Сирдарёда минерал ўғитлар ишлаб чиқарувчи йирик кимё мажмуаси қурилади

09:05 20 Февраль 2019 Сиёсат
452 0

Президент Шавкат Мирзиёев Янгиер шаҳрида ташкил этилиши режалаштирилган аммиак ва карбамид заводи қурилиш майдонида бўлди. 

Мамлакатимизда қишлоқ хўжалигини диверсификация қилиш, маҳсулот етиштиришни кўпайтириш ва экспорт қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу ернинг унумдорлигини ошириш, минерал ўғитлар ишлаб чиқаришни талаб этмоқда.

Шу боис “Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти томонидан “Samsung Engineering” компанияси билан ҳамкорликда аммиак ва карбамид заводи қуриш режалаштирилган.

Умумий қиймати 600 миллион АҚШ доллари бўлган мазкур заводда йилига 400 минг тонна аммиак, 660 минг тонна карбамид ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. АҚШ ва Япониядан энг замонавий технологиялар келтириб ўрнатилади, “ноу-хау”лар қўлланилади. 500 доимий иш ўрни яратилади.

Завод қурилиши учун жуда қулай жой танланган. Бу ерда табиий газ манбаи, электр ва сув таъминоти тармоқлари, автомобиль ва темир йўллар бор.

- Сирдарёдагидек қулай инфратузилма ҳеч қаерда йўқ. Бундай имконият заводни қуриш ва барқарор ишлатишда қўл келади, инвесторларнинг қизиқишини оширади. Бу жуда рентабелли, истиқболли лойиҳа, - деди Шавкат Мирзиёев.

Давлатимиз раҳбарига бўлажак корхонанинг иқтисодий самарадорлиги, қурилиш ишлари жадвали ҳақида маълумот берилди. Президентимиз завод маҳсулотлари ички талабни қондириш ва ташқи бозорларга чиқишда муҳим ўрин тутишини таъкидлаб, мутасаддиларга тегишли топшириқлар берди.

Президент Шавкат Мирзиёев Сирдарё вилояти Мирзаобод туманидаги “Бек кластер” масъулияти чекланган жамияти томонидан ташкил этилган пахтани қайта ишлаш заводини ҳам бориб кўрди.

Дастлаб бу ерда қорабайир отлари, қорамол, эчки, туяқуш, қуён ва бедана насллари намойиш этилди.

Давлатимиз раҳбари бу жониворларнинг маҳсулдорлиги, тез кўпайиши, улар ҳар бир оила учун зарурлигига эътибор қаратди. Уй шароитида чорва ва парранда боқишни кенгайтириб, одамларни озиқ-овқат маҳсулотлари, қўшимча даромад билан таъминлаш мумкинлигини таъкидлади.

Президентимиз Сирдарё вилоятига аввалги ташрифи доирасида “Бек кластер” корхонасида бўлиб, уни янада ривожлантириш бўйича топшириқлар берган эди.

Корхона ўтган йили Туркиянинг “SUMER” компанияси билан ҳамкорликда йилига 60 минг тонна пахтани қайта ишлайдиган завод барпо этди.

Кластерлар қишлоқ хўжалигида етакчи тармоққа айланаётгани, уларнинг маҳсулот етиштириш ва ишлаб чиқариш салоҳиятини янада ошириш зарурлиги таъкидланди. Давлат-хусусий шериклик асосида кластерлар учун кадрлар тайёрлаш, янги лойиҳалар ишлаб чиқиб, фаолият қамровини кенгайтириш бўйича кўрсатмалар берилди.

Шу ерда Сирдарё вилоятида қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга ошириладиган лойиҳалар тақдимоти ўтказилди. Жумладан, паррандачилик, чорвачилик, балиқчилик, уруғчилик ва узумчиликни ривожлантириш, сув тежовчи технологияларни жорий қилиш, “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури бўйича аҳолининг томорқадан самарали фойдаланишини ташкил этишга қаратилган лойиҳалар ҳақида маълумот берилди. Бу лойиҳаларнинг амалга оширилиши яна минглаб иш ўринлари яратиш имконини беради.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019