Спикер ўринбосари 551 400 АҚШ долларлик маҳсулот экспорт қилган «Шеробод Агро Импекс» МЧЖга борди

19:28 19 Сентябр 2020 Жамият
504 0

Сўнгги йилларда мамлакатимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сифатини ва экспорт салоҳиятини оширишга бўлган ёндашув мутлақо ўзгарди. Зеро, озиқ-овқат хавфсизлиги мамлакат аҳолисини шу каби асосий маҳсулотлар билан ўзини ўзи, мустақил таъминлашга қодирлигини ифодалайди.

Шу боисдан, коронавирус пандемияси даврида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, аҳоли бандлиги ва даромадини оширишнинг муҳим манбаи бўлган томорқачиликни ривожлантириш, томорқа майдонларига бозорбоп экинлар экилишини ташкил қилишга алоҳида эътибор қаратилди. Иссиқхона ташкил этиб, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўймоқчи бўлган фуқароларга имтиёзли банк кредитлари ажратиб берилди.

Хўш, бугун фуқароларимиз бу имкониятлардан қандай фойдаланяпти? Томорқаларда етиштирилаётган маҳсулотлар ички бозорларга етказиб бериляптими?

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, ЎзЛиДеП фракцияси раҳбари А.Хаитов Сурхондарё вилоятидаги учрашувлари чоғида Шеробод туманидаги «Шеробод Агро Импекс» МЧЖда ҳам бўлиб, айни шу жиҳатларга алоҳида эътибор қаратди.

Ҳозирги кунда жамият томонидан 23 гектар ер майдонида томчилатиб суғориладиган иссиқхона барпо этилган бўлиб, бу ерда помидор ва булғор қалампири етиштирилмоқда. Қувонарлиси, гидропоника усулида қурилган иссиқхонада етиштирилаётган маҳсулотлар нафақат ички бозор, балки ташқи бозорга ҳам харидоргир. Хусусан, корхона томонидан жорий йилнинг ўзида 551 400 АҚШ долларлик полиз маҳсулотлари Россия давлатига экспорт қилинган.

А.Хаитов иссиқхона фаолияти билан яқиндан танишиб, бу ерда меҳнат қилаётган ишчилар билан мулоқот қилди.

–Озиқ-овқат хавфсизлиги бутун дунё мамлакатлари олдида турган энг долзарб вазифалардан бири ҳисобланади, – деди А.Хаитов.– Чунки айни пайтда озиқ-oвқaт мaҳcyлoтлapигa бўлгaн тaлaб oшяпти, aҳoли coни ўсиши асносида жoн бoшигa иcтeъмoл кўпаймоқда. Демак, ихчам ва самарадор бундай иссиқхоналарни бошқа ҳудудларда ҳам ташкил этиш, аҳолининг қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қондириш ва энг муҳими, янги иш ўринлари яратиш лозим.

Ғалвирни сувдан кўтарадиган вақт келди

Халқ вакили мазкур учрашуви давомида Шеробод туманидаги «Шаймон бобо» фермер хўжалиги пахта даласида ҳам бўлиб, мавсум иштирокчиларига яратилган шароитлар билан қизиқди.

Ўзаро мулоқотлар чоғида далаларда жавлон уриб меҳнат қилаётган теримчилар билан суҳбатлашиб, уларнинг ишига муваффақият тилади.

–Юртимизда жорий йилги пахта йиғим-терими мавсуми бошланди. Айни дамда олдимизда долзарб мавсумни уюшқоқлик билан ўтказиш, аҳолини кўнгилли равишда теримга жалб этишдек ўта масъулиятли вазифалар турибди, – деди А.Хаитов.– Донишманд халқимиз айтганидек, «Ғалвирни сувдан кўтарадиган вақт келди». Ишонаманки, машаққатли меҳнатлар эвазига етиштирилган бу йилги ҳосилни сизлар билан биргаликда ёғин-сочинли кунларга қолдирмай, тез ва соз йиғиштириб оламиз.

Учрашув давомида халқ вакили теримга жалб қилинадиган ҳашарчилар учун яратилган шарт-шароитлар билан танишиб, мавсумда меҳнат қилаётган теримчилар, фермер ва отряд раҳбарларига совға-саломлар улашди.

Музработ «Томорқа хизмати» МЧЖни қандай муаммо қийнаяпти?

Томорқа хўжалигида маҳсулот етиштиришни кластерлар асосида ташкил қилиш — бу қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш, қайта ишлаш, маҳсулот сотиш, таъминот ва кредитлаш соҳаларини қамраб олувчи кооперация орқали томорқа ер эгаларининг бирлашувидир.

Томорқа ер эгаларининг кластерларга бирлашиб ўз томорқаларидан фойдаланиши уларнинг меҳнати самарадорлигини бир неча маротаба оширишга имкон беради. 2018 йилдан бошлаб мамлакатимизда «Томорқа хизмати» МЧЖлар фаолияти йўлга қўйилди. Бугун эса «Томорқа хизмати» МЧЖлар негизида кластерлар ташкил этилиши орқали томорқа ер эгаларининг имкониятлари бирлашмоқда.

А.Хаитовнинг навбатдаги учрашуви Музработ туманидаги «Томорқа хизмати» МЧЖга қарашли 1-дала дўконида давом этди. Бу ерда жамият фаолияти билан танишиб, дала дўконидаги маҳсулотлар, уларнинг сифати, сотуви, экспорти билан боғлиқ ҳолатларни кўздан кечирди.

Учрашувда Музработ «Томорқа хизмати» МЧЖ раҳбари Олим Хуррамов АТБ «Микрокредит» банки Музработ туман филиалидан 17,5 млрд. сўм миқдорида кредит олиш учун ҳужжат топширганини, лекин кредит ажратилишида бироз муаммолар бўлаётганини айтди.

Спикери ўринбосари бу масала юзасидан мутасаддиларга тегишли кўрсатмалар бериб, муаммони имкон қадар тезроқ бартараф этиш кераклигини таъкидлади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?