Соғлиқни сақлаш вазирлиги: Сергелидаги чақалоқнинг вафотига эмлаш сабаб бўлмаган

15:48 22 Ноябрь 2018 Жамият
840 0

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ахборот хизмати

Сергели туманида яшовчи Э. Х. фарзандининг вафоти юзасидан Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармасининг мутахассислари томонидан текширув олиб борилди. Унда Э.Х.нинг фарзандига эмлашнинг тўғри қилинганлиги, унинг стандартларга мослиги, миқдори ва муддати каби жиҳатлари ҳам чуқур ўрганиб чиқилди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ахборот хизмати хабарига кўра, бола 2018 йил 24 августда Сергели тумани 10-оилавий поликлиникада болалар шифокори Н.Расулова томонидан тиббий кўрикдан ўтказилган ва режа асосида 2 ойликдаги эмлашга рухсат берилган. Ўша куни боланинг онаси Э.Х фарзандига полиомиелит ва пневмококкга қарши вакциналарни олган. Эмлаш махсус рухсатномаси бўлган ҳамшира М. Саликова томонидан амалга оширилган.

Орадан икки кун ўтиб, яъни 26 август, соат 11.00 ларда боланинг тана ҳарорати 38,5 даражага кўтарилгани кузатилганлиги учун тез ёрдам чақирилган ҳамда беморга биринчи тиббий ёрдам кўрсатилиб, 3-шаҳар болалар клиник шифохонасига олиб борилган. Невропатолог шифокор Ш.Насруллаев тиббий кўрикдан ўтказиб, “Талваса синдроми. Соматоген асосланган. Бош мия шиш хавфи” ташхиси қўйилиб, муолажа қилинган. Аммо 28 август куни соат 19.30да бола аҳволи оғирлашавергач Республика Шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази (РШТЁИМ)нинг болалар реанимацияси бўлимига ўтказилган. Болага керакли даво чоралари кўрсатилишига қарамай, бемор 30 август куни соат 24.00да марказда вафот этган.

Мутахассисларнинг хулосасига кўра, боланинг ўлимига эмлаш сабаб бўлмаган.

“24 август куни Сергели туманидаги 10-оилавий поликлиникада жами 128 нафар бола эмланган. Ўтказилган таҳлиллар нафақат ушбу болада, балки эмланганларнинг бирортасида ҳам эмлашдан сўнг юз бериши мумкин бўлган нохуш ҳолатлар кузатилмаганлигини кўрсатди. Таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда ҳар ойда 2 ярим миллион нафар бола миллий эмлаш календари асосида вакциналар билан эмланади ва уларнинг эмлашдан кейинги ҳолати доимий равишда ўрганиб борилади. Энг муҳими, юртимизда шу пайтгача ушбу вакциналар билан боғлиқ салбий ҳолатлар бирор марта бўлса-да, рўйхатга олинмаган. Жумладан, полиомиелит ва пневмококк вакциналарига умуман тиббий чеклов йўқ, улар ўлим билан боғлиқ асоратларни умуман келтириб чиқармайди. Бу Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг нуфузли экспертлари томонидан ўтказилган илмий тадқиқотларда ҳам исботланган”, – дейди Соғлиқни сақлаш вазирлиги Санитар эпидимиология назорати бош бошқармаси бошлиғи Дилмурод Мирзабоев.

Бундан ташқари, эмлаш ишларини амалга оширишда фойдаланиладиган, жаҳон тиббиёти амалиётида кенг қўлланилаётган самарали эмлаш воситалари БМТнинг Болалар фонди – ЮНИСЕФ ва бошқа халқаро ташкилотлар сертификати асосида мамлакатимизга олиб келиниб, тегишли тартибда қайта тиббий-лаборатор​ синовлардан ўтказилади. Улар Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан сертификат билан кафолатланади ва совуқлик занжири тизимига риоя этилган ҳолда жойлардаги эмлаш пунктларига етказилади. Эмлаш муолажалари шаҳар ва туманларда аҳолига бириктирилган оилавий поликлиника, чекка жойларда эса қишлоқ оилавий поликлиникаларида малакали шифокор кўригидан ўтилгач, махсус ўқитилиб, тегишли рухсатнома олган ҳамширалар томонидан бепул амалга оширилади.

Куни кеча пойтахтимизда ташкил этилган “Барқарор ривожланиш мақсадлари даврида Ўзбекистонда соғлиқни сақлашни ислоҳ қилиш” мавзусида халқаро конференцияда ҳам Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Европа минтақавий бюроси директори Жужанна Якаб юртимиздаги эмлаш борасида саъй-ҳаракатларни юксак баҳолади. Иммунизация ёки вакцинация борасидаги ишларга қаратилаётган эьтибор, ҳаттоки, Европанинг ривожланган мамлакатларида ҳам амалга оширилмаганини айтиб ўтди. Шундай экан, соғлом фарзанд тарбиясига масъул ҳар бир ота-она эмлаш календарида кўрсатилган муддатлардан кечиктирмай фарзандларини эмлатишлари зарур.

Юқоридаги вазият, яъни боланинг вафоти юзасидан тиббиёт ходимларининг хатти-ҳаракатлари, болага ташхис қўйиш ва даволаш жараёни вазирлик мутахассислар ҳамда ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан чуқур ўрганилмоқда.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019