Соғлиқни сақлаш вазирлиги диққатига: Фарғона шаҳрида сил касаллиги шифокорлари ва аҳоли жиддий хавф остида қолмоқда

15:42 04 Март 2019 Жамият
1294 0

Фото: Муаллиф олган сурат.

Ушбу мавзуда фикр юритишдан аввал сизга бир савол бермоқчимиз: шунчаки профилактик текширувдан ўтишга ёки шу касал билан оғримаганлигингиз тўғрисида маълумот олиш учун вилоят сил касалликларига қарши кураш диспансери ҳудуди ичига вақтинча тиқиштирилган фтизиатрия бўлимига борган бўлармидингиз? Агар сизнинг фарзандларингиз ёки бўйига етиб қолган қизингизнинг у ерга боришига тўғри келса-чи? Бизнингча, жавоб оддий: йўқ, албатта! Ўша ҳудуднинг исталган жойи — ҳавода, ерда, дов-дарахтларда юқиш хавфи ўта юқори бўлган сил таёқчалари (кох микробактерияси)нинг бўлмаслигига ҳеч қандай кафолат йўқ-ку? Афсуски, Фарғона шаҳрида бир йилдан буён шу аҳвол!

Мавзуга чуқурроқ ёндашамиз

Фарғона шаҳри, Нурафшон кўчаси, 7-уйда фаолият олиб борган Фарғона шаҳар сил касалликларига қарши кураш диспансерининг 2017 йилда соҳада бўлиб ўтган оптимизация туфайли номи ўзгартирилади ва унга Фарғона шаҳар тиббиёт бирлашмаси Марказий кўп тармоқли поликлиникаси қошидаги Фтизиатрия бўлими мақоми берилади. Бино эса 3 қаватдан иборат республикада ягона (типовой) мослаштирилган, 10 дан ортиқ бўлимлари ва барча қулайликка эга эди. 2018 йилнинг 17 мартида шаҳар ҳокимининг 325-сонли “Фарғона шаҳар сил касалликларига қарши кураш диспансери балансида бўлган Нурафшон кўчаси 7-уйда жойлашган бино иншоотларини шаҳар ҳокимлиги тасарруфига қайтариб олиш тўғрисида”ги қарори чиқади. Ҳамма муаммолар ва шаҳар аҳолисининг кўплаб эътирозлари ана шу қарордан сўнг бошланди.

Фарғона шаҳар Марказий кўп тармоқли поликлиникаси қошидаги Фтизиатрия бўлими (шаҳар сил касалликларига қарши кураш диспансери) ходимлари Фарғона шаҳар ҳокимининг буйруғи билан вақтинча ижара асосида Фарғона шаҳри, Келажак (эски Муса Жалил) кўчаси, 7-уйда жойлашган Фарғона вилояти сил касалликларига қарши кураш диспансери ҳудудининг ўртасидаги бир қаватли рентген бўлимига кўчириб ўтказилди. Шифокор ва ҳамширалардан иборат жами 62 нафар ходимни мутасаддилар 8 та мослаштирилган хонага “усталик билан” жойлаштиришди. Энг ачинарлиси, бу бинода бир вақтнинг ўзида (эътибор беринг) Фтизиатрия бўлими ходимларидан ташқари Фарғона вилояти миқёсидаги сил касалликлари диспансери ва рентген бўлими ходимлари рентген аппарати билан биргаликда бир йилдан буён оғир шароитда иш фаолиятини олиб боришяпти.

Муаммо нимада?

Сорахон Қорабоева, врач-фтизиатр:

— Энг асосий хавф ва муаммо — фтизиатрия бўлимимизнинг вилоят сил касалликларига қарши кураш диспансери ҳудуди ичида, қоқ марказига жойлаштирилганида. Сил касаллиги билан оғриган оғир касаллар бўлими бизнинг шундоққина атрофимизда жойлашган. Беморлар доимий равишда тунги ва кундузги сайрга чиқишади. Тасаввур қиляпсизми, атрофимиз тўла нафас орқали юқувчи сил таёқчалари бактериялари ва балғам қолдиқлари. Фтизиатрия бўлимимизга эса, асосан, профилактик текширувлар учун бир кунда ўртача 240 нафар соғлом аҳоли келади. Масалан, бир йил мобайнида 3 мингдан ортиқ никоҳланувчилар, мингга яқин ўқувчи ва коллеж талабалари, абитуриентлар, 2 минг нафарга яқин ҳарбий хизматга чақирилувчилар, темурийлар мактаби вакиллари, жазони ўташ муассасаларидан озод этилганлар келишади.

Шоҳсанам Охунбоева, фтизиопедиатр:

— Мен, асосан, болалар билан ишлайман. Тўғриси, кўпчилик ота-оналар фарзандларини, айниқса, иммунитети паст болаларини оддий кўрик учун ҳам бўлимга олиб келмай қўйди. Вилоят диспансерининг ҳудудида жойлашганимиз учун касаллик орттириб олишидан қўрқишади. Диспансернинг рентген бўлими билан бир бинода бўлганлигимиз боис ҳар куни кўрикка келган соғлом аҳоли ҳамда сил касаллиги билан оғриган беморлар кутиш залида аралашиб кетади. У ёғи эса ўзингизга аён...

Яқинда икки нафар ходимимизни туғуруқ таътилига кузатдик. Афсуски, уларнинг ҳомиласида гидроцефалия (ҳомила миясида сув йиғилиши) кузатилган. Шифокорлар доимий тарзда рентген нурлари яқинида бўлганлигини айтишяпти.

Аслида фтизиатрия бўлимининг диспансер ичида жойлаштирилиши мумкин эмас. Чунки сил касалликларига қарши кураш диспансерининг асосий вазифаси — даволаш. Фтизиатрия бўлиминики эса текшириш, соғлом аҳоли орасида сил касаллигини эрта аниқлашдан иборат.

Барнохон Ғофурова, катта ҳамшира:

— Ҳар бир хона 8 квадрат метрдан иборат бўлиб, хонада З та врач фтизиатр 4 та ҳамшира билан бемор қабул қилиб ўтирамиз. Агар учала врачнинг бириктирилган ҳудудидан бир вақтнинг ўзида З та бемор кўрик учун келиб қолса, ҳамширалар хонадан ташқарига чиқиб туришга мажбур.

Аслида бир дона врач қабули учун хона 0342-17 Санитария қоида ва меъёрларига асосан 12 квадрат метр бўлиши, деворлар мойли бўёқ билан 1,7 метргача бўялган бўлиши ва ҳар ҳафтада зарарсизлантирувчи моддалар билан ювиб турилиши зарур. Ҳозирги ҳолат эса иш усулини қийинлаштириб, ходимлар орасида сил касаллиги билан хасталанишига имкон яратиб бермоқда. Биз турган бинодан 15 метр яқинликда бактериологик лаборатория ва МЛУ (силнинг турғун формаси) бўлими жойлашган. Бу йўлаклардан, афсуски, ҳар куни профилактик мақсадда диспансерга қатновчи тиббий кўрикдаги ҳарбий хизматга чақирилаётган ёшлар, келин-куёвлар, ўқув билим юртига ва ишга кирувчилар, тез-тез шамоллаш касаллигига учраётган болалар, мулоқотдагилар, диаскинтест ва R-Манту мусбат натижа берган фуқаролар инфицирланган йўлакдан ўтади. Бу ҳолат эса, минг афсуски, касаллик юқиши билан биргаликда касаллик инфекцияси шифохонадан ташқарига тарқатиляпти, дегани ҳамдир. Хоналар ҳеч бир амалдаги тиббий қонун-қоидаларга, қарорларга ва уларда кўрсатилган меъёрларга тўғри келмайди. Баъзи бир хоналарнинг деразалари йўқлиги сабаб ҳаво алмашиниши учун имкон йўқ, ҳатто. Барча ходимлар тиқилиб-сиқилиб тор хоналарда рентгендан нурланган ҳолда иш олиб боришга мажбур.

Шерзод Ҳайдаров, даволанувчи, Фарғона шаҳар, Янги аср кўчаси:

— Диспансерда 2001 йилдан бери рўйхатда тураман. Бир йилда икки марта 2-3 ой мобайнида ётиб даволанаман. Уйда эса болаларимга юқиб қолмаслиги учун алоҳида квартирада яшайман. Лекин белгиланган талабга асосан 3 нафар фарзандим ҳар олти ойда контакт бўлиб қолмаганлигини билиш учун кўрикдан ўтишади. Фтизиатрия бўлими вилоят сил касалликларига қарши кураш диспансерига кўчириб ўтказилганидан кейин фарзандларимни кўрикка олиб келмай қўйдим. Чунки у ерда соғлом инсонга сил касаллиги юқиши хавфи бор. Унинг устига қизимнинг аллақачон бўйи етиб қолган. Бирор таниш-билишим, маҳалладошларим кўриб қолса, қандай хаёлга боришади?! “Нотўғри хаёлга борманглар, қизим соғлом, фақат профилактик кўрик учун келган”, деб ҳар бирига айтиб чиқаманми?

Саида Йўлдошева, Фарғона шаҳри, А. Қодирий кўчаси:

— Ўғлим 1 ёшу етти ойлик бўлди. Шифокор маслаҳати билан Фтизиатрия бўлимига кўрикдан ўтказгани олиб келдим. Ҳайрон бўлдим, янги кўчиб ўтган жойи диспансернинг ичида, бу ҳам етмагандек, рентген бўлимида экан. Бу ерда касалланган ва соғлом фуқароларнинг ҳаммаси бир коридорда. Ҳар бири билан индивидуал ишлашга хоналар етишмайди. Оддий фуқаро бўлиб бу ишлар нотўғри эканлигига ақлим етиб турипти-ку?! Шу ишнинг бошида турганлар, мутахассислар, эпидемиологлар бунга қандай йўл қўйишди экан? Фарзандимнинг иммунитети пастроқ. Бошқа у ерга олиб бормайман. Касалликни юқтириб олишидан жуда қўрқаман.

Ходимлар бу масалада юқори идораларга мурожаат қилишганми?

Фарғона шаҳар ҳокимлиги мутасаддилари томонидан вақтинча бинога кўчиш арафасида 6 ой ичида янги шундай махсус бино қуриб берилиши айтилган эди. Мана, бир йилдирки, бу масала ҳамон очиқ қолмоқда. Фтизиатрия бўлими бошлиғи Савриддин Тутиев шу масалада “қуйидан юқорига” тартибида Фарғона шаҳар тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Х. Мамаджоновга, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи О. Умаровга ва Соғлиқни сақлаш вазири А. Шодмоновга жамоа номидан хат юборади. Жамоанинг айтишича, бирорта мурожаатга жавоб хати келмаган. Ҳатто, Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи қабулига ҳам жамоавий арз қилиб боришган. Натижа бўлмаган. Фақатгина 2019 йилнинг 19 февраль куни Фарғона шаҳар Давлат санитария-эпидемиология назорат маркази бош врачи С. Обиджоновга йўлланган мурожаатга жавоб мактуби (2019 йил, 27 февраль кунги 01-09/02-939-сонли хат) келди.

Матннинг аслини келтирамиз:

“Ҳақиқатан ҳам, Фарғона шаҳар тиббиёт бирлашмаси Марказий кўп тармоқли поликлиникаси сил касалликлари бўлими Фарғона шаҳри, Келажак кўчаси, 7-уйда Фарғона вилояти силга қарши кураш диспансери ҳудудида жойлашган бўлиб, 8 та хонада жойлаштирилган. Ушбу биноларда бундан ташқари вилоят силга қарши кураш диспансери мутахассислари ҳам жойлашган. Бу ҳолат Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 28.08.2014 йилдаги №0314-14-сонли “Силга қарши даволаш муассасаларини ташкил этиш тўғрисидаги санитария қоида ва меъёрлари”нинг 2.18, 3.4-бандлари талаблари қўпол равишда бузилган, яъни вилоят силга қарши кураш шифохонаси ҳудудининг ўртасида жойлашган, аҳоли учун алоҳида кириш-чиқиш йўлаклари ташкилланмаганлиги, аниқланган ҳолатлар Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 28.08.2014 йилдаги №0314-14-сонли “Силга қарши даволаш муассасаларини ташкил этиш тўғрисидаги санитария қоида ва меъёрлари”нинг 2-бўлим 2.18-банди ва 18-бўлим 9 та банди талаблари бўйича ташкил этилмаганлиги, хоналар жойлашуви ва санитария ҳолатлари “Даволаш-профилактика муассасаларини лойиҳалаш, қуриш ва улардан фойдаланиш тўғрисида”ги №0292-11-сонли санитария қоида ва меъёрлари талаблари мувофиқлаштирилмаганлигини билдиради.

Юқоридагиларни инобатга олиб, Фарғона шаҳар Давлат санитария-эпидемиология назорати маркази Ўзбекистон Республикаси “Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида”ги ЎРҚ-373-сонли Қонунининг 2-бўлим 12-моддасига асосан, шаҳар ҳудудида аҳоли ўртасида сил касалликлари тарқалишининг олдини олиш, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг №0314-14, №0292-11-сонли талабларига мувофиқлаштириш мақсадида жорий йилнинг бир ойи мобайнида Марказий кўп тармоқли поликлиника сил касалликлари бўлими учун алоҳида янги биноси қурилиши ишлари якунлангунга қадар бошқа жойга кўчириш масаласини ҳал этилишини, акс ҳолда Фарғона шаҳар тиббиёт бирлашмаси Марказий кўп тармоқли поликлиникаси сил касалликлари бўлими иш фаолиятини тўхтатиш тўғрисида огоҳлантириш хати чиқарилганлигини маълум қилади”.

Шифокор Савриддин Тутиевнинг айтишича, ўтган йилда 2500 квадрат метр ҳудудда уч қаватли Фарғона шаҳар сил касалликларига қарши кураш диспансерининг қурилиши учун ҳужжат ишлари бошланган. Афсуски, ресурс-маблағ йўқлиги сабабли Фарғона шаҳар ҳокими томонидан қарор чиқарилмаган. Қизиғи шундаки, ҳали қурилмаган, лекин қачондир қурилажак бинонинг яна айнан собиқ Мусо Жалил кўчаси, 7-уйда (вилоят сил касалликларига қарши кураш диспансери манзили) жойлаштирилиши режалаштирилганининг ўзи ҳам одамни ўйга толдиради. Нега икки шифохонага яна айнан бир хил манзил?! Ахир гап Фтизиатрия бўлимини умуман бошқа манзилга кўчириб ўтказиш ҳақида кетмаяпти-ку?

Ҳолат юзасидан ўрганишлар давомида Фтизиатрия бўлими ходимлари янги бино қурмасдан ҳам муқобил вариантларда бу масалани осон ҳал қилиш мумкин эканлигини айтишмоқда. Масалан, Фарғона шаҳар 3-оилавий поликлиникасининг 2 қаватли биноси, шу поликлиника янги биносининг ҳозирда кам сонли умумий амалиёт шифокорлари фаолият кўрсатаётган 3-4-қаватлари ёки 5-оилавий поликлиниканинг эски биноларига кўчиб ўтиш таклифларини билдиришмоқда.

Хулоса ўрнида

Шу йилнинг 13 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ихтисослаштирилган фтизиатрия ва пульмонология ёрдами кўрсатиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори эълон қилинди. Бу ҳужжатнинг қабул қилиниши бугунги биз кўтарган мавзу қанчалар жиддий эканлигига далолат қилади. Сабаби, бу муаммолар остида эпидемиологик хуруж, инсон саломатлиги ва тақдири ётибди. Қарорда минтақавий эпидемиологик ҳолатни мунтазам равишда таҳлил қилиш ва мониторингини олиб бориш, сил ва унинг дориларга чидамли шакллари, ўпканинг носпецифик касалликлари тарқалиши тенденцияларини прогноз қилиш белгилаб қўйилган. Шунинг баробарида 7-банд, 3-хатбошисида Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирига ушбу қарорда белгиланган барча тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши, фтизиатрия муассасаларининг ўз вақтида фойдаланишга топширилиши ҳамда замонавий жиҳозлар билан таъминланиши юзасидан шахсий жавобгарлик кўрсатиб ўтилган.

Юқорида баён қилинган муаммо ва масалалар юзасидан мутасаддилардан жавоб кутамиз. “Халқ сўзи” бу мавзуга яна қайтади.

Элёржон Эҳсонов, (“Халқ сўзи”).


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019