Сирдарёлик тадбиркорлар Хитойга сафар қилишди

11:58 18 Май 2018 Иқтисодиёт
327 0
Фото: investiguru.net

Сирдарё вилояти ҳокими Ғофуржон Мирзаев бошчилигидаги вилоят делегацияси хизмат сафари билан Хитой Халқ Республикасининг Чжэцзян провинциясида бўлди.

Турли ташкилотлар раҳбарлари ҳамда тадбиркорлардан иборат гуруҳ аъзолари сафар давомида иқтисодий кўрсаткичлари жиҳатидан Хитойда тўртинчи ўринда турувчи мазкур провинциянинг бир нечта туман ва шаҳарлари, компания ҳамда ишлаб чиқариш корхоналарига ташриф буюришди. Ҳудудларнинг масъул раҳбарлари иштирокида ишбилармонлар билан учрашувлар ўтказилди.
— Сафар мобайнида хитойлик ҳамкорлар билан 205 миллион АҚШ долларилик 15 та шартнома имзоланди, — дейди Сирдарё вилояти ҳокимининг инвестициялар, инновациялар, хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналарини ҳамда туризмни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Аваз Ходжиев. — Бундан ташқари, қишлоқ хўжалиги, енгил саноат ва бошқа йўналишларда ҳам ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича келишув меморандумлари имзоланди.

Хизмат сафари чоғида, шунингдек, Шанхай шаҳрининг Халқаро савдони ривожлантириш кенгаши, Шинжон-Уйғур автоном райони ҳамда бошқа ҳудуд ва компаниялар билан ҳам инвестициялар киритиш, товар айирбошлаш, пахта кластерларини барпо қилишда Хитой технологиясини қўллаш каби кўплаб амалий ишлар юзасидан ҳамкорлик алоқалари ўрнатилди.

Аҳмадали ШЕРНАЗАРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

 


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар