Соғлиқни сақлаш, таълим ва қурилиш соҳаларида коррупцияга қарши курашиш ҳолати муҳокама қилинди. Ҳолат қандай?

18:58 29 Июнь 2020 Сиёсат
270 0

2020 йил 29 июнь куни Олий Мажлис Сенати Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитасининг мажлиси бўлиб ўтди. Унда Бош прокурор ўринбосарининг соғлиқни сақлаш, таълим ва қурилиш соҳаларида коррупцияга қарши курашиш борасидаги фаолияти юзасидан ахбороти эшитилди.

Мажлисда Сенат аъзолари, Бош прокуратура мутасаддилари, тегишли вазирлик ва идоралар масъуллари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Таъкидланганидек, Бош прокуратура томонидан тегишли мутахассислар ва экспертлар жалб қилинган ҳолда олий таълим ва капитал қурилиш соҳаларида “коррупциясиз соҳа” лойиҳасини амалга ошириш юзасидан “Йўл харита”лари тасдиқланган.

Олий таълим тизимида коррупцияга қарши курашишни такомиллаштириш ва “коррупциясиз соҳа” лойиҳасини амалга ошириш бўйича тасдиқланган “йўл харитаси” бўйича бир қатор самарали  ишлар амалга оширилган.

Жумладан, таълим муассасаларининг ўқув дастурларига коррупцияга қарши курашиш махсус курслари киритилди. Олий таълим муассасасидаги жамоатчилик кенгашлари шакллантирилди. Коррупцион муҳитни келтириб чиқарувчи сабабларни аниқлаш учун улар ўртасида аноним сўровномалар ўтказиб борилмоқда. Тўғридан-тўғри муассаса раҳбарияти ёки вазирликка электрон шаклда мурожаат қилиш (шу жумладан аноним тарзда) имконияти яратилди.

Талабалик сафига қабул қилиш жараёнлари шаффофлигини таъминлаш мақсадида Тошкент давлат шарқшунослик университетида 2020-2021 ўқув йилидан бошлаб ўқишга қабул қилишда шарқ тилларидан топшириладиган кўп балли тизим бўйича имтиҳонлар ўрнига тест синовлари ўтказилиши йўлга қўйилди. Ушбу тажрибани келгуси ўқув йилидан бошлаб бошқа чет тиллари бўйича республикадаги барча давлат олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишда жорий этиш белгиланди.

Мажлисда капитал қурилиш соҳасида ҳам “коррупциясиз соҳа” лойиҳасини босқичма-босқич амалга ошириш жараёнида қурилиш тизимини тубдан ислоҳ қилишга алоҳида эътибор қаратилиб, қурилиш сифати ва кўламини ошириш, тизимда шаффоф механизмларни жорий қилиш бўйича олиб борилган муайян ишлар муҳокама қилинди.

Хусусан, 2019 йил 1 октябрдан бошлаб, қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган бўш турган ер участкалари тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун фақат “E-IJRO AUKSION” савдо майдончасида электрон онлайн-аукцион орқали бериш ҳамда аукцион ғолибларига тўғридан-тўғри ҳудудий кадастр бўлинмалари томонидан ер участкасига бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби белгиланди.

Шу билан бирга, мажлисда соғлиқни сақлаш тизимини ҳам тубдан ислоҳ қилиш, фуқаролар соғлиғини асраш, аҳолининг барча қатламлари учун сифатли тиббий хизматдан фойдаланиш имконини яратишга қаратилган ишларга урғу берилди.

Ўз навбатида, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан жорий йилнинг февраль-март ойларида Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги жами 631 та ташкилот ва муассасада меҳнат муносабатларига оид локал ҳужжатлари ва меҳнат шартномаларининг қонун ҳужжатларига мувофиқлиги ҳамда ушбу локал ҳужжатларда белгиланган талабларга риоя этилиши бўйича ўрганишлар ўтказилган.

Ўрганишлар давомида жами 4896 та қонун бузилиш ҳолати аниқланди, 458 та меҳнат муносабатларига оид буйруқ бекор қилиниб, қонун ҳужжатларига мувофиқлаштирилди. 20 та муассасада жамоат шартномалари ва 9 та муассасада ички меҳнат тартиб қоидалари юритилмаганлиги ҳамда 57 та муассасада ушбу локал ҳужжатлар қонунчилик талабларига зид равишда ишлаб чиқилганлиги аниқланиб, уларни янгидан ишлаб чиқилишида амалий ёрдам кўрсатилган.

Мажлисда олий таълим, қурилиш ва соғлиқни сақлаш соҳаларида коррупцияга қарши курашиш борасидаги фаолиятда айрим камчиликлар мавжудлигига эътибор қаратилди.

Қайд этилганидек, таҳлиллар сўнгги икки йилда таълим тизимида 326 нафар ходим таълим жараёни билан боғлиқ жиноятлар учун жавобгарликка тортилган. 317 нафар, яъни 97 фоиз ходим содир этган қилмишлар коррупциявий жиноят ҳисобланади.

91 та давлат олий ўқув юртининг 40 таси ёки деярли ҳар иккинчисида раҳбар ёки профессор-ўқитувчилар томонидан таълимга алоқадор жиноят содир этилган. Мавжуд 970 та коллеж ва лицейдан 131 таси, яъни 14 фоизида таълимга боғлиқ жиноятлар юз берган.

Сўнгги икки йилда соғлиқни сақлаш тизимидаги 581 нафар ходим турли жиноятларни содир қилганлиги учун жиноий жавобгарликка тортилган бўлиб, улардан 114 нафари, яъни ҳар тўртинчисининг содир қилган қилмиши коррупцион жиноят эканлигини кўрсатди.

Шунингдек, қурилишнинг барча босқичларида, яъни ер ажратишдан тортиб, то объектларни фойдаланишга қабул қилишгача бўлган жараёнларда коррупция авж олгани, айниқса, тадбиркорлик учун ер бериш, танлов ва тендер ўтказиш, шаҳарсозлик ҳужжатларини расмийлаштириш, муҳандислик коммуникация тармоқларига уланиш жараёнларида ҳамон суиистеъмолчилик ҳолатлари сақланиб қолмоқда.

Мажлисда кўриб чиқилган масалалар юзасидан Қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?