Спикер ўринбосари Сурхондарёдаги «Комфорт мебель сервис МЧЖ» фаолияти билан танишди

19:35 16 Сентябр 2020 Жамият
182 0

Сурхондарё вилоятидаги «Комфорт мебель сервис» МЧЖ 2020 йилда ўз фаолиятини бошлаган бўлиб, йилига 50 000 м2 мебель маҳсулотлари ишлаб чиқариш имконига эга. Айни чоғда корхонада 60-70 нафар ишчи-ходим меҳнат қилмоқда.

Эътиборлиси, эндиликда корхона ўз фаолият қувватини кенгайтириш эвазига яна 20 кишининг бандлигини таъминламоқчи. Тадбиркорлик субъекти 5 хил йўналишда фаолият олиб боради. Хусусан, стул, юмшоқ, корпусли ва декоратив мебеллар ишлаб чиқаради.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, OʼzLiDeP фракцияси раҳбари Актам Хаитов Сурхондарё вилоятига ташрифи чоғида ушбу корхона фаолияти билан танишди.

Спикер ўринбосари корхонада яратилган шароитлар билан яқиндан танишар экан, у ерда ишлаб чиқарилаётган ЛДСП, АКРИЛ, ШПОН, МДФ каби маҳсулотлар ва уларнинг сифатини кўздан кечирди. Суҳбат ва мулоқотлар давомида тадбиркорнинг муаммолари билан қизиқди.

— Ҳозирги оғир шароитда тадбиркорлар сонини кўпайтириш, одамларни ишбилармон қилиш энг муҳим вазифа, —​ деди А.Хаитов. —​ Шундай экан, ҳар бир раҳбар бу масалага алоҳида эътибор қаратган ҳолда, тадбиркорга шароит яратиб, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаши керак. Энг аввало, янги тадбиркорлик субъектларини ташкил қилиш орқали ишсиз фуқаролар бандлигини таъминлаш лозим.

Учрашув якунида корхона ишчи-ходимларининг 10 нафари партия сафига қабул қилиниб, «Комфорт мебель сервис МЧЖ» қошида OʼzLiDeP бошланғич партия ташкилоти тузилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?