Спикер: Ҳаракатлар стратегиясининг устувор йўналишлари БРМ билан ҳамоҳанг

12:03 22 Июль 2020 Сиёсат
1128 0

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Н.Исмоилов “Барқарор ривожланиш мақсадлари ва барқарор ижтимоий ривожланиш: COVID-19 асоратидан самарали тикланиш” мавзуида халқаро форумида иштирок этди. У ўз сўзида таъкидлаганидек, «Барқарор ривожланиш мақсадлари – бу БМТнинг аъзо давлатларига нисбатан дунёнинг иқтисодий, ижтимоий ва экологик вазиятини ҳар томонлама яхшилашга қаратилган ўзига хос чақириғи бўлиб, у бутун инсониятнинг фаровон турмушини яхшилашга қаратилган ноёб ҳужжатдир. Унинг замирида энг эзгу ниятлар, инсоният фаровонлиги ва осуда ҳаёт қуриш мақсадлари мавжуд. Лекин афсуски, коронавирус пандемияси туфайли юзага келган вазият барча мамлакатларнинг барқарорлиги, аҳоли турмуш даражаси ва фаровонлигига жиддий путур етказмоқда».

Н. Исмоилов, шунингдек, Ўзбекистонни ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг устувор йўналишлари Барқарор ривожланиш мақсадлари билан тўла ҳамоҳанглигини, миллий «Йўл харитаси» сифатида эътироф этилган ушбу дастуриламал ҳужжатга мувофиқ, мамлакатда сўнгги йилларда барча соҳада кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилаётганлигини таъкидлади.

Қонунчилик палатаси Спикери Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш борасида парламент томонидан амалга оширилаётган ишлар, шунингдек, мамлакатимизда COVID–19 пандемиясининг ижтимоий-иқтисодий оқибатларини юмшатиш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида маълумотлар берди. Энг асосийси, ҳар қандай пандемия шароитида ҳам ижтимоий масалаларга эътибор сусайтирилмаётганлиги, аҳолининг ижтимоий ҳимоясини, айниқса, уларнинг меҳнат қилиш, соғлиғини сақлаш, таълим олиш ҳуқуқларини таъминлаш, бунда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро талаблар доирасида иш олиб борилаётганлигига эътибор қаратди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?