Сирдарёдаги қурилишларда фидойилик кўрсатган бир гуруҳ юртдошларимиз «Меҳр-саховат» кўкрак нишони билан тақдирланди

13:08 22 Октябр 2020 Жамият
254 0

“Халқ сўзи Online”. Аҳмадали Шерназаров/Сирдарё. Хабарингиз бор, «Сардоба» сув омборида юз берган техноген ҳодиса оқибатларини қисқа вақтда бартараф этиш,аҳолига қулай шароит яратиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлардан кўплаб ишчи кучи ва қурилиш техникалари жалб қилинди.

Натижада 1 830 та уйда қурилиш- таъмирлаш ишлари юқори суръат ва сифатда якунига етказилди. Жами 11 минг 170 нафар фуқаро бутунлай янги қиёфага кирган, замонавий яшаш шароитлари яратилган уйларини қабул қилиб олди.

Шунингдек, тошқин оқибатида уй-жойлари яроқсиз ҳолатга келган фуқаролар учун 52,5 гектар майдонда 86 та 2 640 хонадонли қулай шароитларига эга кўп қаватли турар - жой бинолари қуриб битказилиб, босқичма-босқич фойдаланишга топширилмоқда.

Бугун Гулистондаги «Анжуманлар саройи»да республикамизнинг барча ҳудудларидан келиб, ушбу кенг кўламли қурилиш-таъмирлаш ишларида фидойилик кўрсатган бир гуруҳ юртдошларимизни Муҳтарам Президентимиз Фармони билан таъсис этилган «Меҳр-саховат» кўкрак нишони билан мукофотлаш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда Сирдарё вилояти ҳокими Ғофуржон Мирзаев фавқулодда ҳолат туфайли эл-юртимиз бошига тушган синовли кунларда, талофат оқибатларини бартараф этишда ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат, мардлик ва жасорат намунасини кўрсатган барча-барчага миннатдорлик билдирди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?