Солиқ тизими шакл-шамойили ҳам, мазмуни ҳам ўзгаради

10:30 27 Июнь 2018 Иқтисодиёт
1014 0
Фото: "Халқ сўзи"

Давлат ғазнасини тўлдиришни солиқларсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Чунки бозор тамойилларига асосланган иқтисодиётнинг негизини, Давлат бюджетининг даромад қисмини солиқ йиғимлари ташкил этади.

Мамлакат солиқ тизимининг барқарор фаолияти эса юрт ҳамда халқ фаровонлиги билан чамбарчас боғлиқдир.

Юртимиздаги солиқ тизимини ислоҳ қилиш борасида кўплаб чора-тадбирлар амалга оширилди. Аммо бугунги шиддатли давр ҳар қандай соҳага янгича ёндашувни, эски иш услубидан воз кечган ҳолда, самарали механизмни татбиқ этишни кун тартибига олиб чиқмоқда. Хусусан, давлат ғазнаси бутлигини таъминлашга масъул бўлган солиқ органларининг иш тутуми бугунги кун талабларга жавоб бермай қўйди.

Жойлардаги солиқ органларининг солиқ йиғувлари масаласига масъулиятсизлик билан ёндашуви соҳада талон-торожлик, коррупция, қинғир ишларга йўл очиб берди. Охир-оқибат бу тизимни тубдан қайта кўриб чиқиш ва такомиллаштириш лозимлигини кўрсатди.

Президентимизнинг “Давлат солиқ хизмати органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мавжуд муаммоларни бартараф қилиш баробарида, соҳани тубдан ислоҳ этиш, самарали тизимни ишга солишга туртки бериши, шубҳасиз. Боиси, қарорга биноан, солиқ тизимининг устувор вазифалари ҳамда функциялари, иш услуби ва ташкилий тузилмаси ҳам бутунлай ўзгарадиган бўлди. Мамлакат солиқ маъмурчилиги тизимини такомиллаштиришнинг муҳим йўналишлари белгилаб берилди.

— Эндиликда солиқ органлари солиқ тўловчиларнинг бизнес ҳамкори ҳамда маслаҳатчиси бўлиб, “Солиқ хизмати — инсофли солиқ тўловчиларнинг ишончли ҳамкори” тамойили асосида ишлайди, — дейди Давлат солиқ қўмитасининг бошқарма бошлиғи Холбўта Исматов. — Айнан ушбу мақсадларни тўла-тўкис амалга ошириш мақсадида, биринчи навбатда, 2019 йил 1 январдан бошлаб ҳар бир солиқ тўловчига “шахсий кабинет” очилади ва барча тадбиркорлик субъекти, юридик шахсларга солиқ хизматлари айни шу кабинет орқали кўрсатилади. Шунингдек, 2018 йил 1 октябрдан эътиборан солиқ тушумларининг назорати ҳам кучайтирилади. Яъни товар ёки реализациясидан тушумларни ҳамда ходимлар сонини камайтириб кўрсатиш солиқ тўлашдан бўйин товлаш сифатида малакаланадиган бўлди.

Ҳужжатга асосан, давлат солиқ хизмати органлари фаолияти самарадорлигини баҳолашнинг асосий мезонлари ҳам белгиланмоқда. Унга кўра, эндиликда солиқ идоралари фаолияти давлат солиқ хизмати органлари ишининг сифатини қониқарли баҳоловчи солиқ тўловчилар ва уларнинг ҳаракатлари устидан шикоятлар сони, камерал назорат натижасида ундирилган солиқлар ҳамда бошқа мажбурий тўловларнинг умумий суммаси, хронометраж ва кўздан кечириш натижалари бўйича аниқланган Давлат бюджети даромадларини ошириш захиралари суммаси ҳамда уларни ундириш даражаси, ҳисобланган солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар ундиришнинг тўлиқлиги, давлат солиқ хизмати органлари билан ўзаро муносабатларида “шахсий кабинет”дан фойдаланиш даражаси, электрон ҳисобварақ-фактураларни ҳисобга олиш ҳамда онлайн назорат-касса машиналарини қўллаётган солиқ тўловчиларни қамраб олиш даражаси каби қатор мезонлар асосида баҳоланади.

Бундан ташқари, солиқ органларининг ҳуқуқлари кенгайтирилмоқда. Хусусан, эндиликда юридик шахслар томонидан солиқларни тўлашдаги ҳисоботлар ўз вақтида тақдим этилмаганда, солиқ идораларига уларнинг ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатиб туриш, давлат улушлари бўйича дивидендларнинг ва давлат унитар корхоналарининг соф фойдасидан Давлат бюджетига ажратмаларнинг тўғри ҳисобланиши ҳамда ундирилишини таъминлаш, солиқ тўловидаги ахборотнинг ишончлилигини текшириш мақсадида жойига чиққан ҳолда, тематик ва экспресс-ўрганишлар ўтказиш, солиқ қарздорлигини жисмоний шахсларнинг пластик карталаридан ечиб олиш ҳуқуқлари берилмоқда.

Янгиликлардан яна бири шуки, Давлат солиқ қўмитасининг “Республика ахборот-маслаҳат маркази” ҳамда “Солиқ декларацияларини қайта ишлаш маркази” давлат унитар корхоналари тугатилиб, унинг негизида “Солиқ-сервис” давлат унитар корхонаси, шунингдек, Молия вазирлиги ҳузурида Солиқ тўловчилар ва давлат солиқ хизмати органлари ўртасидаги солиқ низоларини судгача ҳал қилиш кенгаши иш бошлайди. Қўмита таркибидаги Солиқ академияси эса Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги малака ошириш маркази сифатида қайта ташкил этилади.

Солиқ органлари ходимларининг меҳнатини муносиб рағбатлантириш масалалари ҳам эътибордан четда қолмаган. 2018 йил 1 августдан бошлаб маҳаллий бюджетларнинг даромад базасини кенгайтириш ҳамда коррупция ҳолатларининг олдини олиш мақсадида давлат солиқ хизмати органлари ходимларининг лавозим маошларига тариф коэффициенти 1,7 баравар оширилган миқдорда қўлланилади.

Қисқаси, мамлакатимиз солиқ тизимининг шаклу шамойили ва мазмуни тубдан ўзгаради. Энди солиқ органлари фақат солиқ йиғувчи эмас, балки солиқ тўловчига яқин кўмакчи сифатида ҳам фаолият олиб боради. Бу тамойил қўлланилишининг асосий мақсади — янги тизимни халқимиз ҳамда тадбиркорларга янада яқинлаштиришдан иборатдир.
Бош прокуратура ҳузуридаги Ахборот-таҳлил
мультимедиа маркази материаллари асосида
Р. ШЕРҚУЛОВ тайёрлади.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар