Сохта пулни аслидан қандай ажратиш мумкин?

11:25 07 Ноябрь 2018 Жамият
669 0

Эндигина 22 ёшга кирган Зиёвуддин Илҳомиддинов ҳали оила қуриб, рўзғор ташвиши гарданига тушмасидан енгил пул топиш пайини кўзлаб, энг қабиҳ йўллардан бирини танлади. Доимий иши ва даромади бўлишига қарамай хомхаёлларга берилган Зиёвуддин 50 минг сўмлик купюрани компьютер ҳамда рангли принтер ёрдамида қалбакилаштиришга уриниб, қайсидир маънода бунинг уддасидан ҳам чиқди.

Аммо тез орада Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Тошкент вилояти бошқармаси Оҳангарон шаҳар бўлими ходимлари томонидан олиб борилган тезкор хатти-ҳаракатлар натижасида сохта пул ясаган шахснинг ноқонуний фаолиятига чек қўйилди.

— Уйимдаги компьютер ва принтер ёрдамида тахминан 1,5 млн. сўм атрофида 50 минг сўмлик купюрани тайёрладим, — дейди З. Илҳомиддинов. — Олмалиқ шаҳрига бориб, дўконларга ўтказдим. Кейин Фаррух Тожибоев ҳам мендан пул сўради, унга ҳам иккитасини бердим.

Ёлғоннинг умри қисқа, ҳаром эса ҳалолга ярамайди. Зиёвуддин буни кўп ўтмай содир бўлган бир воқеа сабаб англаб етди.

— Бир куни машинада автоҳалокатга учрадим, — дейди у. — Шундан сўнг қилган ишимнинг хатолигини тушундим ва ярим тунда ёнимда қолган барча купюраларни ёқиб юбордим.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки департаменти директори Фазлиддин Бозоровнинг сўзларига кўра, сохта пулни ҳақиқийсидан ажратиб олиш осон. Жумладан, пулдаги сув белгиси, қиялик бурчагига қараб ҳаракатланадиган ҳимоя ипи, тасвирларнинг бўртиб туриши ва арканинг тагида оқ рангли бўёқда босилган Ўзбекистон Республикасининг харитаси орқали тезда аниқлаб олиш мумкин. Банкнотнинг пастки қисмидаги нақшда яширин тасвир мавжуд бўлиб, бу лотин ёзувидаги UZ сўзидан иборат. Бу ҳам маълум қиялик бурчагида бемалол кўринади. Компьютер ва принтер воситаси орқали ушбу элементларни кўрсатиш имконияти мавжуд эмас.

Юқорида қайд этилган ҳолат юзасидан ҳужжатлар расмийлаштирилиб, ҳуқуқбузарга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 176-моддаси билан жиноят иши қўзғатилди. Ушбу моддага кўра, ўтказиш мақсадида қалбаки банк билетлари (банкнотлар), металл тангалар, акциз маркалар, шунингдек, қимматли қоғозлар ёхуд чет эл валютаси ёки чет эл валютасидаги қимматли қоғозлар ясаш ёки уларни ўтказиш икки йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши белгилаб қўйилган.

Жорий йилнинг ўтган 10 ойи давомида эса пулларни қалбакилаштириш билан боғлиқ жами 51 ҳолат аниқланган бўлиб, ҳуқуқбузарлардан 5000 АҚШ доллари, 5000 Россия рубли ва 5 миллион 356 минг сўм сохта пуллар далилий ашё сифатида олинган. Қалбаки пул тайёрлаш билан боғлиқ ҳолатларнинг аксарияти Тошкент шаҳри ва вилоятига тўғри келмоқда — жами 33 та ҳолат. Шунингдек, Самарқандда 6 та, Наманганда 5 та, қолган вилоятларда эса биттадан шу каби жиноятлар аниқланган.

Мамлакатимизда қонун устувор. Шу боис бу борада ҳуқуқбузарликларни содир этганларнинг барчаси жиноий жавобгарликка тортилди.

Бош прокуратура ҳузуридаги Ахборот-таҳлил мультимедиа маркази материаллари асосида

Р. ОТАМУРОДОВ тайёрлади.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар