Сирдарёда “Ўтовлар шаҳарчаси” барпо этилди

18:29 27 Сентябр 2018 Маданият
1402 0
Фото: Аҳмадали Шерназаров/“ХАЛҚ СЎЗИ ONLINE”

“ХАЛҚ СЎЗИ ONLINE”. Аҳмадали Шерназаров/Сирдарё. “М-39” (Тошкент — Термиз) халқаро автойўлининг Мирзаобод тумани ҳудудидан ўтадиган қисми ёқасида ўтовлар тикилган манзил бунёд этилди. Эътиборлиси, унинг бекат-дўкони учун ҳам ана шу қадимий турар-жой иморати кўриниши танланди.

Хўш, йўлдан ўтаётганларнинг эътиборини ўзига жалб этиб, Мирзачўлнинг қадимий ўтмишига хос экзотик манзара ҳосил қилган мазкур ўтовлар нима мақсадда тикилди?

Фото: Аҳмадали Шерназаров/“ХАЛҚ СЎЗИ ONLINE”

“Маълумки, асрлар давомида Мирзачўл яйловларида туя боқиш чорвачиликнинг энг муҳим тармоқларидан бири бўлган. Менда шу йўналиш бўйича айни воҳада тадбиркорликни йўлга қўйиш ва туя сути билан даволайдиган халқона тиббий хизматни ташкил қилиш нияти бор эди. Қолаверса, бизнес ғоям мазмунан табиат билан уйғун бўлишини ҳам истагандим. Шу боис ўтовлар тикилган ҳудуддаги табиий муҳитни, яъни бу ердаги юлғун, янтоқ ва бошқа чўл ўсимликларини ўз ҳолича сақлаб қолдик. Келажакда эса саксовул кўчатлари келтириб, уларни ҳам геометрик схема асосида эмас, гуё табиий ҳолда ўсаётгандек жойлаштиришни ният қилганмиз. Маълумки, ёввойи табиат, айниқса, чўл муҳити киши руҳига сокинлик бахш этади. Бўш турган ташландиқ бостирма биносидан ферма сифатида фойдаланяпмиз. Ҳозирча 30 та туямиз бор. Ҳадемай, улар яна 12 тага кўпаяди. Даволанувчиларга туя сути соғилган заҳоти иссиқлигида тақдим этилади. Албатта, бундан олдин у махсус фильтрлаш жараёнидан ўтказилади. Ўтовларга сандал ҳам ўрнатганмиз. Унда ғўзапоядан чўғ ҳосил қиламиз. Амалда маълумки, ғўзапоя чўғининг тафти танадаги дардлардан фориғ бўлишда яхши самара беради. Шунингдек,айни чоғда замонавий тиббий аппаратларни келтириш ва малакали тиббиёт ходимларини ишга жалб этиш ҳаракатидамиз”, - дейди мазкур лойиҳани амалга оширган Муҳиддин Маҳкамов.

Фото: Аҳмадали Шерназаров/“ХАЛҚ СЎЗИ ONLINE”

Тадбиркор Муҳиддин Маҳкамовнинг айтишича, Сурхондарёнинг турли қишлоқларидан олиб келинган ўтовларнинг “ёши” ҳам 50-60 йилнинг нарисида экан. Масалан, шерободлик 82 ёшли Ғузор бободан сотиб олинган ўтов унга уйланганида ўша вақтнинг урфига кўра отаси томонидан “Қора уй” сифатида тиклаб берилган экан. Шу маънода ўтовларни рақамлаш билан бирга, ҳар бирига уларнинг тарихи, асл эгаси, эски манзили ёзилган лавҳаларни ҳам илиб қўйилиши бу манзилнинг ҳадемай мозийдан ҳикоя қилувчи масканга айланишини ҳам кафолатлайди. Ва шубҳасиз, улкан халқаро автойўл теграсидаги ушбу гўша “Ўтовлар шаҳарчаси” сифатида туризмнинг севимли бекатига ҳам айланади.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019