Сирдарёлик миришкорлар давлатга ғалла сотиш режасини бажаришди

17:13 29 Июнь 2018 Иқтисодиёт
439 0

Сирдарё вилояти ғаллакорлари мамлакатимизда биринчилардан бўлиб давлатга дон сотиш шартнома режасини бажарди.

Вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати томонидан маълум қилинишича, 86,5 минг гектар майдонга ғалла етиштирилиб, барча агротехник тадбирларни ўз вақтида амалга ошириши натижасида белгиланган шартнома режаси 25 иш кунида бажарилди.

Яна бир эътиборли жиҳати, оғир иқлим ва ер шароити бўлишига қарамасдан вилоятимиз миришкорлари вилоят қишлоқ хўжалиги тарихида биринчи маротаба ўртача 50 центнердан ҳосилдорликка эришилди.

Бундай ғалаба Муҳтарам Президентимизнинг жорий йил 13 апрель куни вилоятимизга қилган ташрифида вилоят фаолларига эртадан бошлаб “Авлодларга, элга, Ватанга, фарзандларга садоқат билан хизмат қилишда Сирдарё намунаси ташаббуси билан чиқсаларингиз мен сизлардан рози бўламан”, деган даъватидан илҳомланган ҳолда қўлга киритилди, десак айни ҳақиқатни айтган бўламиз.

Ўрим мавсумини самарали ташкил этишда янги замонавий ўрим комбайнлари харид қилинди. Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти ўрим техникалари жалб этилди.

Шартнома режасининг қисқа кунларда ортиғи билан бажарилишида Ховос, Сайхунобод, Боёвут ва Сирдарё туманларининг деҳқон ва фермерлари жонбозлик кўрсатдилар.

Айниқса, Боёвут туманидаги “Санжарбек Жўраев” ва “Абдумавлон Дониёров” фермер хўжаликлари ҳар гектар майдондан ўртача 85-90 центнердан хирмон кўтардилар. Сирдарё туманидаги “Омонбой ўғли Тугал” ва “Малек бобо” фермер хўжаликлари ҳосилдорликни 80 центнерга, Сайхунобод туманидаги “Чучук сув бўйи” ва “Нурмурод ўғли Илёс” фермер хўжаликлари жамоаси 75-80 центнерга, Ховос туманидаги “Ховос сара дон” ва “Ғуломжон боғлари” фермер хўжаликлари дехқонлари 75 центнерлик ҳосилдорликка эришдилар.

Давлат шартномавий режасининг бажарилишига И. Иминов, Қ. Хўжамқулов, Н. Хўжаахмедов ва Н. Бердияров каби комбайнчи-механизаторлар кунига 100-120 тоннадан ғалла донини ўриб, ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшдилар.

Ҳали далаларда ҳосил бор. Шу боис вилоятлик миришкорлар ўртача ҳосилдорликни 55 центнерга етказиш мақсадида астойдил меҳнат қилишмоқда.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар