Сизлар ҳозирги сиёсатимизга, халқимизга хиёнат қиляпсизлар — Президент Тошкент шаҳри ва вилояти раҳбарлари «пастга тушмаган»ини айтди

22:53 15 Июль 2020 Сиёсат
515 0

Аввалроқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида видеоселектор йиғилиши ўтаётгани ҳақида хабар берган эдик. Унда Тошкент шаҳри ва пойтахт вилоятидаги кескин санитар-эпидемиологик вазият танқид қилинди.

Коронавирус тарқалишининг олдини олиш ва даволаш бўйича Тошкент шаҳридаги ишларни талаб даражасида ташкил этмагани, эпидемиологик вазиятнинг салбий ўзгаришларига тайёр бўлишни таъминламагани, бу касаллик билан “пастга тушиб” мукаммал шуғулланмагани учун Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов ва Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевга ҳайфсан эълон қилинди. Шаҳар ва вилоятнинг барча сектор раҳбарлари жиддий огоҳлантирилди.

«Ҳокимлар ва сектор раҳбарлари ўз ҳудудидаги ҳақиқий аҳволни умуман ўрганмаган ва »пастга тушмаган". Сизлар ҳозирги сиёсатимизга, халқимизга хиёнат қиляпсизлар. Қандай аччиқ бўлса ҳам, баҳо мана шундай.

Уруш пайтидаги вазият ҳозир. Урушда фақат халқнинг тинчлиги, халқнинг осойишталиги, халқнинг соғлиғини ўйлашимиз керак. Энг асосийси, биринчи раҳбарлар тушунишни хоҳламаяпти. Улар ўзларининг ҳудудларидаги тиббиёт муассасаларига бирон марта кирмасдан, улар билан учрашмасдан, реал вазиятни ўрганмаган ва кўрмаган, десак адолатдан бўлади”, деди Президент.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?