Сўх тумани учун алоҳида солиқ имтиёзлари татбиқ этилди

17:05 13 Август 2020 Жамият
434 0

Фарғона вилоятининг Сўх туманида тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш ва иқтисодиёт тармоқларининг узлуксиз ишлашини таъминлаш, аҳолини ижтимоий ҳимоялаш мақсадида бир қатор солиқ имтиёзлари жорий этилди.

Бу Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан жорий йил 8 августда имзоланган «2020-2021 йилларда Фарғона вилоятининг Сўх туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида акс этди.

Қарорда татбиқ этилиши назарда тутилган солиқ имтиёзларини 2 тоифага ажратиш мумкин.

Биринчиси, бу бевосита Сўх туманидаги барча оилаларга ёки хонадонларга тааллуқли дейиш мумкин. Яъни, сўхликлар 2020 йилда тўланадиган жисмоний шахслардан олинадиган ер солиғи ва мол-мулк солиғини тўлашдан озод этилади.

Ушбу икки солиқ тури бўйича берилган имтиёздан тумандаги 14 300 нафар мол-мулк ва ер солиғи тўловчилари фойдаланади. Натижада, Сўх халқи ихтиёрида 2020 йил учун йиллик ҳисобда қарийб 3 миллиард 300 миллион сўм миқдоридаги маблағлар қолади. Бундан 2 миллиард 100 миллион сўм ер солиғи, 1 миллиард 200 миллион сўм мол-мулк солиғига тўғри келади.

Бунда имтиёз Давлат солиқ қўмитаси махсус дастурий маҳсулотларига тегишли ўзгартириш киритилган ҳолда, марказлашган тартибда барча мулк эгаларига бирдек татбиқ этилади.

Мазкур имтиёздан фойдаланиш учун фуқаролардан ҳеч қандай ҳужжатлар ёки солиқ идорасига мурожаат қилиш талаб этилмайди.

Иккинчиси, бевосита тадбиркорлик билан боғлиқ имтиёз.

2020 йил 1 августдан 2021 йил 31 июлга қадар тумандаги якка тартибдаги тадбиркорлар (ЯТТ) жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини амалдаги қатъий белгиланган солиқ суммасини 50 фоизга камайтирган ҳолда тўлайдиган бўлди.

Энди Сўх туманида чакана савдо билан шуғулланадиган ЯТТ 2021 йил 31 июлга қадар ҳар ойда 200 минг сўм ўрнига 100 минг сўм қатъий белгиланган суммасида жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи тўлайди. Бошқа фаолият турлари билан шуғулланувчилар эса атиги 25 минг сўм тўлайди.

Ушбу солиқ имтиёзларидан туманда 400 дан ортиқ ЯТТ фойдаланиши мумкин. Йиллик ҳисобда ушбу қатъий солиқ суммаси қарийб 500 миллион сўмни ташкил этади.

Бундан ташқари, алкоголь маҳсулотлари билан чакана савдо қилиш ҳуқуқини берадиган рухсат гувоҳномасини олиш учун йиғимни тўлашдан озод қилинди.

Алкоголь маҳсулотлари билан чакана савдо қилиш ҳуқуқини берадиган рухсат гувоҳномасини олиш – Тошкент шаҳри учун 1 200 000 сўм, Нукус шаҳри ва вилоят марказлари 1 000 000, бошқа шаҳарлар 800 000, бошқа аҳоли пунктлари (шу жумладан, Сўх тумани) учун 600 000 сўм. Бундан буён сўхлик тадбиркорлар мазкур тўловдан ҳам озод этилмоқда.

Албатта, сўхликларга берилаётган бундай солиқ имтиёзлари аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишга, турмуш фаровонлиги юксалишига, тадбиркорлик субъектларини иқтисодий томондан янада қўллаб-қувватлашга ва якунда, албатта, иқтисодиёт тармоқларининг узлуксиз ишлашига хизмат қилади.

Шукурулло НИСБАТХОНОВ,
Фарғона вилояти давлат солиқ бошқармаси бошлиғи

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?