Солиқ органларининг 3132 нафар ходимига қўлланилган интизомий жазо чоралари бекор қилинди

09:51 15 Май 2018 Жамият
2024 0

Давлат солиқ қўмитаси раҳбарияти қўмита Ҳайъати аъзолари билан келишилган ҳолда, ходимларнинг ишга бўлган муносабатини ошириш, меҳнатига яраша рағбатлантириш ва уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида, фаолияти давомида йўл қўйган айрим камчиликлари учун берилган турли даражадаги интизомий жазо чораларининг барчасини бекор қилиш тўғрисида қарор қилди.

Унга асосан Давлат солиқ қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар давлат солиқ бошқармалари ҳамда туман (шаҳар) давлат солиқ инспекцияларида хизмат қилаётган 3132 нафар ходимларга нисбатан қўлланилган “Ҳайфсан”, ўртача ойлик иш ҳақининг 10 фоизидан 50 фоизигача бўлган жарима тарзидаги интизомий жазо чоралари муддатидан олдин бекор қилинди.

– Жиззах шаҳар давлат солиқ инспекцияси жисмоний шахслар солиқ маъмуриятчилиги бўлимида бугунги кунда 15 нафар участка давлат солиқ инспекторлари фаолият кўрсатиб келяпти. Уларнинг барчасида турли даражадаги интизомий жазо чоралари бор эди. Жазо чоралари натижасида ойлик иш ҳақига қўшимча ҳисобланадиган устамалар, мукофот пуллари берилмаётган эди.  Бу ўз навбатида ишчи ходимларнинг ишга бўлган муносабатининг салбий томонга ўзгаришига, ходим тўлиқ иш ҳақи олмаганидан кейин иш жараёнида қўшимча фаолият билан шуғулланишга ҳаракат қилишига сабаб бўлар эди. Бу иш унумдорлигига ҳам салбий таъсирини кўрсатмай қолмасди – дейди, Жиззах шаҳар давлат солиқ инспекцияси Жисмоний шахслар солиқ маъмуриятчилиги бўлими бошлиғи Фарҳод Бобомуродов.

Таъкидлаш керакки, ўзига боғлиқ бўлмаган вазифалардаги хатоликлар ёки огоҳлантириш ва танбеҳ бериш билан кифояланиш мумкин бўлган ҳолатларда ҳам ходимларга нисбатан интизомий жазо чоралари қўлланилиши ходимларнинг ишга, вазифасини бажаришга бўлган муносабатнинг салбий томонга ўзгаришига, жарима натижасида иш ҳақининг кескин камайиши эса ходимлар томонидан таъмагирлик ва бошқа коррупцион ҳолатларнинг келиб чиқишига сабаб бўлиши мумкин.

Жазо чораларининг бекор қилиниши қўпол хатоликларга йўл қўйган ходимлар тўғри хулоса чиқариб, вазифаларни виждонан бажаришлари, ноҳақ жазоланганлар учун адолатнинг қарор топиши эса ишга бўлган муносабатнинг ижобий томонга ўзгартириб, фаолият самарадорлигининг ортишида рағбатлантирувчи аҳамиятга эгадир. 

Шунингдек, эндиликда ходимлар зиммасига юклатилган вазифаларни виждонан бажармаган тақдирда уларга нисабатан интизомий жазо чораси қўллаш эмас, балки эгаллаб турган лавозимидан озод этилиши  ҳамда уларнинг ўрнига Ватанини севадиган ва унинг иқтисодий ривожига ўзининг  муносиб хиссасини қўшадиган ёш ходимлар билан тўлдирилиши тўғрисида огоҳлантирилди.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019