...сўзлашни қотирамиз, лекин Сўз мағзини чақиш аксар хаёлимизга келмайди 

17:44 21 Октябр 2019 Маданият
150 0

...Сўзни эшитамиз, сўзлашни қотирамиз, лекин Сўз мағзини чақиш аксар хаёлимизга келмайди. Нега шундай деймиз, дея ўзимизга савол бермаймиз. 

Бу синоат тўла олам бамисоли олисдаги юлдузлардек ноаён қолаверади.

Узум едим, “узум” дедим, билсам, токдан узиб едим, дегандек, ўз қўлим билан ишкомдан узум узатуриб, бу сўзнинг узмоқдан олингани хаёлимга келган эди. Ахир унган нарсани унум, ғуж ўсган мевани ғужум, жамият тузилишини тузум, чўғнинг қўридан қолган кулни қурум, деймиз. Оғизга солиб ютганимиз ютум, томоқдан қулт этиб ўтган сув қултум бўлганидек, ишкомдан узиб еганимиз узум бўлади-да, дея ўз содда кашфиётимдан суюнган эдим.

Курайдиган қуролимиз курак, ички аъзо ичак, гул тубида турадиган идиш тубак — биз уни тувак деймиз. Кафтни кафтга уриш — олқиш белгиси. Чиққан товуш чапилласа, чиққан товуш чапак, қарсилласа қарсак бўлади.  Буни англаш қийин эмас, лекин кўксимизда гурсиллаб урган юракни юрак дейиш тўғрими ёки урак? Юрак юрадими, урадими? Кўкрак-чи? Нега кўксимизни шундай атаймиз? Кўксим осмон, дегандек бу ном кўк, яъни осмон билан боғлиқми? Ундоқ десак, эмикдош маъносида келувчи кўкалдош сўзидаги кўк ўзаги нимани англатади? Қозоқлар акани кўка деб чақирадилар. Бу сўзларнинг кўкракка алоқаси йўқмикан?.. Бундай жумбоқлар юзлаб, минглаб сўзларимиз замирида ётибди. Улар бизни қийнаши, уйқу бермаслиги керак. Маҳмуд Кошғарий бобомизнинг китоби ёстиғимиз остида бўлмоғи керак.

Биз табаррук қадриятларимиз тикланаётган замонда яшамоқдамиз. Истиқлол йилларида она тилимиз ривожи учун сезиларли ишлар қилинди. Лекин кўп асрлик йўқотишни саноқли йилларда тиклаш мушкул экан.

Она тили умуммиллат мулкидир, демак, тил олдидаги масъулият ҳам умуммиллий. Мен ўзбекман, деган ҳар бир инсон ўзбек тили учун қайғурмоғи керак. Унутилган сўзларни тиклаш, борини бойитиб бориш, хорижий атамаларга муносиб истилоҳлар топиш ёлғиз тилшуносларнинг эмас, миллатнинг ишидир.

Эркин ВОҲИДОВнинг 

«Сўз латофати» китобидан.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019