Сирдарёда Туркиянинг соғлиқ билимлари университети филиалини очиш бўйича музокаралар олиб борилмоқда

15:19 27 Октябр 2020 Жамият
95 0

“Халқ сўзи Online”. Аҳмадали Шерназаров/Сирдарё. Президентимиз Сирдарё вилоятига ташрифи давомида ушбу вилоятда тиббиёт кластери тизимини тажриба-синов лойиҳаси сифатида жорий этиш топшириғини берган эди. Соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш доирасида, бирламчи бўғин тиббиёт муассасаларининг фаолиятини ўрганиш, таҳлил қилиш ва самарадорлигини янада ошириш мақсадида амалга оширилаётган мазкур лойиҳага кўра соҳа учун малакали кадрлар тайёрлаш вазифаси ҳам муҳим ўрин тутади. Зеро, бугунги кунда вилоят соғлиқни сақлаш муассасаларида мингдан ортиқ мутахассисга эҳтиёж мавжуд.

Айни талабга биноан Гулистонда ҳам тиббиёт олий ўқув юртини ташкил этиш борасида амалий ҳаракатлар бошланди. Куни кеча соҳанинг вилоят масъуллари Туркиянинг етакчи олийгоҳларидан бири ҳисобланган Соғлиқ билимлари университети раҳбарияти билан музокаралар олиб борди. Мазкур тиббиёт муассасаси ректори ўринбосари бошчилигидаги делегация филиал ташкил этиш учун ажратилаётган Гулистон шаҳар марказида жойлашган тиббиёт коллежи биноси, Республика шошилинч тез тиббий ёрдам марказининг Сирдарё вилояти филиали ҳамда Сирдарё вилояти кўп тармоқли марказий шифохонаси фаолияти билан яқиндан танишди. Шифохонанинг малакали мутахассислари билан учрашиб, ўзаро фикр алмашди.

Делегация аъзоларининг Сирдарё вилояти ҳокими Ғофуржон Мирзаев билан бўлиб ўтган мулоқотида юқоридаги масала ҳамда ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Маълумот учун. Соғлиқ билимлари университети Туркия Республикасидаги тиббиёт йўналиши бўйича нуфузли давлат олий таълим муассасаси ҳисобланади. Айни вақтда унинг таркибига 13 та факультет, 5 та институт, 6 та профессионал тиббиёт мактаби, 35 га яқин илмий марказ, 58 та шифохона бирлашган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?