Сирдарё вилояти: Катта иқтисодий салоҳият ва кенг имкониятлар ҳудуди

21:34 22 Август 2019 Жамият
180 0

Сўнгги йилларда ҳудудларга тўғридан-тўғри чет эл инвестицияларни жалб қилиш, мамлакатимиз иқтисодиётининг очиқлигини таъминлаш ва қулай инвестиция муҳитини яратиш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самараси Сирдарё вилоятида ҳам ўз ифодасини топмоқда. Бунда хорижий давлатларнинг бизнес ҳамжамияти ва халқаро ташкилотларнинг ҳудудларда инвестиция лойиҳаларини рўёбга чиқариш учун мавжуд салоҳият ва имкониятлар билан таништиришга қаратилган саъй-ҳаракатлар муҳим омил бўлмоқда. Хусусан, кеча Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги билан Сирдарё вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида Гулистон шаҳрида ўтказилган I Халқаро инвестиция форуми ҳам айни шу мақсадда ташкил этилгани билан аҳамиятлидир.

Нуфузли тадбирда дипломатик корпус ҳамда ҳукумат вакиллари, шунингдек, 200 дан ортиқ чет эл компаниялари раҳбарлари қатнашди.

Иштирокчиларни Сирдарёнинг иқтисодий, инфратузилмавий, инвестициявий имкониятлари билан таништирувда ушбу вилоятВатанимизнинг марказий қисмида, шарқий ва ғарбий ҳудудларимизни бир-бири билан боғлаб турувчи транспорт-коммуникация йўли устида жойлашганлиги алоҳида таъкидланди. Шунингдек, унинг пойтахтга яқинлиги, Қозоғистон ва Тожикистон Республикалари билан чегарадошлиги, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳамда қайта ишлаш учун хом ашё базасининг етарли эканлиги,энергия, сув ҳамда меҳнат ресурслари билан таъминланганлиги ҳақида ҳам маълумотлар берилди.

— Аввало, Президентимиз ташаббуси билан бевосита инвестиция масалалари билан шуғулланувчи тизим яратилгани туфайли ҳудудларда инвестициявий муҳит тубдан ўзгариб бораётганлигини таъкидлаш ўринлидир, — дейди Сирдарё вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Анвар Каримов. — Чунки ана шу муҳим омил туфайли вилоятимизда ўз бизнесини йўлга қўйиш истагида бўлган хорижий ва маҳаллий тадбиркорлар тоборакўпаймоқда. Жумладан, Хитой, Россия, Италия, Жанубий Корея, Беларусь, Қозоғистон, Афғонистон, Бирлашган Араб Амирликлари, Ҳиндистон, Эрон ва бошқа давлатларнинг компаниялари вакиллари билан юртимизга ташрифлари чоғида турли соҳаларга инвестиция киритиш бўйича келишувларга эришилган. Ўз ўрнида, жорий йилнинг ўтган даврида вилоят делегацияси Хитой, Италия, Ҳиндистон ва Беларусда бўлишди ва 100 миллион АҚШ долларилик лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишув битимларини имзолашди.

Эътиборлиси, форум ишида одатдагидан янгича ёндашув ҳам кузатилди. Яъни ҳозир бу ерда фаолият кўрсатаётган хорижий инвесторлар вакиллари сўзга чиқиб, меҳмонларга Сирдарё вилоятида қулай ишбилармонлик муҳити мавжудлигини ўз фаолиятлари мисолида гапириб беришди. Бугунги кунда Сирдарё вилоятида хорижий ҳамкорлар иштирокидаги 138 та корхона ишлаётганлиги ҳақидаги маълумот эса меҳмонларда янада ишонч уйғотгани шубҳасиз.

— Сирдарё, аллақачон, хитойлик инвесторлар учун энг жозибадор инвестициявий маконга айланган, — дейди Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Цзян Янь. — Масалан, “Сирдарё” эркин иқтисодий зонасидаги “Пенг Шенг” саноат мажмуаси бугунги кунда ишлаб чиқариш йўналиши ва кўламдорлиги бўйича йирик субъектлардан бири ҳисобланади. Айни чоғда ушбу мажмуадаги жадал ривожланишлар хитойлик бошқа тадбиркорларнинг ҳам мазкур ҳудудга қизиқишларини оширмоқда.

Форумда вилоятнинг ички имкониятлари ҳамда инвесторлар учун жозибадорлигини оширувчи устувор йўналишлари тўртта асосий омилларда кўрсатиб берилди. Булардан бири қишлоқ хўжалигида инновацион ёндашувларни ишга солиш — пахтачилик кластери, замонавий гидропоника иссиқхоналари, интенсив боғлар, логистика марказларини қуриш, шунингдек, чорвачилик, балиқчилик ва паррандачилик кластерларини ташкил қилиш бўлса, иккинчиси, саноат соҳаси, шу жумладан, енгил саноат, ипакчилик, озиқ-овқат, фармацевтика, кимё саноати ва муқобил энергия манбаларидан фойдаланишни ривожлантаришдан иборатдир. Туризм, яъни янги меҳмонхоналар, кўнгилочар марказлар ва бошқа сайёҳлик инфратузилмаларини ривожлантириш, технопарклар ҳамда хорижнинг етакчи олий ўқув юртлари филиалларини ташкил қилиш, хусусий тиббиёт, ахборот-коммуникация технологиялари ҳам ана шу йўналишлар сирасига киритилди.

Ўз навбатида, анжуман қатнашчиларига вилоят иқтисодиётини ривожлантириш учун давлат томонидан истисно тариқасида тақдим қилинаётган имтиёз ва преференциялар мавжудлиги, сўнгги йилларда Президентимиз ташаббуси билан тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш учун кўплаб қулайликлар яратилгани маълум қилинди. Жумладан, “Сирдарё” эркин иқтисодий зонасига киритиладиган инвестициялар ҳажмидан келиб чиққан ҳолда иштирокчилар учун 3 йилдан 10 йилгача бўлган муддатларга солиқ ва божхона имтиёзлари берлган. Қолаверса, Ховос тумани ҳудудида ҳам кичик саноат зонаси ташкил қилинган бўлиб, ушбу зонадаги бўш турган давлат бино ва иншоотлари тадбиркорларга кейинчалик хусусийлаштириш шарти билан 5 йил муддатга ижарага берилади.

Форум қатнашчиларига янги лойиҳа таклифлари ҳақида тўлиқ маълумотлар бериш мақсадида 3 та устувор йўналиш бўйича секцияларда ҳам мулоқотлар олиб борилди. Ҳудуд иқтисодиётини ифода этувчи кўргазмалар ташкил этилди.

Якуний брифингда маълум қилинишича, форум мобайнида 200 миллион АҚШ долларидан ошиқ инвестициявий ва экспорт шартномалари имзоланди.

Меҳмонлар тадбир доирасида ташкил қилинган “Гуллар фестивали”, “Қушлар кўргазмаси” ва “Қовун сайли” каби кўрик-танловларни томоша қилдилар.

Форум очилишида Ўзбекистон Республикаси инвестициялар ва ташқи савдо вазири С. Умурзоқов, Савдо-саноат палатаси раиси А. Икрамов ҳамда Сирдарё вилояти ҳокими Ғ. Мирзаев ва бошқалар сўзга чиқди.

Аҳмадали ШЕРНАЗАРОВ
(“Халқ сўзи”).
Динара ЧИРКОВА олган суратлар.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019