Судлар фаолиятига қандай ўзгартиришлар киритилди?

16:11 12 Сентябр 2019 Жамият
165 0

Давлатимиз раҳбари “Баъзи давлат органларининг фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини имзолади. Мазкур ҳужжат парламент юқори палатасининг йигирма биринчи ялпи мажлисида маъқулланган эди.

Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг 12 та қонуни ҳамда 1 та кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Хусусан, “Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тўғрисида”ги Қонунга Қорақалпоғистон Республикаси, вилоят, туман ва шаҳар судларининг судьяларини тайинлаш ва лавозимидан озод қилиш масалаларини Кенгаш Ўзбекистон Республикаси Президенти билан дастлабки тарзда келишувсиз мустақил кўриб чиқишини назарда тутувчи ўзгартиш ва қўшимчалар киритилган.

Судьяларнинг чинакам мустақиллиги, Судьялик корпусини шакллантириш ва номзоднинг шахси тўғрисида ишончли маълумотлар тўплаш масаласида очиқ-ошкораликни таъминлашнинг қўшимча механизмлари жорий этилган. Жумладан:

* судьялар ва ўз фаолиятини доимий асосда амалга оширувчи Кенгаш аъзоларига нисбатан хизмат текширувлари ўтказиш;

* ўз фаолиятини доимий асосда олиб борувчи Кенгаш аъзоларини интизомий жавобгарликка тортиш тўғрисидаги масалани кўриб чиқиш;

* давлат органлари ва бошқа ташкилотлардан, қолаверса, мансабдор шахслар ҳамда фуқаролардан Кенгаш фаолияти билан боғлиқ зарур ахборот, ҳужжатлар ва бошқа материалларни сўраб олиш.

Бундан ташқари, “Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тўғрисида”ги Қонунга қоида қўшилган. Унга кўра, захирага киритилган судьялик лавозимига номзод Судьялар олий мактабида ўқишни муваффақиятли тамомлаганидан кейин бўш судьялик лавозимларини тўлдириш учун танловда иштирок этиш тўғрисида бевосита Кенгашга ариза бериш ҳуқуқига эга бўлади.

Судьялар хатоларининг олдини олиш, судьялар корпуси етарли амалий ва ҳаётий тажрибага эга юқори малакали юристлар орасидан шаклланишини таъминлаш мақсадида “Судлар тўғрисида”ги Қонунга судьялар учун ўттиз беш ёшдан кичик бўлмаган ёш цензини назарда тутувчи ўзгартиш киритилган.

Шу билан бирга, судьялик лавозимига биринчи марта тайинланадиган номзодлар захирасида турган шахслар Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактабида мажбурий тартибда ўқиши шартлиги белгиланган. Ўқиш даврида улар асосий иш жойи бўйича ўртача ойлик иш ҳақи сақланмаган ҳолда меҳнат мажбуриятларини бажаришдан озод этилади, бироқ ўқишнинг бутун даврида иш жойи (лавозими) сақланади.

Шунингдек, идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни имкон қадар камайтириш мақсадида “Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида”ги Қонунга ўзгартиш киритилган. Унга кўра, нодавлат нотижорат ташкилотларининг ўтказилиши режалаштирилаётган тадбирлари ҳақида хабардор қилиш тартиби Адлия вазирлиги томонидан, чет давлатлардан, халқаро ва чет эл ташкилотларидан, чет давлатларнинг фуқароларидан ёки уларнинг топшириғига биноан бошқа шахслардан пул маблағлари ва мол-мулк олишни рўйхатдан ўтказувчи орган билан келишиб олиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Мазкур Қонуннинг қабул қилиниши Судьялар олий кенгаши фаолиятида шаффофлик ва очиқликни таъминлаш, унинг асосий вазифаларини ўз вақтида бажарилиши, судьялик лавозимига номзодларни саралаш тизимини такомиллаштириш, судья бўлишга хоҳиши бўлган фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга, қолаверса, қонун ҳужжатларида мавжуд бўлган қарама-қаршилик ва бўшлиқларни бартараф этишга ёрдам беради.

Батир МАТМУРАТОВ,

Олий Мажлис Сенати
Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга
қарши курашиш қўмитаси раиси.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Муштарийлар учун ажойиб янгилик!

Юқоридаги суратда бунинг учун нима қилиш лозимлигини томоша қилишингиз мумкин.

02 Декабрь 2019