“Скорпион” фильми продюсери: “ Биринчи бўлиш ҳеч қачон ҳеч кимга осон кечмаган”

14:28 28 Ноябрь 2018 Маданият
923 0

“Халқ сўзи Online”/Ҳасан Тошхўжаев. Ёшлар ижод саройида “PROlogue” IV халқаро кинофестивалининг очилиш маросимида гала-тақдимоти бўлиб ўтган, ўткир сюжетли экшн ва триллер жанрларида суратга олинган “Скорпион” бадиий фильми ижодкорлари билан матбуот анжумани уюштирилди.

Унда кинокартина режиссёри Мухлиса Азизова, продюсер Ойбек Абдушукуров, фильм оператори, ўзбек томошабинларига “Welcome to Bukhara” ролиги орқали яхши таниш бўлган Макс Тцуи (Германия), иккинчи сценарист Абдуғани Саидов, шунингдек, актёрлар Фарҳод Маҳмудов, Юлдуз Ражабова, Раъно Шодиева қатнашди.

Тадбир қуруқ маърузалар билан эмас, балки қизғин савол-жавоблар остида кечди. Ҳар бир журналист ўзини қизиқтирган саволига батафсил жавоб олди. Айтиш керакки, бунда фильм ижодкорларининг журналистлар билан яқин бўлишга интилгани, тез орада халққа тақдим этиладиган мазкур мегалойиҳанинг эртага оддий томошабин учун ҳам тушунарли бўлишини таъминлаш, туғилиши муқаррар бўлган саволларга ҳозирданоқ жавоб беришга саъй-ҳаракат қилингани катта аҳамият касб этди.

Матбуот анжуманидан сўнг кинокартина продюсери О. Абдушукуровни суҳбатга тортдик.

— Фильм устида қарийб уч йил ишланди, — деди у. — Аввало, сценарий ёзиб бўлингач, биз ижодий жамоани қандай ва кимлар билан тўлдириш устида жиддий изландик. Картинамизнинг замонавий жаҳон кинематографиясидан мустаҳкам ўрин олишини мақсад қилган ҳолда, ўзимизнинг тажрибали ва юксак маҳоратли санъаткорларимиздан ташқари, туркиялик таниқли актёр Мурат Йилдирим ҳамда россиялик артист Вячеслав Разбегаевнинг хизматидан ҳам фойдаландик.

Бундан ташқари, сценарий муаллифи сифатида америкалик сценарист Боб Андервудни, оператор сифатида эса асли хитойлик, аммо бугунги кунда Германияда яшаб ижод қилаётган тажрибали Макс Тцуини жалб этдик. Овоз устида ишлаш жараёни “Мосфильм” киноконцерни мутахассислари томонидан амалга оширилди. Ранг-тасвир устида “Легенда (“Афсона”) 17”, “Движение вверх” (“Юксакликка интилиб”), “Викинг” сингари кинокартиналарда ишлаган “Color Kitchen” (Россия) компанияси иш олиб борди.

Бугун кино — мафкура қуроли эмас. Дунё миқёсида олганда ҳам, кино кўнгилочар ашёга айланган. Фильмни яратарканмиз, одамлар қандайдир мафкурадан баҳра топиш илинжида эмас, дам олиш, чарчоқларини унутиш учун фильм томоша қилишини ҳисобга олдик. Аммо ана шу оддийлик замирига Ватан, унинг тақдири ҳар биримизга боғлиқ эканини англатувчи деталларни киритдик. Тан оламиз, камчиликлар бисёрдир, лекин бу айнан шу йўналишда биринчи эканимиз учун, десам, адашмайман. Биздан кейингилар, албатта, мукаммал фильм ишлашади, деб ишонаман. Биринчи бўлиш эса ҳеч қачон ҳеч кимга осон кечмаган.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019