Спикер ўринбосари Амударё туманида қандай объектлар фаолияти билан танишди?

13:27 07 Октябр 2020 Жамият
267 0

Ёшлар масаласи мамлакатимизда олиб борилаётган давлат сиёсатининг энг муҳим устувор йўналиши саналади. Бугунги кунда фақат юксак билимли, замонавий фикрлайдиган ёшларгина мамлакатнинг буюк келажагини таъминлаши мумкин.

Ватанимиз келажаги, халқимизнинг эртанги куни, мамлакатимизнинг жаҳон ҳамжамиятида муносиб обрў-эътиборга эга бўлиши эса ёшларнинг бугун қандай таълим-тарбия олиши, қандай инсон бўлиб ҳаётга кириб келишига боғлиқ. Зеро, буюк юнон олими Аристотел айтганидек, «Ватан тақдирини ёшлар тарбияси ҳал қилади».

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, OʼzLiDeP фракцияси раҳбари Актам Хаитов Қорақалпоғистон Республикасидаги ташрифини амударёлик ёшлар билан мулоқот қилишдан бошлади.

Учрашувда партия Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши вакиллари, туман ҳокими, халқ депутатлари туман кенгашидаги  OʼzLiDeP депутатлик гуруҳи аъзолари ҳамда «Ёшлар қаноти» фаоллари иштирок этди. 

Ўзаро мулоқотлар чоғида давлатимиз раҳбарининг БМТ Бош Ассамблеясининг етмиш бешинчи сессиясидаги нутқи чиндан ҳам тарихий воқеа бўлгани айтиб ўтилди.  

— Президентимиз БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида сўзлаган нутқида бошқа кўпгина муҳим масалалар қатори Ёшлар ҳуқуқлари бўйича халқаро конвенцияни қабул қилишга оид Ўзбекистон ташаббусига яна бир бор жаҳон ҳамжамиятининг эътиборини қаратди, — дейди Спикер ўринбосари А.Хаитов. — Негаки, униб-ўсиб келаётган ёш авлоднинг баркамол бўлиб вояга етиши, сифатли ва мукаммал таълим олишини таъминлаш ҳамиша устувор вазифа ҳисобланиб келган.

Суҳбат ва мулоқотлар давомида ёшларнинг фикр ва таклифлари тингланди. Хусусан, халқ ноиби Т.Юсупова «Темир дафтар»га киритилган аёлларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида туман аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази билан ҳамкорликда бепул ўқув курслар ташкил этиб, хотин-қизларга тикувчиликни сир-асрорларини ўргатиш таклифини билдирди.   

Спикер ўринбосари йиғилишда кўтарилган барча таклифларни қўллаб-қувватлаб, мутасаддиларга уларни ўз вақтида амалга ошириш бўйича зарур кўрсатмалар берди.

А.Хаитов тадбиркор таклифини қўллаб-қувватлади

Пандемия туфайли кўплаб фуқаролар даромад манбаидан узилиб, вақтинча ишсиз қолди. Шу боис туманда камбағалликни тугатиш мақсадида маҳаллабай, тумандаги секторбай ишчи гуруҳлар тузилиб, ҳар бир хонадоннинг яшаш шароити ўрганиб чиқиляпти. 

Хўш, бугун туманда аҳоли бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш бўйича қандай ишлар олиб борилмоқда? Пандемия сабабли юзага чиққан бу каби муаммолар бартараф этиляпти?

Халқ вакили, OʼzLiDeP фракцияси раҳбари А.Хаитов тумандаги учрашувлари доирасида шу масалалар билан бирга, кўплаб тадбиркорлик субъектлари, фермер хўжаликлари ва томорқа хизматлари  фаолияти билан танишди.   

Тумандаги «Тамара-текстиль» МЧЖнинг фаолият бошлаганига 2 йилдан ошди. Корхонада асосан аёллар ва болалар кийимлари, мактаб формалари, хотин-қизлар учун кўйлаклар ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқарилади.

Ишчи гуруҳ аъзолари корхона фаолияти билан танишар экан, тадбиркорнинг таклиф ва муаммолари, келгусидаги режалари билан қизиқди.

Юзма-юз мулоқотлар чоғида корхона раҳбари Тамара Юсупова фаолиятини янада кенгайтириш, янги иш ўринлари яратиш ҳаракатида юрганини айтди. А.Хаитов бу масалада қандай муаммолар бўлса, депутатлар уларни бартараф этишга тайёрлигини билдириб, маҳсулотларни хорижга экспорт қилиш бўйича зарур тавсиялар берди.

Асосий мақсад – озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш

 Амударё халқи миришкор, деҳқончиликнинг ҳадисини олган. Туман қишлоқ хўжалигига ихтисослашган бўлиб, ҳудудда асосан мева-сабзавот, полиз экинлари етиштирилади.

«Амударё томорқа хизмати кластери» МЧЖ томорқа ер эгалари, деҳқон ва фермер хўжаликларига хизмат кўрсатиш билан бирга, улар томонидан етиштирилган маҳсулотларни узоқ муддатда совутқичда сақлаб беради.

Спикер ўринбосари бошчилигидаги ишчи гуруҳ аъзоларининг учрашувлари мазкур жамиятда давом этди.

— Ҳозир бутун дунёда кечаётган пандемия ҳар бир давлатга ўзининг мавжуд ички ресурсларини кўриб чиқиб, фойдаланилмаган имкониятларини ишга солиши лозимлигини кўрсатди, — деди А.Хаитов. — Шу сабабли юртимизда томорқа ерларидан самарали фойдаланиш, «Томорқа хизмати» МЧЖ моддий-техника базасини мустаҳкамлашга катта эътибор қаратилмоқда. Масалан, ҳозирги кунда «Амударё томорқа хизмати кластери» МЧЖ негизида томорқа хизмати кластерини ташкил этиш ишлари жадал тусда олиб борилмоқда. Умумий қиймати 4,8 млрд сўмлик лойиҳа доирасида 15-17 минг хонадон қамраб олинади. Мақсад битта – деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларига ажратилган майдонлардан самарали фойдаланиш, қишлоқ аҳолисининг бандлиги ва турмуш даражасини ошириш.

Учрашувда тадбиркор келгусида ҳам режалари катта эканини, фаолиятини янада кенгайтириш мақсадида музлатгич ёнидан меваларни қуритиш цехлари, кўчат помидор етиштириш учун иссиқхона қурмоқчилигини қайд этди.

 Спикер ўринбосари бу ташаббусни тўлиқ қўллаб-қувватлаб, фаолиятини кенгайтиришда депутатлар ҳамда Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши кўмаклашишини маълум қилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?