Содиқ Сафоев: “Парламентлараро мулоқотни чуқурлаштириш мақсадларимизга муштарак”

16:53 11 Октябр 2018 Сиёсат
709 0

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Франция Республикаси Президенти Эммануэль Макроннинг таклифига биноан расмий ташриф билан ушбу мамлакатда бўлди. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари С. Сафоев мазкур ташрифнинг аҳамияти, икки мамлакат парламентлараро мулоқотни ривожлантириш хусусида мухбиримизга қуйидагиларни сўзлаб берди:

— Давлатимиз раҳбари алоҳида таъкидлаганидек, Ўзбекистон парламенти тизимини, Сенатни шакллантириш принципларини яратишда Франциянинг тарихий тажрибаси, Бешинчи Республика Асосий Қомуси постулатларидан кўп фойдаланилди. Айнан шу сабабли Франция Конституцияси қабул қилинганининг 60 йиллиги муносабати билан мазкур Қомус ўзбек ва француз тилларида чоп этилди. Китобнинг илк нусхаси мамлакатимиз раҳбари томонидан Франция Республикаси Сенати Раиси Жерар Ларшега топширилди.

Люксембург саройида Франция Сенати миллий тотувлик, демократия, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларининг ишончли ҳамда мустаҳкам кафолати сифатида қарор топди. Айнан шу ерда жаҳон халқларига илҳом бахш этиб келаётган Франция Республикасининг миллий шиори — “Эркинлик, тенглик, биродарлик” тамойили авлоддан-авлодга ўтказилмоқда, мустаҳкамланмоқда.

Айтиш жоизки, Ўзбекистоннинг мақсади — ҳуқуқ устуворлигига асосланган дунёвий, демократик давлат қуриш, фуқаролик жамияти ва бозор муносабатларини ривожлантириш. “Инсон манфаатлари барча нарсадан устун” шиори ислоҳотларимизнинг асосий мазмунини ташкил этади. Шу мақсадда давлат бошқаруви органларининг очиқ-ошкоралигини, уларнинг халқ олдидаги ҳисобдорлигини таъминлаш йўлида дадил қадамлар ташланди. Шуларга мос равишда фуқаролар, партиялар, ноҳукумат ташкилотларнинг сиёсий фаоллиги ошмоқда. Оммавий ахборот воситалари эса тобора фаол ва мустақил бўлиб бораётир.

Франциялик ҳамкорларга, аввало, Франция Сенатидаги ҳамкорларга Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватлагани учун миннатдорлик билдирилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва Франция Республикаси Парламенти дўстлик гуруҳи доирасидаги ҳамкорлик кейинги йилларда сезиларли даражада фаоллашди. Шу ўринда “Франция — Марказий Осиё” ҳамкорлик гуруҳига раҳбарлик қилаётган Натали Гуле хонимнинг бу борадаги хизматларини алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим.

Президентимизнинг парламентлараро мулоқотнинг бундан буён ҳам чуқурлаштирилиши бошқа соҳалардаги муносабатларни ривожлантиришга, “халқ дипломатияси”ни, мамлакатларимиз ҳудудлари ўртасидаги алоқаларни ривожлантиришга кўмаклашади, деган фикрлари биз, парламент аъзолари зиммасига янада катта масъулият юклайди.

Парламентлараро алоқалар тизимли асосда изчил ривожланиши учун Ўзбекистон ва Франция ўртасида доимий парламентлараро мулоқот таъминланади. Шу асосда, энг аввало, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик соҳасида икки томонлама муносабатларнинг ҳуқуқий базасини шакллантириш ва ривожлантириш ишлари амалга оширилади. Бундан ташқари, қонун ижодкорлиги, парламент назорати ва ислоҳотлар ҳуқуқий жиҳатдан таъминланиши борасида тажриба алмашиш ҳам муҳим аҳамият касб этади, албатта.

Мамнуният билан айтиш керакки, Франция Сенати Раиси Жерар Ларше юртимизда иқтисодиётни тубдан модернизация қилиш, аҳоли фаровонлигини ошириш ва кучли фуқаролик жамиятини шакллантириш ҳамда ривожлантириш йўлида амалга оширилаётган кенг кўламли демократик ислоҳотлар ва ижобий янгиланишларни юксак баҳолади.
Зокир ХУДОЙШУКУРОВ ёзиб олди.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019