Соғлиқни сақлаш соҳасида қандай ўзгаришлар юз берди?

09:50 31 Август 2019 Жамият
171 0

 Мустақиллигимизнинг 28 йиллиги байрами арафасида ортга назар ташлар эканмиз, юртимизда тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатларини таъминлаш, Ватанимизни ҳар томонлама тараққий эттириш, унинг халқаро майдондаги обрў-эътиборини юксалтириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилганига ва оширилаётганини гувоҳ бўламиз.

Тиббий хизматга баҳо бериш мезонлари ўзгарди

Ушбу жараён соғлиқни сақлаш соҳасида ҳам жадаллик билан кечаётир. Тиббиёти ривожланган давлатлардаги каби энг илғор инновацион тараққиётга эришиш борасида жиддий қадамлар ташланмоқда. Айниқса, сўнгги уч йилда тиббий хизматни янада юксалтиришга дахлдор хайрли ташаббуслар соғлиқни сақлаш истиқболини белгилаб берди. Давлатимиз раҳбари тизимда йўл қўйилаётган камчиликлар, аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётган долрзарб масалалар, тиббиёт муассасалари фаолиятига оид тўпланиб қолган муаммоларни бартараф этиш вазифасини қатъий қўйдилар.

 

Шундан келиб чиққан ҳолда, бугунги кунга келиб тиббий хизмат самарадорлиги ва сифатига баҳо беришда мезонлар бутунлай ўзгарди. Эндиликда соғлиқни сақлаш тизимидаги ислоҳотларнинг натижаси таҳлил қилинганда, статистик маълумотлар эмас, халқимиз фаолиятимизга қандай баҳо бераётгани, аҳоли давлат томонидан яратилган замонавий тиббий хизматлардан нечоғлик баҳраманд бўлаётганига асосий урғу берилмоқда. Табиийки, бу тиббиётнинг бирламчи бўғинидан тортиб юқори тузилмаларгача иш фаолиятини ташкил этишда асосий эътиборни инсон омилига йўналтириш, тиббий хизматнинг сифати ва самарадорлигини оширишга замин яратмоқда.

Аҳоли талаб ва эҳтиёжига мос бирламчи бўғин

Ислоҳотлар жараёнида тиббиётнинг бирламчи бўғинига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Сабаби, бугунги кунда қишлоқ врачлик пункти, қишлоқ оилавий поликлиникаси ҳамда шаҳар оилавий поликлиникаси деб аталувчи тиббиёт муассасалари аҳолига яқин жойлашгани учун кимдир шифо истаб, кимдир тиббий маслаҳат олиш илинжида ушбу муассасаларга тез-тез мурожаат қилади. Бунда одамларнинг талаб ва эҳтиёжига мос тиббий хизмат кўрсатилса, табиийки, халқимизда тиббий хизматга нисбатан ишонч ва қониқиш ҳисси юқори бўлади. Ана шу жиҳатлар эътиборга олиниб, илгари самарасиз ишлаган бир қатор қишлоқ врачлик пунктлари ўрнида 800 га яқин қишлоқ оилавий поликлиникалари ташкил этилди.

 

Қишлоқ врачлик пунктларидан фарқли равишда қишлоқ оилавий поликлиникаларида умумий амалиёт шифокори билан бир қаторда, бешта тор мутатассис – гинеколог, педиатр, хирург, стоматолог, ультратовуш таҳлил аппаратида ишлайдиган шифокор фаолияти таъминланди. Шаҳар оилавий поликлиникаларида эса ўнта йўналишда тор мутахассислар аҳолига хизмат кўрсатаяпти. Яна бир муҳим соҳа – оилаларга бориб аҳоли орасида тиббий маданият тарқатувчи патронаж ҳамширалар фаолияти такомиллашаяпти.

Соҳа тараққиёти учун 12,1 триллион сўм

Шу ўринда соҳанинг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланаётганини эътироф этиш жоиз. Хусусан, кейинги икки-уч йил ичида бу йўналишда 140 дан зиёд меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Уларда белгиланган вазифалар босқичма-босқич ҳаётга татбиқ этилиши натижасида аҳолига кўрсатилаётган бирламчи тиббий-санитария, шошилинч ва тез тиббий ёрдам, ихтисослаштирилган хизматлар такомиллашмоқда. Бундай кенг қамровли чора-тадбирлар туфайли аҳолининг ўртача умр кўриш кўрсаткичи узаймоқда. Оналар, болалар ўлимининг олдини олиш, касалликларни барвақт аниқлаш, оилаларда соғлом турмуш тарзини шакллантиришда сезиларли натижаларга эришилмоқда.

 

Эътиборли жиҳати, давлат бюджетидан соғлиқни сақлаш тизимини молиялаштиришга ажратилаётган маблағлар ҳам йилдан-йилга кўпаймоқда. Жорий йилда соҳага 12,1 триллион сўм йўналтирилди, бу ўтган йилдагига қараганда 1,3 баробар кўпдир. Давлат тиббиёт ташкилотларини дори воситалари ва тиббий буюмлар билан таъминлаш яхшиланаяпти. Жорий йилда 231 та тиббиёт объектида қурилиш-таъмирлаш ишлари жадал олиб борилмоқда. Бунинг учун давлат бюджетидан 972 миллиард сўм маблағ йўналтирилиши режалаштирилган. “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари ҳамда “Саломатлик – 3” лойиҳаси доирасида ҳам қатор инвестиция дастурлари амалга оширилди.

Янги концепция – янги давр

Қайд этиш керакка, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 7 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони мамлакатимиз тиббиёти тараққиётида янги даврни бошлаб берди, десак айни ҳақиқатни айтган бўламиз.     Фармон билан тасдиқланган 2019 – 2025 йилларда Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш концепциясида муҳим вазифалар белгиланди.

 

Жумладан, соҳада миллий қонунчиликни такомиллаштириш, тиббиёт соҳасида замонавий бошқарув тизими ва ҳудудларда “кластер” моделини шакллантириш, молиялаштириш тизимини тубдан такомиллаштириш, тиббий ёрдамнинг самарадорлиги, сифати ва оммабоплигини ошириш, оналик ва болалик муҳофазасини кучайтириш, хусусий тиббиёт, давлат-хусусий шериклик механизми ва тиббий туризмни ривожлантириш орқали инвестицияларни кенг жалб этиш, фармацевика тармоғи, кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш, малака ошириш, тиббиёт фанини ривожлантириш ҳамда электрон соғлиқни сақлаш тизимини кенг жорий этиш каби устувор вазифалар акс этган концепция ижросини таъминлаш барчамизнинг зиммамизга улкан масъулият юклайди.

Аслида ҳам жаҳон стандартлари асосида менежмент ва тиббий хизматлар сифатини бошқаришнинг энг намунали амалиётларини жорий этиш учун соҳада бошқарувни халқаро андозалар талаблари даражасига олиб чиқиш бугунги куннинг муҳим талабидир.

Жумладан, тиббиёт муассасаларида “ҳар бир даволанган ҳолат учун” тўлаш тизимини ҳамда киши бошига молиялаштиришнинг янги механизмларини жорий этиш чоралари кўрилаяпти. Концепцияга мувофиқ, 2019 йил 1 апрелдан айрим туманлардаги тиббиёт муассасаларида жаҳон тиббиётидаги энг илғор амалиётлардан бўлган киши бошига молиялаштириш бўйича тажриба-синов ишлари бошланди. Ушбу эксперимент чуқур таҳлил этилиб, ижобий натижалар 2020 йил 1 апрелдан бошлаб бошқа ҳудудларга ҳам татбиқ этилади. Бундан ташқари, юртимизда мажбурий тиббий суғурта тизими 2021 йилдан босқичма-босқич жорий этилиши кўзда тутилган бўлиб, бу борада ҳам изчил фаолият олиб борилмоқда.

Олти ойда 434 та хусусий клиника

Хусусий тиббиётни ривожлантириш ҳам бугунги тиббий-ижтимоий ислоҳотларнинг муҳим йўналишидир. Хусусий тиббиёт муассасаларини ривожлантириш бўйича сезиларли ишлар амалга оширилиб, бугунги кунда мамлакатимизда 5 мингдан зиёд хусусий клиникалар фаолият юритаяпти. Жорий йилнинг ўтган олти ойида мамлакатимиз бўйича 434 та янги хусусий тиббиёт муассасалари ташкил этилди. Шундан 18 та лойиҳа чет эл инвестицияси иштирокида амалга оширилди.

 

Айни пайтда тиббиёт тизимини янада такомиллаштириш, соғлиқни сақлаш соҳасига инвестициялар оқимини кўпайтириш, инвесторларга қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида соғлиқни сақлаш соҳасида давлат-хусусий шериклик тизими жорий этилмоқда. 

Эътиборли жиҳати, Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 16 апрелдаги “Соғлиқни сақлаш соҳасида давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори тиббиёт соҳасида янги даврни бошлаб берди. Ушбу ҳужжат давлат ҳамда хусусий секторларнинг биргаликда ишлаши, инвесторларнинг юртимиз ҳудудида, давлат секторида фаол иш юритиши учун ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади. Эндиликда инвесторлар ўзларига қулай бўлган муҳитда, ўзлари истаган давлат тиббиёт муассасаларига инвестиция киритиш имкониятига эга.

10 миллион 700 мингга яқин мурожаат

Аҳоли саломатлигини асрашда муҳим тузилма – шошилинч тиббий ёрдам хизматини такомиллаштириш, фаолият самарадорлиги ва тезкорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар такомиллашиб бораётир. Бунда Президентимизнинг 2018 йил 16 октябрдаги «Ўзбекистон Республикасида тез тиббий ёрдам хизматини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори муҳим аҳамият касб этди.

 

Сўнгги икки йил ичида тез тиббий ёрдам хизматининг махсус санитар автотранспорт парки қарийб 1500 та янги автомашиналарни ҳарид қилиш эвазига батамом янгиланиб, уларнинг умумий сони 2400 га етказилди. Натижада, тизимнинг махсус автотранспортга бўлган талаби мамлакатимиз тарихида биринчи марта тўлиқ қопланди. Тез тиббий ёрдам машиналарининг 10 фоизини замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган, хорижда ишлаб чиқарилган реанимобиллар ташкил этмоқда. Натижада тез тиббий ёрдам хизмати халқаро мезонлар даражасига кўтарилди.

Биргина жорий йилнинг 9 ойида шошилинч тиббий ёрдам хизматига жами 10 миллион 700 мингга яқин бемор мурожаат қилган, шулардан қарийб 7 миллион 800 минг нафари 103 тез тиббий хизмати бўйича, 2 900 мингга яқин бемор эса стационар муассасаларга мурожаат этишган. Улардан 2 200 мингга яқинига амбулатор ва 700 мингдан зиёдига эса стационар ёрдам кўрсатилган.

Бундан ташқари, аҳоли чақирувларини автоматик белгилаш каби муҳим вазифаларни бажариш мақсадида тез тиббий ёрдам бошқармасининг автоматлаштирилган тизимини яратиш, Сall-марказларни халқаро талабларга кўра тўлиқ жиҳозлаш, тиббиёт ходимлари етиб келгунга қадар ва шифохонагача бўлган босқичда тиббий ёрдамни такомиллаштириш билан боғлиқ муҳим чора-тадбирлар амалга оширилаяпти.

Мураккаб операциялар ўзимизда амалга оширилмоқда

Юртимизда тиббиётнинг жадаллик билан ривожланаётганини шу вактгача жазм этилмаган ўта мураккаб ва ноёб операциялар ўзимизда муваффаккиятли амалга оширила бошланида ҳам кўирш мумкин. Бу борада сўнгги йилларда муҳим лойиҳалар амалга оширилаяпти. Хориждаги тиббий клиникалар билан ҳамкорликда қатор хусусий тиббиёт муассасалари ташкил этилмоқда. Шу билан бирга, давлат тиббиёт муассасалари фаолияти ҳам замон талабидан келиб чиқиб такомиллашаяпти.

 

Ҳозирда мамлакатимизда хирургия, кардиология, кўз микрохирургияси, урология, эндокринология, онкология, неврология, аллергология каби ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари сони 16 тага етди. Шунингдек, туманларда 306 та ихтисослашган бўлимлар, вилоят марказларида республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказларининг 10 та филиали ташкил қилинди.

Қувонарлиси, жорий йилнинг ўтган олти ойи давомида Республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари томонидан ҳудудларда 53,8 мингдан ортиқ аҳоли тиббий кўрикдан ўтказилди, 1358 та оператив муолажалар бажарилди, шулардан 775 таси юқори технологияли операциялардир. Натижада юқори технологияли операциялар улуши 57 фоизга етди. Янги диагностик усуллар сони 144 тани ва янги даволаш усуллари 208 тани ташкил қилди.

Шу ўринда айрим мисолларга тўхталиб ўтсак.  Академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази ҳамда Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказида буйрак кўчириб ўтказиш бўйича операциялар муваффақиятли бажариб келинмоқда. Шунингдек, Республика Гематология ва қон қуйиш илмий текшириш институти олимлари жаҳон тиббиётининг илғор йўналиши — ўзак ҳужайра трансплантациясини ўзлаштириб, ҳозирда уни муваффақиятли йўлга қўйди. Ўтган йил Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт марказида мамлакатимиз тиббиёти тарихида биринчи марта жигарни кўчириб ўтказиш операцияси юқори натижа билан ўтказилди.

Дарҳақиқат, замонавий тиббиётни юқори технологияларсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Шунга кўра, трансплантология ривожига алоҳида эътибор қаратилмоқда ва бу келгусида ҳам давом этади. Келгусида мамлакатдамизда молекуляр ва нуклеар тиббиёт, робот ёрдамидаги операциялар учун ускуналар ва даволашнинг бошқа юқори технологияли жарроҳлик усулларини жорий қилиш ҳам кўзланмоқда.

***

Соғлиқни сақлаш ривожи йўлидаги улкан мақсадларни ўз вақтида рўёбга чиқариш тиббиёт соҳасида меҳнат қилаётган 70 минг нафардан зиёд шифокорлар ва кўп минг сонли ўрта тиббиёт ходимларининг шарафли бурчидир. Шу боис, ходимларнинг самарали фаолият юритиши учун муносиб шароит яратиш ва меҳнатга яраша ҳақ тўлаш чоралари кўрилаяпти.

Бизга эса ушбу эътиборга монанд ҳалол меҳнат қилиш, давлатимиз томонидан яратиб берилаётган замонавий тиббий хизматдан аҳолининг барча қатламини баҳраманд этиш ва халқимизни рози қилиш вазифаси юкланмоқда. Ишонамизки, бундай масъулиятли вазифани уддалаш учун тиббиётимизнинг илмий ва амалий салоҳияти етарли. Барчамиз баҳамжиҳат бўлиб, имкониятларни тўлиқ ишга солиб меҳнат қилсак, “саломатлик посбони”, деган улуғ номга муносиб бўлишга, халқимизнинг ишончи ва меҳрини қозонишга албатта эришамиз.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019