Спортчилар Сардоба фожиасида жабр чеккан оилаларга инсонпарварлик ёрдами жўнатди

17:17 03 Май 2020 Жамият
541 0

Сирдарё вилоятидаги Сардоба сув омборида юз берган фалокат жафокаш халқимизни бир мақсад йўлида бирлаштирди. Бу фожиа Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ва тизимдаги барча ташкилотлар раҳбар ва ходимларини ҳам бефарқ қолдиргани йўқ.

2 май куни Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги тизимидаги ишчи-ходимлар, спортчилар ва тренерлар Сардоба фожиасида жабр кўрган оилаларга ёрдам акциясини бошлади.

Улар томонидан тўпланган буюмлар, озиқ-овқат маҳсулотлари, иссиқ кийим-кечаклар, гигиеник воситалар, кир ювиш машиналари, спорт кийимлари ва жиҳозларидан иборат “Саховат карвони” кечанинг ўзида Сирдарё вилоятига етказилди.

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги томонидан юборилган ҳомийлик кўмаги Гулистон олимпия захиралари мактаб-интернати ҳамда Сирдарё вилояти болалар-ўсмирлар футбол академияси (Футбол маҳорати мактаби) ётоқхоналарига вақтинчалик эвакуация қилинган юртдошларимизга берилди.

Шунингдек, бу ерга жойлаштирилган юртдошларимизнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш ҳамда уларни руҳий қўллаб-қувватлаш мақсадида стол тенниси, шахмат-шашка спорт турлари бўйича бир қатор мусобақалар ҳам ташкил этилмоқда.

Бугун ҳам Тошкент шаҳрида йиғилган рўзғор буюмлари, кийим-кечаклар, озиқ-овқат маҳсулотлари, бадиий китоблар, ўқув қуроллари ва бошқа турдаги маҳсулотлардан ташкил топган иккинчи “Саховат карвони” Сирдарё вилоятига жўнатилди.

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ахборот хизмати.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?