Сирдарёда ноёб ҳисобланган аждар дарахтлари экилмоқда

14:32 12 Сентябр 2018 Жамият
623 0
Фото: Agrostory

“ХАЛҚ СЎЗИ ONLINE”. Аҳмадали Шерназаров/Сирдарё. “М-34”-“Тошкент — Душанбе” автомобиль йўлининг Сирдарё вилояти ҳудудидаги 99-101 километр масофаси четига аждар дарахти ниҳоллари ўтқазилмоқда. Бу ишни Гулистон шаҳрилик тадбиркор Тўлқин Умаров амалга оширмоқда.

“Павловния”деб номланган, “дарахтлар маликаси” деб таъриф берилган мазкур дарахтнинг фойдали хусусиятлари кўп. У бир вақтнинг ўзида ҳам жуда чиройли манзарали, ҳам юқори сифатли қурилиш материали берувчи ноёб дарахт саналади. Гулининг нектари эса энг тотли ва ифорли асал манбаи ҳисобланади. Яна аждар гулларидан дунёдаги қимматбаҳо парфюмерия маҳсулотлари учун зарур бўлган компонент ҳам олинар экан.

Фото: “ХАЛҚ СЎЗИ ONLINE”

Лекин бу хали ҳаммаси эмас. Хусусан, аждар дарахти жуда тез ўсади. У дастлабки 3 йилда йилига 5 метргача бўй чўзса, кейинги шунча вақтда бу кўрсаткич ўртача 3 метрни ташкил этади ва баландлиги 20-25 метрга етади. Баргларининг диаметри 60-70 сантиметр бўлиб, улар турдошларига нисбатан 20 баравар кўп кислород “ишлаб чиқаради”. Шу билан бирга ҳаводаги чанглар ва транспорт воситаларидан чиқадиган заҳарли газларни ютиш орқали экологик мусаффоликни таъминлашга ҳам хизмат қилади. Аждар дарахти ёғочининг 1 куб метри Европа бозорида 300 евро атрофида баҳоланиши ҳақида ҳам маълумотлар бор. Бу нарх одатдагиларникига нисбатан анча қиммат. Ёки бир туп терак 6 йилда 60-70 минг сўм даромад келтирса, битта аждар дарахтидан 200 АҚШ доллари миқдорида фойда олиш мумкин экан.

Фото: “ХАЛҚ СЎЗИ ONLINE”

“Биологман. Кўпдан буён павловния ўстиришга қизиқиб юрар эдим. Бу ниятимни амалга оширишда Япониядаги компанияларидан бирида ишлаётган танишим Абай Калонов яқиндан ёрдам берди. У илтимосимга кўра, Япониядан бир неча дона ана шу дарахт ниҳолини жўнатди. Кўчатларни шу йил кўкламида ҳовлимга ўтқаздим. Экканимда йирик помидор кўчатидек бўлган ниҳоллар ақл бовар қилмас даражада жуда тез ўсаяпти. Энди эса йирик плантация қилиш ҳаракатидаман. Катта автомобиль йўли ёқасидан ажратиб берилган ерларга ўтқазилаётган махсус тувакларда ўстирилган кўчатларни Тошкентдан олиб келаяпмиз. Келгусида бундан-да катта майдонларда аждар дарахтзорлари қилишни режалаштириб қўйганман”, - дейди тадбиркор Тўлқин Умаров.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар