Сўзда эмас, амалда қалбан ўзгариш палласи келди

14:59 27 Июль 2018 Маданият
359 0
Иллюстратив фото

Шу кунларда бизнинг диний, маънавий ва миллий руҳиятимизга ёт ҳодисалар ўзгача тусда, янгича урфларда намоён бўлаётганини кузатиш қийин эмас. Тўйлар, қариялар уйида ёки ёлғизликда вафот этган яқинлари учун худойилар, туғилган кунлар ўтказиб, уй-жойлар ва дала ҳовлилар сотиб олишда бир-бирлари билан рақобатлашаётганлар ёнгинасидаги муҳтожлардан бехабарми?!

Ҳозир бойлар кўп. Саховат эса кам. Диний уламолар сахийликни жаннатга тушиб турган дарахт шохларига қиёслайди. Шундай экан, бир-биримизга жаннатдан умидвор бўлган ҳолда саховат кўрсатайлик.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф бир пайтлар Шимолий Кавказ республикаларида ва бошқа давлатларида ёшларга Имом Аъзам мазҳабининг моҳияти ҳақида маърузалар қилиб, уларни ваҳобий, “ҳизбут-таҳрир”чи деган номлар ва бошқа тамғалар остида қамалишдан сақлаб қолган ҳолда тўғри йўлга солиш борасида ажойиб мактаб яратгани ёдимизда бор. Шунинг учун ҳам нафақат Шимолий Кавказ республикаларидаги, балки бутун МДҲ ҳудудидаги диндорлар Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфни ўз пирлари деб билишади. Қуръонда ҳам, ҳадисда ҳам дин йўлида адашганларни тўғри йўлга солиш, сура ва оятларни тўғри талқин-тафсир қилиш, адашганнинг тавбасини қабул қилиш, бунда уламолар зиммасидаги масъулият катта эканлиги аниқ ва лўнда қилиб айтилган. Кейинги икки йилда илгари динда адашиб нотўғри йўлга кириб қолганлиги оқибатида қамалган кўплаб ёшлар озодликка чиққани олижанобликнинг юксак намунасидир.

Давлатимиз раҳбарининг “битта ёш йигитнинг қамалиши жуда оғир ҳолат” дегани инсон қадри улуғлигини ифода этади. Ёшларни тўғри йўлда тарбиялашда диний уламоларнинг илмидан ташқари тақвоси ҳам ўта муҳим. Динда тўғри тарбияланган ёшлар Ватанга, халққа, жамиятга, садоқатли бўлади.

Атиги икки йил олдин одамлар мансабдор порахўрларнинг номларини ўзаро пичирлаб тилга олишарди. Бугун порахўр қанча олганлиги, унинг ҳаром йўл билан топган мол-мулклари, қачон қамоққа олинганлиги, ҳозир ўзига қарши қандай кўрсатма бераётганлиги, қайси яқин одами қочиб кетганлиги, қайсиниси чегарада қўлга олинганлиги — ҳаммаси очиқ-ойдин айтиляпти. Халқнинг тавқи лаънатига йўлиқиш унинг бутун авлод-аждодига исноддир. Бундай ҳолатлар бошқа таъмагирлар, очкўзлар, еб тўймаслар, давру даврон суришга орзумандлар, ношукурлар учун ибрат бўлмоғи лозим. Юртимизда яқин ўтмишда юз берган салбий оқибатларни ошкор қилишдаги бугунги ўзгаришлар бундан буён ақл-идрок билан фикрлаб тўғри хулоса чиқаришимиз учун кенг имкониятлар эшигини очади. Биз энди сўзда эмас, амалда қалбан ўзгаришимиз зарур.
Иброҳим НОРМАТОВ.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар