Содиқ Сафоев АҚШда иккита йирик институт вакиллари билан учрашди

12:27 28 Октябр 2019 Жамият
238 0

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари С.Сафоев Вашингтонда Миллий демократия институти (NDI) ва Халқаро республика институти (IRI)да брифинг ўтказди. Бу ҳақда мамлакатимизнинг АҚШдаги элчихонаси хабар берди.

Ўзаро мулоқотда ҳар икки институт вакилларига мамлакатимизда 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида батафсил маълумот тақдим этилди. Хусусан, унда давлат бошқарувини такомиллаштириш, коррупцияга қарши курашиш, фуқаролик жамияти институтларини ривожлантириш, фуқароларнинг сиёсий ҳуқуқларини таъминлаш йўналишларига алоҳида эътибор қаратилди.

Сайлов жараёни, жумладан, сайловга оид қонунчиликка киритилган янгиликлар, бўлажак сайловларда қонунийлик ва шаффофликни таъминлаш бўйича қабул қилинаётган чора-тадбирлар ҳақида ҳам алоҳида тушунча берилди.

Тадбир давомида Миллий демократия институтининг Евроосиё мамлакатлари бўйича минтақавий директори Л.Жуитт Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари, ижтимоий аҳамиятга эга қарорларни қабул қилишда очиқлик ва шаффофлик муҳитини таъминлаш соҳасидаги ўсиш суръатларини юқори баҳолади.

“NDI Ўзбекистонни ўзаро ҳамкорлик учун муҳим давлатлардан бири деб билади”, деди у, жумладан. У 2003 — 2015 йилларда Ўзбекистон билан самарали алоқалар тажрибаси ҳақида алоҳида тўхталиб ўтди. Айни шу даврда Тошкентда мазкур институт офиси фаолият юритган эди.

У NDI Ўзбекистон томони билан мулоқотни қайта тиклашдан манфаатдор эканлигини билдирди. Л.Жуитнинг фикрича, Олий Мажлис салоҳиятини мустаҳкамлаш, Ўзбекистон — АҚШ парламентлараро ҳамкорликни кенгайтириш, сайлов қонунчилигини янада такомиллаштириш, хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш, демократик жамият институтларини кучайтириш ўзаро ҳамкорликнинг устувор йўналишларидир.

У 2020 йил январь-февраль ойларида ўзаро алоқаларнинг энг муҳим соҳаларини белгилаб олиш мақсадида институт расмийларини Ўзбекистонга ташриф буюришини ташкил этиш биринчи ва асосий қўшма лойиҳа бўлади, деб ҳисоблайди.

Халқаро республика институти президенти Д.Твининг ҳам Ўзбекистонда рўёбга чиқарилаётган ислоҳотларни юқори баҳолади.

IRI вакиллари Ўзбекистонда қонунчилик ҳокимияти салоҳиятини мустаҳкамлаш, бўлажак сайловлар шаффофлиги ва демократик тамойилларга мос ўтишини таъминлаш борасида олиб борилаётган саъй-ҳаракатларни ҳам эътироф этиб ўтишди. Бинобарин, АҚШ томони мазкур сайловларда ЕХҲТ кузатувчиларининг тўлиқ миссияси иштирок этишини олқишлади.

Д.Твининг IRI ҳам Ўзбекистондаги бўлажак сайловларга 2-3 нафар вакилини халқаро кузатувчи сифатида юборишга қизиқиш билдираётганини маълум қилди. Бунда, албатта, икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг ҳозирги даражаси ва истиқболлари инобатга олинганини қўшимча қилди. У Халқаро республика институти ҳамкор мамлакатлар сайловларида кузатув миссияларини ташкил этиш амалиётига эга эканлигини таъкидлади.

IRI раҳбари Литва Сейми ва ҳукумат тузилмалари, шунингдек, қонунчилик соҳасида мезбон давлат тажрибасини ўрганиш мақсадида Олий Мажлис делегациясининг 9-12 сентябрь кунлари Вильнюсга ташриф буюргани учун миннатдорлик билдирди.

Ўзбекистон вакиллари ташриф давомида Литва Сейми вице-спикери И.Шяулиене, “Литва-Ўзбекистон” Дўстлик гуруҳи вакиллари, қишлоқ хўжалиги, таълим ва илм-фан, давлат бошқаруви, ҳуқуқ-тартибот қўмиталари аъзолари, Литва парламенти Таҳлил бўлими ходимлари, ташқи ишлар, ижтимоий таъминот ва меҳнат, атроф-муҳит вазирлари ўринбосарлари билан учрашишганини шу ўринда қайд этиб ўтиш лозим.

IRI президенти парламентлараро алоқаларни чуқурлаштириш масалаларини муҳокама қилиш учун Литва қонунчилик органи вакилларининг 2020 йилда Ўзбекистонга жавоб ташрифини ташкил этишга тайёрлигини билдирди.

Маълумот учун, Миллий демократия институти 1983 йилда Конгресс қарори билан асос солинган ноҳукумат ташкилотидир. Оқ уй, Конгресс ва АҚШ Давлат департаментида илгари юқори лавозимларда ишлаган шахслар, жумладан, собиқ давлат котиби Мадлен Олбрайт ҳам мазкур муассаса Директорлар кенгаши таркибидан жой олган. NDI сайловларни кузатиш учун АҚШ конгресси вакилларини жалб этган ҳолда мониторинг миссияларини ташкил қилиб келади.

Халқаро республика институти 1983 йилда Конгрессдаги демократик кўпчилик томонидан яратилган. Аризона штатидан сайланган сенатор Жон Маккейн унга узоқ вақт раислик қилган. Айни пайтда Аляска штатидан сенатор Дэн Салливан ушбу лавозимни эгаллаб турибди. Линдси Грэм, Том Коттон, Жони Эрнст, Мит Ромни, Марко Рубио каби нуфузли республикачи сенаторлар, АҚШ президентининг миллий хавфсизлик бўйича собиқ маслаҳатчиси Герберт Макмастер мазкур институт Директорлар кенгаши аъзоларидир.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Муштарийлар учун ажойиб янгилик!

Юқоридаги суратда бунинг учун нима қилиш лозимлигини томоша қилишингиз мумкин.

09 Декабрь 2019