялик лавозимларига номзодларни қонунчиликдаги долзарб янгиликлар, мамлакатимиз ва хориждаги ҳуқуқни қўллаш амалиёти ҳамда норма ижодкорлиги фаолияти ҳолати ва тенденциялари билан таништириш.

2. 2019 йил 10 январдан бошлаб қуйидаги тартиб жорий этилсин:

судьялик фаолиятини амалга ошириш ва судлар ишини ташкил этиш, касбий этика, ишчанлик мулоқоти ва вақтни бошқариш кўникмаларини ўқитишга, суд кадрларининг илмий-таҳлилий ва креатив салоҳиятини шакллантиришга қаратилган, грант асосидасудьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш курсларида бир йиллик магистратура таълим дастури бўйича амалга ошириладиган судьялик лавозимларини эгаллаш учун юқори малакали кадрларни тайёрлаш;

касбий билимларни чуқурлаштириш ва суд маъмуриятчилигини юритиш кўникмаларини эгаллашга, шунингдек, иш ва бошқарувни ташкил этишнинг инновацион шакл ва услубларини ўзлаштиришга қаратилган, давомийлиги икки ой бўлган, раҳбарлик лавозимларини эгаллаш учун захирада бўлгансудьяларни қайта тайёрлаш;

қонунчиликдаги янгиликларнинг мазмун ва моҳиятини етказишга, касбий, жумладан, ҳуқуқ нормаларини шарҳлаш ва қўллаш масалаларига доир кўникма ва қобилиятларни такомиллаштиришга қаратилган, давомийлиги икки ҳафтадан кам бўлмаган, судьялар ва судлар аппарати ходимлари малакасини ошириш.

3. Белгилаб қўйилсинки:

судьялик лавозимларига номзодларни қабул қилиш 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб фақат судьялик лавозими захирасида бўлган шахслар орасидан танлов асосида Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий суди билан биргаликда белгиланадиган квоталар бўйича амалга оширилади;

судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш курсларига қабул қилинган шахслар асосий иш жойи бўйича лавозимидан озод қилинади, бироқ уларнинг эгаллаган лавозими бутун ўқиш даври мобайнида сақланади;

судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш курслари тингловчиларига судья ёрдамчисининг бир ойлик меҳнатига ҳақ тўлаш фонди миқдорида стипендия тўланади; 

судьялар ва судлар аппарати ходимларининг малакасини ошириш Ўзбекистон Республикаси Олий судининг буюртмаси асосида амалга оширилади;

қайта тайёрлаш ва малака ошириш курслари тингловчиларига ўқиш давомида асосий иш жойи бўйича эгаллаб турган лавозими ва ўртача ойлик иш ҳақи сақланади.

4. Белгилаб қўйилсинки:

судьялик лавозимларига 2020 йил 1 сентябрдан бошлаб фақат судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш курсларида ўқишни муваффақиятли тамомлаган шахслар тайинланади;

судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш курсларида ўқиш дастурини бажармаган ёки таклиф этилган судьялик лавозимини эгаллашни рад этган тингловчилар ўқиш даврида олинган стипендия суммасини Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетига тўлиқ миқдорда қоплаб беради.

Судьяларни дастлабки муддатга тайинлашнинг амалдаги тартиби 2019/2020 ўқув йили тугагунга қадар сақлаб қолинсин.

5. Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши, Олий суди ва Адлия вазирлигининг:

Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Одил судлов муаммоларини ўрганиш тадқиқот маркази негизидаЎзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактаби (кейинги ўринларда – Олий мактаб)ни ташкил этиш;

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Юристлар малакасини ошириш марказининг 12 та штат бирлигини Олий мактабга ўтказиш ҳақидаги таклифлари маъқуллансин.

Белгилансинки, Олий мактаб судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш, судьялар ва судлар аппарати ходимларини қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини оширишни амалга оширувчи давлат таълим ва илмий-тадқиқот муассасаси ҳисобланади.

6. Белгилаб қўйилсинки:

Олий мактаб Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Одил судлов муаммоларини ўрганиш тадқиқот марказининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади;

Олий мактабга Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши раисининг тақдимномасига асосан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган директор раҳбарлик қилади;

Олий мактаб директори меҳнатга ҳақ тўлаш, моддий рағбатлантириш, тиббий ва транспорт таъминоти шарт-шароитлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг биринчи ўринбосарига, Олий мактаб директорининг ўринбосарлари – Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг ўринбосарига тенглаштирилади;

Олий мактаб директори лавозими бўйича бир вақтнинг ўзида Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг жамоатчилик асосидаги аъзоси ҳисобланади;

Олий мактаб профессор-ўқитувчилар таркибига Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьялари учун, Олий мактабнинг бошқа ходимларига Ўзбекистон Республикаси Олий суди аппарати ходимлари учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантириш шартлари татбиқ этилади;

Олий мактабнинг махсус унвонлар ва мансаб даражаларига эга бўлган ходимларига Ўзбекистон Республикаси Олий суди учун белгиланган тартибда махсус унвонлар ва мансаб даражалари берилади, кўп йиллик хизматлари учун устамалар ва қўшимча тўловлар тўланади, ушбу шахсларнинг Олий мактабда ишлаган даври махсус унвонлар ва мансаб даражаларини олиш учун зарур бўлган иш стажига қўшилади;

Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши раисига Олий мактаб ходимларига махсус унвонлар ва мансаб даражалари бериш ҳуқуқи берилади;

Олий мактабда ишга жалб қилинган ва малака даражаларига эга бўлган судьялар ва уларга тенглаштирилган шахсларда судья мақоми, барча устамалар ва қўшимча тўловлар, имтиёзлар ҳамда тиббий таъминот шароитлари сақлаб қолинади;

судьялар ва уларга тенглаштирилган шахслар орасидан ишга қабул қилинган ходимларнинг Олий мактабда ишлаган вақти судьялик стажига қўшилади.

7. Қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактабининг устави 1-иловага мувофиқ;

Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактабининг профессор-ўқитувчилар таркиби ва бошқарув ходимлари чекланган сони 36 кишидан иборат тузилмаси 2-иловага мувофиқ;

Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактаби ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш разрядлари 3-иловага мувофиқ;

Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактабининг штат жадвали 4-иловага мувофиқ;

Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактабининг самарали фаолиятини таъминлаш ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича “Йўл харитаси” 5-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Олий мактаб директорига Олий мактабнинг тасдиқланган тузилмасига ходимлар белгиланган чекланган сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фонди доирасида ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилсин.

8. Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ва Олий суди зиммасига қонун ҳужжатларида назарда тутилган вазифаларни бажариш билан бир қаторда қуйидаги устувор масалаларда Олий мактабни ҳар томонлама ривожлантиришга кўмаклашиш юклансин:

судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш, судьялар ва судлар аппарати ходимларининг малакасини ошириш бўйича ўқув режаларини (дастурларини) ишлаб чиқиш, замонавий таълим технологияларини жорий этиш;

Олий мактаб тингловчилари стажировка ўташи учун зарур шароитларни яратиш;

илмий ишланмалар натижаларини қонун ижодкорлиги фаолияти ва ҳуқуқни қўллаш амалиётига жорий этиш;

судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш, судьялар ва судлар аппарати ходимларининг малакасини ошириш соҳасида халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиш ва ривожлантириш;

Олий мактаб фаолиятини таъминлаш ва ривожлантириш учун бюджетдан ташқари маблағлар, хайрия бадалларини жалб этиш.

9. Олий мактабда бюджет муассасалари ва ташкилотлари ходимларини моддий рағбатлантириш махсус жамғармаси билан бирга Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан Бошқарув, профессор-ўқитувчилар, илмий, ўқув-ёрдамчи, техник ва хизмат кўрсатувчи ходимларни моддий рағбатлантириш махсус жамғармаси (кейинги ўринларда – Махсус жамғарма) уларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш фондининг 50 фоизигача миқдорда ташкил этилсин.

Белгилаб қўйилсинки:

Махсус жамғарма маблағлари Олий мактаб директорининг қарорига кўра бошқарув, профессор-ўқитувчилар, илмий, ўқув-ёрдамчи, техник ва хизмат кўрсатувчи ходимларга тариф ставкасининг 100 фоизигача миқдорда ҳар ойлик устамалар белгилашга йўналтирилади;

Махсус жамғарма маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартиби, шунингдек, Олий мактаб ходимларига ҳар ойлик устамалар белгилаш мезонлари Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши билан келишилган ҳолда Олий мактаб кенгаши томонидан белгиланади.

10. Қуйидагилар Олий мактаб фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб белгилансин:

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари;

Олий мактаб томонидан шартнома асосида бажариладиган илмий-тадқиқот, ахборот-таҳлилий ишлар, таълим ва бошқа хизматлардан тушадиган тушумлар;

хорижий ва халқаро ташкилотларнинг грантлари;

жисмоний ва юридик шахсларнинг хайрия маблағлари;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

11. Олий мактабга судьялар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари, адвокатлар, илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасалари, вазирликлар, идоралар мутахассислари ва бошқа мутахассисларни ўриндошлик тартибда ёки меҳнатга соатбай ҳақ тўлаш шартларида педагогик фаолиятни амалга оширишга жалб этиш ҳуқуқи берилсин.

Жалб этиладиган мутахассисларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш миқдорлари Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши томонидан белгиланади.

12. Судьялар олий кенгаши ва Олий мактаб уч ой муддатда:

Олий мактабга қабул қилиш ва ўқитишни ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқласин, хусусан, унда тингловчиларнинг ахборот-коммуникация технологиялари ва чет тилларини билиш кўникмалари мавжудлиги зарурий талаб эканлиги назарда тутилсин;

судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш, судьялар ва судлар аппарати ходимларини қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш низомини, ўқув режалари ва дастурларини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;

Ўзбекистон Республикаси Олий суди билан биргаликда Олий мактабни ўқитишнинг замонавий шакл ва услубларини қўллаш кўникмаларига, амалий иш тажрибасига эга бўлган, биринчи навбатда, қайта ташкил этилаётган Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Одил судлов муаммоларини ўрганиш тадқиқот маркази ходимлари ва Адлия вазирлиги ҳузуридаги Юристлар малакасини ошириш маркази ўтказилган штат бирликларидаги ходимлар орасидан малакали кадрлар билан тўлдирсин.

13. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Олий мактаб ва Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг асослантирилган ҳисоб-китоблари бўйича 2019 йил учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети харажатлари параметрларига мазкур қарордан келиб чиқиб, тегишли ўзгартиришлар киритсин.

14. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига:

ўқитувчилар ва тингловчиларнинг етакчи хорижий таълим ва илмий муассасаларда малака ошириш курсларини ўтиши, стажировка ўташи ва ўқишида Олий мактабга кўмаклашсин;

Олий мактабнинг буюртмалари бўйича Олий мактабнинг ўқув ва илмий жараёнида иштирок этувчи хорижий мутахассислар, профессор-ўқитувчилар таркиби ва илмий ходимларга консуллик ва бошқа йиғимларни ундирмасдан кириш визалари белгиланган тартибда расмийлаштирилишини таъминласин.

15. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Олий мактабнинг буюртмалари бўйича Олий мактабнинг ўқув ва илмий жараёнида иштирок этувчи хорижий мутахассислар, профессор-ўқитувчилар таркиби ва илмий ходимларга давлат божи ундирмасдан белгиланган тартибда кўп марталик кириш визаларини расмийлаштириш ва уларнинг муддатини узайтириш, шунингдек, уларни вақтинчалик рўйхатга қўйиш ва вақтинчалик рўйхатда туриш муддатини узайтиришни таъминлаб борсин.

16. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда мазкур қарор ижросини таъминлаш бўйича Олий мактабнинг ўқув хоналари, кафедралари, ахборот-ресурс маркази ва бошқа биноларини замонавий ускуналар, алоқа ва телекоммуникация воситалари билан жиҳозлашни, шунингдек, Олий мактабни мамлакатимизда ва хорижда чоп этилган суд-ҳуқуқ масалаларига оид ўқув, илмий ва услубий адабиёт ва даврий нашрлар билан таъминлашни назарда тутадиган тегишли қарорни қабул қилсин.

17. Олий мактаб Тошкент шаҳар, Чилонзор тумани, Чўпонота кўчаси, 6-уйда жойлаштирилсин.

18. Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ўзгартирилаётган Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Одил судлов муаммоларини ўрганиш тадқиқот марказининг мулкини, жумладан, автотранспорт воситаларини Олий мактаб балансига беғараз ўтказсин.

19. Олий мактабга тўртта енгил автотранспорт воситаси ва битта автобусни сақлаш учун лимит белгилансин.

20. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 19 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Одил судлов муаммоларини ўрганиш тадқиқот маркази фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги ПҚ–2903-сон қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

21. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим қарорларига 6-иловага мувофиқ ўзгартишлар ва қўшимчалар киритилсин.

22. Ўзбекистон Республикаси Олий суди Судьялар олий кенгаши билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида таклифлар киритсин.

23. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Б.М.Мавлонов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти                                Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри, 2019 йил 6 январь


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019