Сўнгги хат

23:49 15 Апрель 2020 Lifestyle
352 0

Архив фото

Обдан қариб майиздек бўлиб қолган кампир йиғма креслода мизғиб ўтирар, ухлаяптими, ўйғоқми, билиб бўлмасди. Ногоҳ хона сукунатини бомбаларнинг портлаши-ю автоматларнинг шақиллаган овози бузди. Момо туйқис сергакланди. Ва шоша-пиша набирасини чақирди:

— Ойниса, қайдасан?

Бир зумда ўн тўрт ёшлардаги қиз пайдо бўлди ва кампирни туришига кўмаклашиб, сўнгра креслони “оинаи жаҳон” қаршисига жуда яқин келтириб берди. Апил-тапил кўзойнагини ҳам тақиб қўйди. Ва бутун диққатини экрангаф қаратган бувисининг кўзларидаги интиқ нигоҳида яна ўша, узоқ йиллардан буён муқим ўрнашиб қолган илҳақликни кўрди.

— Бувижон, кўзойнакда ҳам кўролмайсиз-ку барибир, кейин... телевизорга яқин ўтириш зиён дейишади.

— Майли, кўрмасам-да, овозидан танийман. Билиб бўладими, у ҳам гапириб қолса, эшитмай ғафлатда қолмай, тағин.

— Бувижон! Ахир, бу ки-нооо! Ундаги ролларни актёрлар ўйнаган...

Кампир ўзи ҳам билса-да, фарзандлари, келинларидан-да кўп эшитган бу гапларга парво қилмайди. Уруш киноларини кўраверади.

Фильм узоқ давом этди. Онахоннинг бу сафар ҳам хафсаласи пир бўлди. Кутгани рўй бермади. Мана неча ўн йилдирки, шу ҳол: ҳалок бўлганлиги тўғрисида “қорахат” олган бўлса-да, ўғлини телевизордаги кинолардан қидиришни канда қилмайди.

...Момо фарзандини охирги марта 1941 йилнинг ёзида кўрган эди. Вокзалда. Аммо жигарбандини қўл силкитиб кузатолмади. Негаки, ҳарбийлар “Эртага жўнаб кетамиз. Йўлимиз узоқ, сизлар егуликлар, майиз, туршаклар олиб келинглар”, дея барчани уй-уйларига қайтариб юборишди. Бироқ, тонг отганда боришса, улар йўқ эди. Ўғли ва у билан фронтга отланган йигитлар аллақачон, тунги соат иккиларда жўнаб кетишибди. Кейин билса, йиғи-сиғи қилишмасин деб, бу оналарни фарзандларидан узоқлаштириш “тадбири”экан.

Фронтдаги ўғлидан икки йил давомида тўхтовсиз хат келиб турди. Сўнггиси эса... Аммо ая бу хабарга асло, сира ҳам ишонмади. Фарзандини муштоқ бўлиб кутишда давом этаверди.

Йиллар ўтиб, телевизор деган нарса пайдо бўлди. Ўшанда момонинг уйидан бир-икки эшик наридаги ўзига тўқ оила ана шундай матоҳи бор илк хонадон эди.

Почтачилар онахоннинг остонасидаги қутига газета ташлаб кетишарди. Шанба сонларининг сўнгги саҳифасида ойнаи жаҳоннинг келгуси ҳафталик дастурлари эълон қилинарди. Кампир газетани азбаройи ўқиш эмас, айнан теледастури учун олар ва ундаги уруш билан боғлиқ барча киноларни қизил қаламда белгилаб қўярди. Фильмларни кўришга эса ноқулай бўлса-да, ҳов ўша — телевизорли уйга тез-тез чиқиб турарди. Кўп ўтмай ўғли Арслон онасининг бу ташвишини енгил қилди. Рўзғорига ёрдам бўлар деган ниятда сигир олишга йиққан пулига телевизор сотиб олди. Энди волидаси кино бошланди дегунча, қилаётган ишини ҳам ташлаб телевизор олдига шошиларди.Йиллар ўтиб, набираси айтганидек, экран олдига яқин ўтирганиданми ё кексаликми кўзи деярлик кўрмай қолди. Аммо “Кўзим кўрмаса ҳам овозидан танийман-ку”, деган илинж билан умрининг охиригача намойиш қилинган киноларнинг биронтасини ҳам ўтказиб юбормади.

Йиллар ўтди.

Момо яшаган кулбада ўз қўли билан ўртасига “Зангори экран ” деган ёзув тикиб, ҳошиясини кашта билан безаган ёпинчиқли телевизор ундан эсдалик бўлиб қолди. Момонинг илҳақ нигоҳини ўзига васият қилиб олган каби кўзойнаги ҳам телевизор устида мунғайиб турибди. Уруш киноси ҳам тугамаган.

Аҳмадали ШЕРНАЗАРОВ.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?