Сўз ва матн уйғунлиги

09:34 13 Октябр 2020 Жамият
145 0

Фото: Спутник

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75-сессиясидаги Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ўзбек тилида сўзлаган нутқи ўзбек халқи учун ҳам мазмунан, ҳам маънан фахр-ифтихор бағишлади. 

Чинакам янги давр бошланди

Зеро, таниқли олим Низомиддин Маҳмудов таъкидлаганидек, "Бугун ўзбек тилининг мамлакатимизда давлат тили сифатидаги ривожини таъминлаш борасида ҳам чинакам янги давр бошланди. Давлатимиз раҳбари 2019 йил 21 октябрда "Давлат тили ҳақида"ги Қонун қабул қилинганининг ўттиз йиллигига бағишлаб ўтказилган тантанали байрам тадбирида сўзлаган тарихий нутқида жуда катта ифтихор билан шундай деганди: "Ҳозирги вақтда ўзбек тилида сўзлашувчилар сони жаҳон миқёсида 50 миллион кишига яқинлашиб қолди. Бу она тилимизнинг дунёдаги йирик тиллардан бирига айланиб бораётганидан далолат беради". Президентимиз ана шундай йирик тиллардан бири бўлмиш ўзбек тилининг ўтган йиллар давомида давлат тили сифатидаги ривожи жараёнларини таҳлил қилиб, бу жараёнларга жадал суръат ва сифат бахш этишга қаратилган тадбирларнинг тамоман янги тарҳини чизиб берди. Бу тарҳнинг мақсад-муддаоси мазкур нутқда лўнда қилиб шундай ифодаланди: "Мухтасар айтганда, ҳар биримиз давлат тилига бўлган эътиборни мустақилликка бўлган эътибор деб, давлат тилига эҳтиром ва садоқатни она Ватанга эҳтиром ва садоқат деб билишимиз, шундай қарашни ҳаётимиз қоидасига айлантиришимиз лозим".

Матн ва замонавий сиёсий ҳаёт учун муҳим масалалар уйғунлиги

Бизга маълумки, 75-юбилей сессия Бирлашган Миллатлар Ташкилоти тарихида биринчи марта бутунлай янги форматда — коронавирус пандемияси туфайли онлайн мулоқот режимида бўлиб ўтди. Бу ҳолат ўз ўрнида сўз ва унинг кучи нақадар буюк эканига нафақат миллатимиз вакиллари, балки дунёнинг бошқа мамлакатлари лидерлари ва халқлари ҳам гувоҳ бўлди. 

Сиёсий матнда кўтарилган мавзулар, муаммолар замонавий сиёсий ҳаёт учун муҳим ҳисобланади. Сиёсий матннинг умумийлиги эса шароитдан келиб чиқади. Агар сиёсий аудитория сиёсий жараённинг асосий субъекти деб ҳисобланса, матн ҳам сиёсий аҳамият касб этади. Чунки, одатда, сиёсий матн зиммасига стратегик ва тактик вазифалар юклатилади. Ҳар қандай сиёсий матн, стратегик режа, мавжуд ҳокимият кучини ўзгартириш ёки уни қўллаб-қувватлашга қаратилган бўлади.

Оптималлашган маълумот сандиғи

Келинг шу ўринда «Сиёсий имижли медиаматн» тушунчасига алоҳида тўхталиб ўтсак. Маълумки, ушбу термин ўз ичига реклама матнларини қамраб олади. Бундай матнларда ҳар доим сиёсий фаолиятга оид танланган ва оптималлашган маълумот сақланган бўлади. Шунингдек, сиёсий хабарларда танлов кампанияси ёки сиёсий лидерлар фаолияти, халқ депутати ва бошқалар ҳақида маълумот берилади. Демократик сайловлар жараёнида айнан сиёсий партиялардан кўрсатилган номзодлар имижини сайлов участкаларида халққа таништиришда рекламаларнинг ўрни ва аҳамияти катта. Зеро, рекламада номзоднинг сиёсий имижи ҳар томонлама ўз ифодасини топган бўлиши лозим. Унда номзоднинг касби, меҳнат фаолияти, амалга оширган ишлари, эришган ютуқлари, мукофотларига оид маълумотлар қамраб олинади.

Сиёсий хабарлар нималарда намоён бўлади?

Бизнингча, сиёсий хабарлар юқори матн (матн денотанти – номзод, партия, сиёсий лидер бўлиб ҳаракатланувчи) сифатида қуйидагича намоён бўлади: ОАВнинг сайлов кампаниясида иштирок этиш учун аниқ муддат бериши, тўғридан-тўғри тарғиботнинг мавжуд эмаслиги, сиёсий раҳбарлар ҳақидаги халқаро фикрларнинг пайдо бўлиши, сайлов кампаниясининг бошланишига қадар бўлган жараёнлар ва ҳоказо. Бундан ташқари, мурожаат қилувчи ва мурожаат қилинувчилар аниқ бўлса, сиёсий хабарларнинг коммуникатив доираси кенгаяди. Оқибатда, халқ нафақат турли сиёсий воқеликларни тасаввур қилади, балки улар ўртасида соғлом рақобат шаклланади. Шу тариқа, сиёсий хабарлар юқори матн бўлиб, ўзида фикрлар бирлигини ифода этади. Сиёсий матнлар чегараланган, мазмунан уйғун ҳолда намоён бўлади.

Фаолиятни баҳолаш мезонлари

Бирон-бир партиянинг фаолиятини баҳолаш, алоҳида сиёсий етакчини аниқ бир сиёсий вазият ё ҳолатга нисбатан нуқтаи-назари ва уни ечиш йўлларини аниқлаш орқали сиёсий элитанинг муносабатини белгилаш мумкин бўлади. Бунда мақсадни белгиловчи шахс буюртмачи ҳисобланади. Унинг олдига қўйган вазифалари аниқ масала юзасидан келажак фаолиятининг мақсадини белгилайди. Таҳлил, белгилаб олинган масалалар манфаатдор бўлган муассасаларнинг эътиборига ҳавола қилинади.

Тил нафақат алоқа воситаси, балки...

Хулоса қилиб айтганда, сиёсий тил кишилар ўртасида фақат алоқа воситасигина бўлиб қолмай, сиёсий вазифани бажаради. Яъни, ижтимоий-сиёсий ҳаётда юз бераётган ҳар қандай ҳодиса, қайси даврда бўлишидан қатъи назар, сиёсий ғоялар келажак авлодларга тил орқали етказилади. Сиёсий тил давр руҳини акс эттиришда, сиёсатчилар тилини индивидуаллаштиришда, уларнинг руҳий кечинмаларини беришда, маънавий даражасини кўрсатишда муҳим аҳамият касб этади.

Мохира Эшанова,
Тошкент давлат юридик университетининг
Ихтисослаштирилган филиали Умумтаълим фанлар кафедраси катта ў
қитувчиси

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?