Солиқ концепцияси: у фуқарога, бизнесга, жамиятга нима беради?

18:36 01 Август 2018 Иқтисодиёт
758 0
Иллюстратив фото

2018 йил 29 июнь нафақат солиқ тизими, балки бутун мамлакат ҳаётида сўнгги йиллардаги энг муҳим воқеалардан бири бўлди. Айнан шу куни Президент Шавкат Мирзиёев “Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси тўғрисида”ги тарихий Фармонга имзо чекди. Ушбу ҳужжат оддий фуқаролар даромадида, иш билан банд бўлишига кўрсатадиган кучли таъсири орқали уларнинг турмуш тарзида бевосита акс этиши билан аҳамиятли. Қолаверса, кичик бизнесни республика иқтисодиётининг реал сектори учун том маънодаги таянчга айлантириб юбориши, давлат учун эса йиллар давомида эскирган ва мамлакат тараққиётига ҳар тарафдан тўғаноқ бўлаётган мураккаб ва оғир солиқ тизимини тубдан янгилаш сари йўл очиб бериши боис ҳам тарихийдир.

Бир йиллик меҳнат самараси, юзлаб баҳс-мунозаралар, маслаҳатлашувлар, ўрганиш ва тадқиқотлар натижаси бўлмиш ушбу ҳужжатнинг чиндан ҳам “бошқачароқ” эканлиги уни ишлаб чиқиш жараёнидаёқ маълум бўлган эди. Концепцияни тайёрлашга муҳим иқтисодий-молиявий органлар бир ёқадан бош чиқариб киришди. Ривожланган ва ривожланаётган мамлакатлардан машҳур экспертлар таклиф этилиб, муҳокамаларга бизнесда муваффақият қозонган бир қанча тадбиркорлар жалб қилинди. Кенг жамоатчилик ва тадбиркорлардан келиб тушган 800 га яқин таклиф ва мулоҳазалар, Facebook, Telegram сингари ижтимоий тармоқларда билдирилган минглаб фикрлар ўрганилди. Ва табиийки, буларнинг бари миллий солиқ сиёсатимиз мисли кўрилмаган ўзгаришлар даврига яқинлашаётганидан далолат берарди.

Эксперт фикри.

Иқтисодиёт вазирлиги бошқарма бошлиғи ўринбосари Давид ШАУЛОВ:

— Солиқ концепцияси Ягона интерактив давлат хизматлари порталида умумхалқ муҳокамасига қўйилгач, бутун мамлакатимиз бўйлаб қизғин муҳокамалар бўлиб ўтди. Ҳужжат бир неча ой давомида ТВ, радио, газеталарда, интернетда кенг муҳокама қилинди. Парламент қўмиталари ҳамда ҳукуматнинг солиқ тизимига алоқадор иқтисодиёт ва молия органлари томонидан жойларда махсус учрашувлар, баҳс-мунозаралар ташкил этилди. Лойиҳани ишлаб чиқиш, республика иқтисодиётидаги реал ҳолатни холис баҳолаш ва таҳлил қилишда иккита халқаро миссия фаол кўмаклашди. Булар — Халқаро валюта жамғармаси ва Жаҳон банки мутахассисларидир.

Халқ билан мулоқот, тадбиркорлар иштирокидаги мунозаралар чоғида олинган фикр ва таклифларнинг кўпчилигида, аввало, солиқ сиёсатининг барқарор бўлиши, ҳар йили кутилмаганда эълон қилинадиган турли қарорлар туфайли ўзгариб кетмайдиган, адолатли, тушунарли, энг муҳими, мувозанат сақланган солиқ тизимини шакллантириш масаласи кўтарилди.

Хўш, бу концепциянинг сизу биз, тадбиркорлар, савдогарлар ва ишлаб чиқарувчилар, давлат бюджети, умуман олганда, Ватан тараққиётида нечоғлик ўрни бор? Қандай ўзгаришлар юз бердики, ушбу ҳужжат “оламшумул ислоҳот” дея таърифланмоқда? Бу ислоҳотларни муваффақиятли рўёбга чиқариш ва кўзланган мақсадларга эришиш учун нималар қилмоғимиз керак? Келинг, шу саволларга жавоб излашга ҳаракат қилайлик.

Одамларнинг даромади

“Бу дунёда ақл бовар қилмайдиган энг қийин тушунча — солиқ шкаласидир” деган эди замонавий физика асосчиларидан бири Альберт Эйнштейн бундан бир аср аввал. Ҳа, айнан шундай. Мамлакатимизда жисмоний шахслар даромадига солинадиган солиқ тартиби мураккаблашиб, таъбир жоиз бўлса, ўша нисбийлик назариясини ишлаб чиққан олимнинг ҳам тафаккури етмайдиган шаклга келиб қолганди.

Маошингиз энг кам иш ҳақининг бир баравариданбеш бараваригача бўлса 7,5%, беш бараваридан ўн бараваригача оралиғида 16,5%, ундан юқори миқдорда ойлик олсангиз, 22,5% солиқ ушланар, бу солиқлар миқдорининг ўзи ҳам ўсиб борувчи шкала бўйича кишини чалкаштириб юборадиган даражада мураккаблашиб кетарди. Қўшимчасига, иш ҳақидан давлатдан ташқари пенсия жамғармаси учун 8 фоизлик мажбурий суғурта тўлови ундириларди.

Ҳозиргача амалда бўлган тартибга кўра, иш ҳақидан олинадиган солиқ юкининг каттагина қисми иш берувчилар — хусусий бизнес, кичик корхоналар, тадбиркорлар зиммасига ҳам тушади. Дейлик, ходимга ёзилган 1 миллион сўм ойликдан 300 — 450 минг сўмгача миқдорда солиқ олинади. Оқибатда, ҳаддан зиёд оғир солиқ юки иш берувчиларни янги иш ўринларини яратишдан ҳам, мавжуд ходимларга, ўзи истаганидек, катта миқдорда маош тўлашдан ҳам қайтармоқда. Улар бу тўловлардан қочиш мақсадида ойликни “конвертда”, нақд тўлаш, реал ходимлар сонини яшириш, ўз корхонасининг асосий фаолияти билан бевосита боғлиқ бўлмаган, хусусан, тозалаш, ахборот технологиялари, қўриқлаш, логистика, маркетинг сингари йўналишларни шартнома асосида аутсорсинг хизматларига бериб юбориш йўлига ўтдилар.

Аҳвол шу даражага етдики, 13 миллиондан зиёд меҳнатга яроқли аҳолиси бор республикамизда иш ҳақидан қонуний солиқ тўлайдиганлар сони 4,6 миллионни ташкил қилмоқда. Пул топиб, оила боқаётган, бироқ ҳеч қаерда расмий ишламаётган қолган миллионлаб юртдошларимиз эса ана шундай яширин иқтисодиёт соясида қолиб кетган. Улар касаба уюшмалари муҳофазасидан фойдаланолмайди, ипотека кредити ололмайди, келажакда пенсияга эга бўлмайди, меҳнат қонунчилигидаги имтиёзлар бу ходимларга дахл қилмайди. Энг ёмони, олинмаган солиқ кўринишида давлат бюджетига ҳам миллиардлаб сўм зарар етмоқда.

Янги солиқ концепциясига кўра, энди вазият тубдан ўзгарди: солиқ юки кескин камайтирилиб, содда, шаффоф, муҳими, иш берувчи учун ҳам, ишловчи учун ҳам бирдек адолатли ставка белгиланди.

Эксперт фикри.

Ахмаджон Суюнов, Давлат солиқ қўмитаси бошқарма бошлиғи:

— Янги солиқ концепциясида жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйча ягона — 12 фоизлик ставка белгиланди, ҳолбуки, жаҳон бўйича ушбу солиқнинг ўртача даражаси 20 фоизга тенг. Даромад солиғининг бундай соддалаштирилган тартиби иқтисодиёти ривожланаётган, кенг қамровли ислоҳотлар олиб борилаётган бизнинг каби давлатлар учун энг мақбул вариантдир. Биргина мисол, 2001 йили Россия солиқ тизимининг прогрессив шкала тартибидан соддалаштирилган даромад солиғи тартибига ўтиши бир йилдаёқ катта муваффақият келтирди ва меҳнат фондидан олинадиган солиқ базасини 50 фоизга оширди.

Яна бир жиҳат. Амалдаги кодексда солиқ ставкалари аниқ белгиланмагани сабабли қонуности ҳужжатлари орқали тартибсиз равишда амалга киритилган имтиёзларда чалкашликлар мавжуд. Шундай енгилликлар ёрдамида бир ходимнинг даромад солиғи баъзан 5 фоизгача камайса, ундан кам меҳнат қилмайдиган бошқа бир соҳа вакили 18-20 фоиз солиқ тўламоқда. Концепцияда белгилаб қўйилганидек, тамомила янгича мазмунда ишлаб чиқилаётган Солиқ кодексида ходимлар учун кўзда тутилган турли-туман, гоҳида бир-бирига зид имтиёзлар ҳам тартибга келтирилади.

Бизнеснинг манфаати

Энг кўп янгиликлар айнан хусусий тадбиркорлар, кичик бизнес фаолияти мисолида кўзга ташланадиган бўлди. Концепциядан кўзланган бош мақсад ҳам, аслида, бизнесга тушаётган солиқ юкини кескин камайтириш орқали мамлакатда ишлаб чиқариш ва инвестициявий муҳитни ривожлантириш, пировардида, давлатнинг солиқ базасини кенгайтиришдир. Бу ерда асосий урғу кичик ва йирик корхоналар учун бирдек адолатли солиқ тизимини яратиш, улар ўртасидаги номутаносибликни бартараф этишга қаратилади. Ҳозир бизда хусусий тадбиркорлар учун икки хил солиқ тартиби амал қилмоқда: солиқ тўлашнинг умумбелгиланган тартиби ва соддалаштирилган тартиб. Бироқ ўта баланд ставкалар ва мураккабликлар боис юртимизда фаолият кўрсатаётган 351 минг солиқ тўловчининг 2,7 фоизигина умумий, яъни кўпчиликка мўлжалланган солиқ тартибида ишлайди, 97 фоизи эса соддалаштирилган тартибда солиқ тўламоқда.

Сўнгги 10-15 йил мобайнида аслида, сартарошхона, дўконча, устахона сингари кичкина субъектлар учун мўлжалланган бу содда тартиб ўзига хос “имтиёз” кўринишини олиб, ўша 2,7 фоиз солиқ тўловчидан тушаётган маблағ қолган 97 фоиз корхоналар тўлаётган солиқдан икки ярим баравар кўпайиб кетди. Корхоналарнинг йириклашишга интилмаслиги, ҳисоб рақамида миллиардлаб маблағи бўла туриб, “микробизнес” шаклида юравериши ана шундай соғлом ақлга зид ҳолатни вужудга келтирди.

Энди, янги солиқ концепциясига биноан, хусусий корхоналарга аввалгидек ходимлар сонига қараб эмас, балки йиллик айланма маблағига асосан солиқ тартиби қўлланади. Яъни айланма маблағи 1 миллиард сўмдан паст субъектлар (бунга айнан юқорида айтиб ўтилган микробизнес вакиллари киради) ягона солиқ тўлаш тартибида қолади, унинг ставкаси эса 5 фоиздан 4 фоизга туширилади. Қолганлар умумий ўрнатилган тартибда солиқ тўлайди.

Концепцияда тадбиркорлик субъектлари учун кўплаб енгилликлар кўзда тутилмоқда. Уларнинг энг муҳимларини кўриб чиқсак:

Мажбурий тўловлар бекор қилинди. Хусусий корхоналарнинг йиллик айланма маблағидан 3,2 фоиз миқдорида давлат мақсадли фондларига ўтказиладиган мажбурий тўловлар тадбиркорлар гарданидаги жуда катта юк бўлиб турган эди. Чунки улар фойда қиладими-йўқми, йил охирига бориб катта суммага айланиб кетадиган ушбу солиқни тўлашга мажбур эдилар. Иқтисодиёт вазирлигининг таҳлилларига кўра, бу тўловлар тадбиркорлар даромадининг ўртача 20 фоизини “еб қўярди”.

Даромад солиғи пасайтирилди. Юридик шахслар учун ставка 14 дан 12 фоизга, тижорат банклари учун эса 22 дан 20 фоизга туширилди. Республика Молия вазирлиги берган маълумотларга қараганда, ушбу енгиллик тадбиркорлар ва банкларга 249 миллиард сўмни тежаш имконини беради. Умуман, 2019 йил 1 январдан кучга кирадиган янги ставкалар ҳисобига бизнес зиммасига тушаётган солиқ юки 5 триллион сўмдан зиёд миқдорда камаяди.

Дивидендлардан олинадиган солиқ 10 фоиздан 5 фоизга туширилиб, ушбу кўрсаткич бўйича Ўзбекистон жаҳондаги энг паст солиқ ставкага эга бўлган давлатлардан бирига айланди. Бу қарордан кўзланган мақсад тадбиркорларни бўш турган маблағларни омонатларга қўйишга рағбатлантириш, мамлакатда фонд бозорини ривожлантиришдир.

Мулк солиғи 5 фоиздан 2 фоизга туширилди. Бироқ, энди катта майдонларга эгалик қилиб, ундан фойдаланмаётган ёки кўп миқдорда сув ишлатувчи субъектлар ҳам ушбу солиқни тўлайдиган бўлди.

Тадбиркор фикри.

Нодирбек РАҲИМОВ, “Нодиршоҳ қурилиш” хусусий корхонаси раҳбари (Наманган вилояти):

— Янги концепция туфайли юз берадиган ўзгаришлар ичида ходимлар маошидан олинадиган солиқларнинг камайгани биз учун ҳақиқий совға бўлди, дея оламан. Корхонамиз қурилиш, таъмирлаш ишлари билан шуғулланади. Ҳозир вилоятимизда улкан ободончилик ишлари амалга оширилаётгани боис боғчалар, кўп қаватли уйларни таъмирлаш бўйича буюртмалар кўпайган. Турли ихтисосликдаги 28 нафар қурувчимиз бор. Аммо, йирик объектлардан буюртма бўлса, кучимиз етмай қолади, албатта. Қўшимча ходимни ишга олиш учун эса солиқлар юки баландлик қилади. Ўзингиз ўйланг, масалан, битта пайвандчини ёллаб, унга 1 миллион сўм маош тўлаш учун корхона ҳисоб-рақамидан камида 1 ярим миллион сўм пул чиқиб кетади. Пенсия жамғармаси, ягона ижтимоий тўлов, суғурта бадаллари деган нарсалар ишчиларни қизиқтирмайди — улар учун қўлига қанча тегиши муҳим.

Натижада биз йирик объектларда ишлаш учун бошқа фирмалар билан келишишга, баъзан эса бошни оғритмай, ойликни нақдда беришга мажбур бўлаётгандик. Энди амалга киритиладиган, енгиллаштирилган, муҳими, ҳисоб-китоби аниқ солиқ тартиби билан истаганча ходим ёллашимиз мумкин.

Зафар ҲОШИМОВ, korzinka.uz супермаркетлар тармоғи асосчиси:

— Янги тизимда санаб ўтиш мумкин бўлган ижобий жиҳатлар кўп ва улар биз — тадбиркорлар фаолиятида муҳим аҳамиятга эга. Жумладан, ягона ижтимоий тўловнинг кескин камайтирилиши, пенсия жамғармаси ва мақсадли жамғармаларга йиғимларнинг бекор қилинишини алоҳида таъкидлаган бўлардим. Бутун хусусий секторга ёйилган салбий ҳолат — ҳамманинг ягона солиқ тўловчи бўлишга интилишига чек қўйиш учун амалий чоралар кўрилганини асосий ютуқ деб биламан.

Қўшимча қиймат солиғи учун 20 фоиз ставка, фикримча, баланд. Яна бир фикр. Корхонанинг соф фойдасидан солиқ олиш ўрнига, фақат тақсимланган, яъни дивиденд қилиб олинаётган фойдадан солиқ олиш тўғри бўларди. Ҳозирги пайтда иқтисодиётимиздаги асосий муаммо инвестициялар, айниқса, ички сармоядорларнинг фаол эмаслигидир. Бундай шароитда солиқ сиёсати тадбиркорларни инвестиция ҳажмларини ошириш учун рағбатлантириши лозим. Фойда қайта инвестиция қилинадими-йўқми, бир хилда солиққа тортилиши корхона эгасининг даромадни “ечиб” олишга мойиллигини оширади. Бошқача қилиб айтганда, биз истеъмолни кўпроқ солиққа тортиб, инвестициявий фаолият, шу жумладан, фойдани қайтадан сармояга йўналтиришга имкони борича кўпроқ йўл очишимиз лозим.

Давлатнинг ишончи

Албатта, бу концепция мамлакатимизда солиқ ислоҳотларини бошлаш учун илк катта қадам. У мазкур ислоҳотларнинг бош йўналишларини белгилаб берувчи бир стратегия. Яъни у ҳали тугал, якуний ҳужжат эмас. Фармонда таъкидланганидек, тегишли идоралар, вазирликларнинг масъул шахсларидан иборат махсус комиссия ушбу ўзгаришлар жараёни ва натижаларини чуқур таҳлил қилиб боради, тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар юзасидан доимий таклифлар киритади. Концепцияда белгиланган йўналишлар асосида янги таҳрирдаги Солиқ кодексини ишлаб чиқади. Дарвоқе, Концепцияда давлат бюджети даромадларининг учдан бирини ташкил этувчи қўшимча қиймат солиғини, уни тўловчи база ортиб борар экан, босқичма-босқич пасайтириб бориш белгиланди. Ушбу солиқни ҳисоблаш ва текшириш тартиблари ҳам ахборот технологияларини жорий этган ҳолда тўлиқ электрон шаклга ўтказилиши мустаҳкамлаб қўйилди.

Давлат раҳбарияти биз бирма-бир кўриб чиққан енгилликларга жазм этар экан, аниқ мақсадларни кўзламоқда. Улар кўп, аммо айримларини яқин истиқболга мўлжалланган аниқ режа сифатида кўрсатиш мумкин:

  • Солиқ солиш тизимини соддалаштириш;
  • Хусусий бизнесга солиқ юкини пасайтириш орқали уларни соядан чиқариш;
  • Инвестициявий фаолликни ошириш;
  • Меҳнат фондидан олинаётган солиқларни кескин камайтириш билан “конвертда ойлик тўлаш” иллатига барҳам бериш;
  • Барча учун адолатли, шаффоф ва мутаносиб солиқ тизимини яратиш кабилар.

Бу мақсадларга эришиш учун солиқ тизимида улкан енгилликлар яратилди, ставкалар аввал ҳеч қачон бўлмаган даражада пасайтирилди. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, мамлакатимиз раҳбари ташаббуси билан ишлаб чиқилган ва шу йил 29 июнда имзоланган ушбу янги Концепция амалга киритилгач, давлат хусусий бизнес ва фуқаролар фойдасига 10 триллион сўмдан зиёд маблағдан воз кечмоқда.

Шубҳасиз, бунақаси ҳали бўлмаган! Даставвал эшитганда барча чўчиган, хорижий экспертлар эса ишонқирамаган сўнгги йиллардаги ўша машҳур йирик ташаббусларни эсланг. Портал ташкил этилиб, бутун халқ билан бевосита мулоқот ўрнатилиши беқарорлик келтириб чиқариши мумкин, деган гаплар бўлди. Амалда эса аксинча, аҳолининг давлатга нисбатан муносабати тубдан ўзгарди. Қўшнилар билан яқин алоқа ўрнатишнинг имкони йўқ дейилди. Аммо бир йиллик изчил дипломатия бутун минтақа учун ижобий жараёнларни бошлаб берган интеграциялашувга туртки бўлди. Конвертациянинг очилиши жуда хавфли эканлигини таъкидлашди. Лекин олтин-валюта захираларимиз бўшаб қолмади, ҳамма қўрққанидек, доллар нархи “учиб” кетмади, аксинча, сўмимиз қадри барқарор равишда ўсиб бормоқда. Республиканинг инвестициявий жозибадорлиги эса бир неча баробар кучайди.

Бизнинг хулоса

Мамлакат раҳбарияти биринчи қадамни қўйган экан, ушбу ислоҳотларга бош қўшиш навбати энди биз, фуқароларга келди. Бу шуни англатадики, ёшлар ўзининг инновацион ғоялари билан иқтисодиётга дадил кириб келиши, яратилаётган имкониятлар, имтиёзлар, енгилликлардан максимал даражада фойдаланиши; ота-оналар ўз фарзандларини изғиринларда қор кураш учун автобусларда олис юртларга ишлашга юбормасдан, уларнинг билимли бўлиб камолга етиши учун ҳаракат қилиши, ёшларни ҳар тарафлама қўллаб-қувватлаши; маҳалламизда оқаётган ариққа тиқилиб қолган пластик пакетлар тозаланиши учун “Обод қишлоқ” дастури бизгача етиб келишини кутмай, ўзимиз ҳам жонбозлик кўрсатишимиз; ходимларга ойлик тўлаш учун корпоратив пластик картадаги пулни 80 фоиздан нақдлаштириб, қонунни айланиб ўтиш ўрнига, тараққиёт баҳоси бўлган солиқларни виждонан тўлашга кўникишимиз; миллиардлаб маблағлар, кечаю кундуз қилинган меҳнат натижаси бўлмиш электр энергиясини, табиий газни, сувни ўғирламасликка, уни тежашга ўрганишимиз керак. Булар айни пайтда биз қилишимиз мумкин ва лозим бўлган ишларга оддий мисоллардир.

Нафақат солиқ ислоҳотлари, балки юртимиз ҳаётида рўй бераётганулкан ўзгаришлар биз яшаётган замонни шиддатли янгиланишлар даврига айлантирди. Бизнинг ҳолатимизни эркин тадбиркорликни ўз сиёсатининг асоси деб эълон қилган Маргарет Тэтчер ҳокимиятга келган 1979 йилдаги Буюк Британия, солиқларни кескин пасайтириш билан бошланиб, 30 йилда жаҳонга “Корея иқтисодий мўъжизаси”ни тақдим қилган Пак Чжон Хи ташаббуслари, урушдан сўнг вайронага айланган кунчиқар юртдан 1990 йилга келиб жаҳон бозорини эгаллаган “Made in Japan” бренди чиқишига сабаб бўлган Хаято Икеду ислоҳотлари даврига қиёслаш мумкин.

Солиқ концепцияси матбуотда эълон қилинган кун бўлиб ўтган Халқаро пресс-клубда чиқиш қилган Ўзбекистон Республикаси молия вазири Жамшид Қўчқоров ислоҳотларга баҳо берар экан, “Ишонаманки, 5 йил, балки 10-20 йил ўтиб, докторлик, магистрлик диссертациялари ёзаётган ёш олимларимиз республика иқтисодиётида чуқур из қолдирган Фармон сифатида бу ҳужжатдан иқтибослар келтирадилар. Бундай ислоҳотлар 100 йилда бир бўлади ёки бўлмайди”, деган мазмунда гапирган эди.

Хўш, “Ўзбекистоннинг иқтисодий мўъжизаси” йўлида фидойилик кўрсатишга, ҳар биримиз қўлдан келганча — билимимиз, ҳалоллигимиз, сармоямиз, меҳнатимиз, истеъдодимиз, Ватанга муҳаббатимиз билан давлатга, Президентга кўмакдош бўлишга тайёрмизми? Ҳозир барча ўзига бериши лозим бўлган энг масъулиятли савол ана шу, бизнингча.

Ботир ҒОФУРОВ.
“Хал
қ сўзи” шарҳловчиси.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар