Солиқ тизимининг икки муҳим бўғинига янги раҳбарлар тайинланди

17:15 11 Сентябр 2018 Иқтисодиёт
418 0

Пойтахтимизда ноқонуний товар айланмаларининг олдини олиш, банкдан ташқари пул муомаласини қисқартириш, бозорлар, савдо комплекслари ҳамда савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаларида солиқларни тўлашдан бўйин товлашни бартараф этиш, шунингдек, солиқ соҳасида ҳуқуқбузарликлар профилактикасини кучайтириш орқали маҳаллий бюджет тушумларини ошириш мақсадида Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармаси Солиқ соҳасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлими бошлиғи лавозимига Абдурахманов Музаффар Мирзарахимович тайинланди.

М.Абдурахманов 1988 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. Маълумоти олий, 2011 йилда Тошкент автомобиль йўллари институтини, 2016 йилда Тошкент Давлат иқтисодиёт университетини тамомлаган. Меҳнат фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясидан бошлаб, турли лавозимларда фаолият юритган. 2018 йилдан “Тошкент шаҳар Инвестициялар, инновациялар, туризмни ривожлантириш ва хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш бошқармаси” давлат унитар корхонасининг инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ва мониторинг қилиш бўлими бошлиғи лавозимида ишлаб келган.

Солиқ тизимидаги ислоҳотлар жараёнининг яна бир муҳим йўналиши бу – соҳа мутахассисларини тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, солиқ хизмати органларини малакали кадрлар билан таъминлашдир. Хусусан, Тошкент солиқ коллежини замонавий таълим муассасасига айлантириш бўйича ишлаб чиқилган концепцияга мувофиқ, яқин вақтлар ичида ушбу коллеж республикамиздаги замонавий таълим муассасалари қаторидан жой олиши режалаштирилган. Бу йўлда хорижий ва маҳаллий таълим муассасаларининг илғор тажрибасидан кенг фойдаланиш, шу жумладан,“International House Tashkent” халқаро академик лицейи билан ҳамкорликда замонавий ўқув моделини жорий этиш ва уни амалиёт билан уйғунлаштириш ҳамда пировардида таълим сифатини янги босқичга олиб чиқиш мақсад қилинган.

Шу боис InterHouse халқаро академик лицейида кадрлар тайёрлаш бўйича етарлича билим ва тажриба тўплаган Тиллаев Фирдавс Хасанович Тошкент солиқ коллежи директори этиб тайинланди.

Ф.Тиллаев 1988 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. Маълумоти олий, 2009 йилда Тошкент ирригация ва мелиорация институтини, 2018 йилда Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академиясини тамомлаган. У саноат тармоқларида турли лавозимларда фаолият олиб борган.

Сирасини айтганда, Давлат солиқ қўмитасида солиқ хизмати органларига малакали кадрларни адолатлилик ва шаффофлик тамойиллари асосида очиқ танлов орқали ишга қабул қилиш бўйича жорий этилган янгича тизим соҳани истиқболли кадрлар билан мустаҳкамлаш имконини бермоқда.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар