Сирдарёда катта кўпкари ва кураш ўтказилди. Илғор фермерларга “Президент совғаси”- “Дамас” автомашиналари топширилди

15:48 09 Декабрь 2019 Жамият
317 0

Сирдарёда қишлоқ хўжалиги ходимлари куни муносабати билан кўпкари ва кураш мусобақалари ташкил қилинди.Сирдарё туманида бўлиб ўтган мазкур байрамона беллашувларда республикамизнинг турли минтақалари билан биргаликда, қўшни мамлакатлар полвонлари, чавандозлари ҳам иштирок этди.

Шу ернинг ўзида жорий йилда юқори ҳосилдорликка эришган бир гуруҳ фермерларга “Президент совғаси”- “Дамас” автомобиллари топширилди.

Сўнгра Гулистон шаҳридаги “Баҳор” ресторанида байрам дастурхони ёзилди,куй-қўшиқлар ижро этилди. Мазкур тадбир доирасида ҳам бир гуруҳ қишлоқ хўжалиги ходимларининг самарали ва намунали меҳнатлари муносиб тақдирланди. Уларга “Илғор фермер”, “Меҳнаткаш деҳқон” ва “Намунали томорқачи” кўкрак нишонлари тантанали равишда топширилди.

Маълумот учун. Кейинги йилларда соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар туфайли вилоят қишлоқ хўжалигида юқори даражадаги ўсишга эришилди. Хусусан, ҳудудда кластер тизими тобора кенг йўлга қўйилмоқда. Томчилатиб суғориш ва бошқа ҳар жиҳатдан тежамкор ҳамда самарали инновацион технологияларни қўллаш кўлами ортмоқда. Яна бир жиҳат шуки, амалга оширилган зарур тадбирлар ва янгича ёндашувлар натижасида йиллар давомида фойдаланишга яроқсиз бўлиб келган бир неча минг гектар экин майдонларида бугун яна қишлоқ хўжалиги экинлари ўстирилаётир.

Байрам тадбирларида Сирдарё вилояти ҳокими Ғ. Мирзаев иштирок этди.

Аҳмадали ШЕРНАЗАРОВ
(“Халқ сўзи”)

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?