Сирдарё вилояти ҳокимининг навбатдаги сайёр қабули одатдагидан бошқача форматда ўтказилди

16:16 19 Август 2019 Жамият
354 0

“Халқ сўзи Online”. Аҳмадали Шерназаров/Сирдарё. Сайхунобод тумани “Бахмалсой” маҳалласидаги Ойдин йўл қишлоғида Сирдарё вилояти ҳокимининг сайёр қабули бўлиб ўтди. Бу ҳақда Сирдарё вилояти ҳокимлигининг расмий сайти хабар берди.

Эътиборлиси, ушбу қабул янгича ёндошув асосида, яъни ҳудуддаги масалалар олдиндан чуқур ўрганилган ҳолда ташкил этилди. Натижада тадбир аҳолини эшитиш, муммолар ечимни топиш билан эмас, амалий ишлар билан бошланди.

Хусусан, ҳар бир кўчада замонавий техникалар ёрдамида йўл қуриш, ичимлик суви тортиш, эскирган симёғочларни янгисига алмаштиришга киришилди. 

Вилоят ҳокими Ғофиржон Мирзаев қишлоқдаги 2-умумтаълим мактабининг янги ўқув йилига тайёргарлиги билан танишди. 1981 йилда қурилган мазкур ўқув даргоҳи охирги марта 14 йил аввал таъмирланган.   Вилоят ҳокими  мактаб ҳолати билан танишар экан, мавжуд муаммоларни бартараф этиш юзасидан шу ернинг ўзида мутасаддиларга топшириқ ва кўрсатмалар берди.  Шунингдек, мактаб учун замонавий спорт зали қуриш режаси 2020 йил маҳаллий дастурга киритилди. 

Сўнгра ҳоким оқсоқоллар билан юракдан суҳбатлашиб, аҳолини қийнаб келаётган муаммоларни эшитди. Уларнинг мурожаатларига кўра, қишлоқ ички йўлининг 3,2 километрини тўлиқ таъмирлаш, суюлтирилган газни ҳар ойда бир марта эмас, ҳар 15 кунда келтириш бўйича мутасадди раҳбарларга аниқ топшириқлар берди. 

Айни вақтда Ойдин йўл қишлоғида 140 та хонадон бўлиб, аҳолиси 620 нафарни ташкил қилади. Ҳоким хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида 18 сентябргача “Politex Sirdaryo” МЧЖ кластери томонидан 50 та иш ўринлик сенвич панелли тикув корхонаси фойдаланишга топширилишини айтди. Шунингдек, қишлоқ аҳолисининг таклифига биноан тикув цехи олдида 3 хонали кўркам замонавий тиббий хизмат кўрсатиш биноси ҳам қуриладиган бўлди. 

Вилоят ҳокими сайёр қабул давомида куни кеча суннат тўйи бўлиб ўтган, Саришта кўчаси 11-уйга, Жумагул Бозорова хонадонига ташриф буюриб, болажонларга велосипед совға қилди. Шу ернинг ўзида туман ҳокими Б.Мирзақуловга Ж.Бозорованинг уйи атрофини ободонлаштириб, кўримсиз лойғиштли ўрнига шлакаблокли девор билан ўраб бериш ҳақида кўрсатма берди.

– Очиғи, мен вилоят раҳбарларининг қишлоғимизга келганини эшитиб, айнан бизнинг хонадонимизга ҳам ташриф буюришини кутмаган эдим. Ўзим куни кеча фарзандларимни суннат қилдириб, уларга ҳар бир бола орзу қиладиган велосипед олиб беролмаганимдан кўнглимда армон бор эди. Вилоятимиз ҳокими уйимга келиб, фарзандларимга велосипед совға қилди. Болаларимнинг қувонганини кўриб, Ўзбекистонимизнинг ҳар бир фуқароси муҳтарам Президентимизнинг эътиборида эканлигига гувоҳ бўлдим, – дейди Жумагул Бозорова. 

Бундан ташқари қишлоқда истиқомат қилаётган кам таъминланган оилалар Азлиххон Мусаев ва Сайёра Шамсиева хонадонига газ плитаси, Малика Ҳабибова оиласига кир ювиш машинаси совға қилинди. 

Қишлоқ аҳолисини қийнаб келаётган муаммолардан яна бири ичимлик сувидир. Қишлоқдаги сув иншооти қарийб 50 йил илгари қурилган бўлиб, аҳоли охирги 10 йилдан бери сувни ташиб ичади. Мутасадди ташкилотлар томонидан артезиан қудуғи қайта ишга туширилиб, шу куннинг ўзида аҳолига ичимлик суви чиқариб берилди.Қудуқ минорасини таъмирлаш, ҳар бир кўчага сув тармоғи тортиш учун маҳаллий бюджетдан 300 млн сўм маблағ йўналтириладиган бўлди. Бу ишлар узоқ кутиладиган режалар асосида эмас, балки 1 сентябргача битказилиши белгиланди. 

Қишлоқда яшовчи аҳолининг томорқадан фойдаланиш маданияти ҳам атрофлича ўрганилди. Саришта кўчасида истиқомат қилувчи Алишер Жўраев хонадонида 14 сотих иссиқхона ташкил этилган. Оиланинг шу йилнинг ўзида 30 млн соф даромад олгани, ҳозирда иккинчи ҳосил учун кўчатлар парваришлаётгани намуна сифатида кўрсатилди. 

Энг муҳими, сайёр қабулнинг янгича формати – аввал ўрганиб, сўнгра масалалар ечими бўйича бевосита амалий ишларни бошлаб юборган ҳолда ушбу тадбирни ўтказиш  аҳоли мурожаатларини ҳал этишнинг энг мақбул ва самарали услубларидан эканлигини амалда намоён этди.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019