Сохта маълумотга ўрганганлар тилини тишлаб қолди

18:04 23 Январь 2019 Иқтисодиёт
506 0

Иллюстратив фото.

“Халқ сўзи ONLINE”. Аҳад Муҳаммадиев/Қашқадарё. Қишлоқ хўжалигида қўшиб ёзиш, аслида бажарилмаган режаларни бажарилди, деб ҳисобот бериш ёки сохта маълумот орқали жавобгарликдан қутулишни ўйлайдиганлар тез-тез учраб туради. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 7 майдаги “Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланиши устидан назорат қилиш инспекцияси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 3699-сонли қароридан кейин бундай сохтакорлар фаолиятига чек қўйилмоқда.

Ушбу қарор асосида ўтган йилнинг 1 августидан иш бошлаган Бош прокуратура ҳузуридаги Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланиши устидан назорат қилиш инспекцияси томонидан соҳадаги ҳар бир ҳолат синчковлик билан ўрганилиб, мансабдор шахсларга тегишли қонуний баҳо берилмоқда.

Хусусан, Инспекциянинг вилоят бошқармаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 30 сентябрдаги “2019 йил ҳосили учун кузги бошоқли дон экинлари навларини жойлаштириш ва бошоқли дон етиштиришнинг прогноз ҳажмлари тўғрисида”ги 775-сонли қарори ижроси устидан ўтказилган назорат тадбирларида уруғ қадалган майдонларни кўпайтириб кўрсатиш ёки сохта маълумотларни киритиш вилоятда одатга айланганлиги аниқланди.

Маълум бўлишича, Қашқадарёда 2019 йил ҳосили учун 9409 та фермер хўжалиги томонидан жами 141 минг 800 гектар ер майдонида, шундан 117 минг 300 гектар ғўза қатор орасига, 24 минг 500 гектар очиқ майдонга кузги бошоқли экин экилиб, жами 376 минг тонна дон жамғарилиши режалаштирилган.

Инспекциянинг вилоят бошқармаси органлари томонидан олиб борилган назорат тадбирларида эса вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармаси томонидан 2019 йил ҳосили учун кузги бошоқли дон экишнинг бориши ҳақида ўтган йилнинг 1 ноябрь ҳолатига кўра берилган маълумотларда вилоятда 126,7 минг гектар майдонга бошоқли дон экинлари экилганлиги кўрсатилган. Бироқ амалда жами 117,8 минг гектар майдонга бошоқли дон экилганлиги ёки 8,9 минг гектар ер майдонига бошоқли экинлар қадалгани ҳақида сохта маълумотлар киритилганлиги аниқланди.

Хусусан, Яккабоғ, Шаҳрисабз, Қамаши ва Чироқчи туманларида ғалла экилмаган майдонларга ғалла экилди деб маълумот берилган. Мазкур туманлар қишлоқ хўжалиги бўлими бошлиқларига нисбатан интизомий жавобгарлик тўғрисида ишлар қўзғатилди.

Инспекциянинг вилоят бошқармасидан тақдим этган ахборотга кўра, масъул идоралар раҳбарлари номига қонунбузилиши, унинг келиб чиқиш сабаблари ва бунга имконият яратиб бераётган шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида 23 та тақдимнома киритилган, 12 та протест келтирилган. 56 нафар мансабдор шахс қонунбузилишига йўл қўймаслик хусусида ёзма равишда огоҳлантирилган, 25 та интизомий ва 157 та маъмурий жавобгарлик тўғрисида иш қўзғатилган.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019