Сирдарёда Президент ташрифи чоғида белгиланган вазифалар ижросига бағишланган 10 дан зиёд тадбир бўлиб ўтди

12:04 24 Февраль 2019 Жамият
564 0

Фото: "Халқ сўзи"

“Халқ сўзи Online”. Аҳмадали Шерназаров/Сирдарё. Кеча Сирдарё вилоятида Президентимиз ташрифи мобайнида белгиланган вазифалар ижросини таъминлашга қаратилган ўндан зиёд тадбир бўлиб ўтди.

Жумладан, таълим муассасаларида ёшлар нашрлари вакиллари,  Боёвут ва Ховос туманларида таниқли санъаткорлар билан учрашувлар бўлиб ўтди. Гулистон туманида спорт иншоотига пойдевор қўйилган бўлса, Гулистон шаҳрида намунавий китоб дўконлари қурилиши бошланди. Шу билан бирга, Маданият вазирлиги томонидан Боёвут туманидаги мусиқа ва санъат мактабига мусиқа жиҳозлари топширилди.

“Ёшлар овози”, “Молодёжь Узбекистана” газеталари, “Ёш куч” ҳамда  “Дугоналар” журналлари ижодкорлари билан Гулистон шаҳридаги “Маънавият ва маърифат” марказида ташкил этилган таълим муассасалари ўқувчилари  иштирокидаги  мулоқотда ёшларнинг маънавий –маърифий билим ва дунёқарашларини кенгайтиришда босма оммавий ахборот воситалари алоҳида аҳамиятга эгалиги ҳақида гап борди.

Айни чоғда ўсиб келаётган авлод ўртасида улар учун мўлжалланган газета-журналлар мутолааси талаб даражасида эмаслиги ҳам айтилди.Хусусан, суҳбат асносида “Ким “Ёш куч” журналини мунтазам ўқиб боради?”деган саволга иштирокчилардан саноқлисигина ушбу нашр муштарийи  эканлигини билдирди . Шу маънода Ўзбекистон  ёшлар иттифоқи томонидан Сирдарё вилоятидаги кам таъминланган оилалар фарзандлари учун “Халқ сўзи”, “Ёшлар овози” “Мододёжь Узбекистана “ газеталари, “Ёш куч”, “Дугоналар” журналларига жами 5 минг нусха бепул обуна ташкил этилганини ибратли ташаббус бўлди дейиш мумкин. Тадбирда бир гуруҳ ёшларга ана шу обуна гувоҳномалари топширилди.

Шундан сўнг халқ таълими тизимидаги туман-шаҳарлардаги кутубхоналарга 3 минг нусха турли адабиётлар юкланган “Китоб карвони”ни кузатиш тантанаси бўлиб ўтди. Мазкур китоблар Президентимиз ташрифи чоғида тақдим қилинган Сирдарё вилоятида китобхонликни тарғиб қилиш бўйича концепция доирасида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси “Ижод” фонди томонидан  туҳфа қилинди. Йил охиригача эса 300 мингта турли адабиётлар ўқув муассасасалари кутубхоналари токчаларидан жой олади.Шунингдек, вилоятдаги 221 та маҳалла зиё масканларига 100 тадан адабиёт берилади. Ва республикамизда нашр қилинадиган бир неча номдаги босма нашрларга обуна қилинади.

Гулистон шаҳрида бўлиб ўтган яна бир тадбир эса, замонавий “Ёшлар маркази” қурилишига тамал тоши қўйишга бағишланди. Кенг –мўл майдонда барпо этиладиган мазкур кошона меъморий жиҳатдан ҳам , унда яратиладиган шароитлар борасида ҳам  ўхшаши йўқ бўлиши кутилмоқда.Унда 22 та тўгарак фаолият юритади,хусусан ёшларнинг ахборот технологиялари билан янада мукаммал шуғулланишларига алоҳида эътибор қаратилади.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий кенгаши раиси Қ. Қуронбоев, Сирдарё вилояти ҳокими Ғ. Мирзаев иштирок этдилар ва сўзга чиқдилар.

Фото: "Халқ сўзи" 
Фото: "Халқ сўзи" 
Фото: "Халқ сўзи" 

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019