ССВ Нишондаги шов-шувли воқеа бўйича баёнот берди: ишга совуққонлик билан ёндашган масъул ходимлар вазифасидан озод этилди

09:42 14 Июнь 2019 Жамият
500 0

Ижтимоий тармоқларда Нишон туман тиббиёт бирлашмасига қарашли туғруққа тайёрлаш бўлимида аҳвол ачинарли экани, аёллар ва болалар шифохона йўлакларида ётиб даволанаётгани акс этган материал ва сурат тарқалди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ушбу ҳолат юзасидан қуйидагиларни маълум қилади, деб ёзмоқда вазирликнинг Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.

Бугунги кунда Нишон туманида истиқомат қилаётган қирқ минг нафардан зиёд фертил ёшдаги аёлларга ҳудудлардаги қишлоқ врачлик пунктлари ва қишлоқ оилавий поликлиникалари орқали тиббий-профилактика ёрдами кўрсатилмоқда. Туман тиббиёт бирлашмаси тизимида эса туғруқ мажмуаси, гинекология ва ҳомиладорлар патологияси бўлимларида замонавий шароитлар яратилган. Бундан ташқари, Толимаржон шифохонасида ҳам бу мақсадлар учун саккизта ўрин ажратилган.

— Вазият ўрганилганда, туман туғруқ бўлими, ҳомиладорлар патологияси ва гинекология бўлимларида йўлакда ётиб даволанаётган беморлар аниқланмади, — дейди Қашқадарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи биринчи ўринбосари Шавкат Амиров. — Бироқ, юқоридаги ҳолат бўйича ўтказилган суриштирувлар жараёнида ҳақиқатан ҳам 11 июнь куни беморлар бўлимдаги ўринларига жойлашгунига қадар ўзлари ва яқин қариндошлари ерга жой тўшаб ётиб олгани маълум бўлди.

Бундай жиддий камчиликка йўл қўйгани, ўз ишига совуққонлик билан қарагани ва бўлимда назоратни сусайтиргани учун туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғининг оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича ўринбосари М.Халилова, Туғруқ мажмуаси мудири вазифасини вақтинча бажарувчи Н.Сазанбаевалар вазифасидан озод этилди. Ҳомиладорлар патологияси бўлими врачи Б.Эсановага эса интизомий жазо қўлланилиб, ўртача иш ҳақининг ўттиз фоизи миқдорида жаримага тортилди.

Шифохонада қатъий назорат ўрнатмагани, бундай муаммоларнинг олдини олиш бўйича ўз вақтида зарур чора-тадбирларни кўрмагани учун туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Ё.Шоназаров огоҳлантирилди. Туман тиббиёт бирлашмаси тизимида келгусида бундай муаммолар келиб чиқмаслиги, аҳолига кўрсатилаётган тиббий ёрдамни замон талаблари даражасида ташкил этиш бўйича тегишли чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш юзасидан таклиф ва тавсиялар берилди.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019