Соғлом турмуш тарзи: Муаммо ва камчиликларни бартараф этиш зарур

18:52 09 Август 2019 Жамият
250 0

“Адолат” социал-демократик партияси Тошкент вилояти Кенгаши ташаббуси билан Қуйичирчиқ халқ таълими ва туман тиббиёт бирлашмаси ҳамкорлигида тумандаги 33-умумий ўрта таълим мактабида “Соғлом турмуш тарзи йўлида бирлашайлик” лойиҳаси доирасида давра суҳбати ўтказилди.

Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, партия Марказий аппарати ходимлари, партиянинг вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари раислари ҳамда фаол аъзолари, шунингдек, журналистлар иштирок этди.

Қайд этилганидек, соғлиқни сақлаш соҳаси фаолиятини ташкил этишда сўнгги йилларда тўпланиб қолган тизимли камчилик ва муаммолар фуқароларнинг соғлиғини муҳофаза қилиш тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган вазифаларни самарали ҳал этишга тўсқинлик қилмоқда. Хусусан, таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, болалар стоматологияси соҳасида ҳал қилиниши лозим бўлган бир қатор муаммолар ўз ечимини кутяпти. Негаки, мактаб ва ўсмир ёшидаги болалар бирор касалликка чалинганида уларнинг ўз вақтида даволанмаслиги нохуш оқибатларга олиб келиши мумкин.

Чунончи, халқ депутатлари Қуйичирчиқ тумани Кенгаши депутатлик гуруҳи томонидан умумтаълим мактабларнинг стоматологик хоналари билан таъминланганлик даражаси ўрганилганда, тумандаги мавжуд 50 та умумтаълим мактабдан 7 тасида стоматология хоналари мавжуд бўлса-да, аксариятида хоналарнинг жиҳозланиш ҳолати талаб даражасида эмаслиги аниқланди.

— Кариесдан сақланиш учун фарзандларимизга соғлом турмуш тарзини болаликдан ўргатишимиз, уларнинг, биринчи навбатда, тиббий маданиятини шакллантиришимиз лозим, — дейди 33-умумий ўрта таълим мактаби стоматолог шифокори Ғофур Турдибаев. — Бу биргина тиббиёт ходимларининг иши эмас. Келажагимиз эгаларига соғлом ҳаёт кечириш, аввало, ўзимизга боғлиқлигини тушунтириб бориш зарур.

— Айтиш жоизки, болалар ўртасида стоматологик касалликларнинг олдини олишда ҳали муаммолар талайгина, — дейди Қуйичирчиқ тумани тиббиёт бирлашмаси бош шифокори Зуҳра Достонова. — Мактаб ва ўсмир ёшдаги болалар касаллигининг ўз вақтида даволанмаслиги ногиронликка олиб келиши мумкин. Шундан келиб чиққан ҳолда, умумтаълим мактабларида стоматология хоналарини ташкил этиш, кариес билан оғриган болаларга тизимли тиббий муолажалар қилиш орқали сифатли тиббий кўриклар ташкил этиш муҳим. Бу, албатта, ҳар бир боланинг саломатлигига, унинг билим олиши ва баркамол авлод бўлиб улғайишига хизмат қилади.

Тадбирда Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари,партия фаоллари томонидан партиянинг “Соғлом турмуш тарзи йўлида бирлашайлик” лойиҳаси доирасида ҳар бир ҳудуд соҳа йўналишида ҳамкор ташкилотлар билан мавжуд муаммоларни ўрганиш ва бартараф қилиш орқали халқ ишончи ва сайловчилар эътиборига сазовор бўлиши ҳамда уларнинг ислоҳотларнинг фаол иштирокчисига айланиши муҳимлиги таъкидланди.

Қизғин савол-жавобларга бой тарзда ўтган давра суҳбати якунида иштирокчиларга кун тартибидаги масалалар юзасидан тегишли кўрсатмалар берилди.

Фотима САТТАРОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП
Тошкент вилояти Кенгаши
матбуот котиби.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019