Сирдарё вилояти ҳокими ўзи ўқиган Фарғонадаги мактабга 300 дан зиёд китоб совға қилди

12:50 02 Апрель 2019 Жамият
692 0

Фото: «Халқ сўзи»

Сирдарё вилояти ҳокими, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Ғофуржон Мирзаев Фарғона вилоятининг Бағдод туманидаги ўзи таҳсил олган мактаб кутубхонасига 300 дан ортиқ бадиий адабиётлар совға қилди.

Шу муносабат билан тумандаги 27-умумий ўрта таълим мактабида ташкилланган тадбирда маҳаллий ҳокимлик органи вакиллари, халқ таълими бўлими мутасаддилари, фахрий устозлар ва ўқувчилар қатнашди.

Сирдарё вилояти ҳокимлиги ходими Умиджон Қулмонқулов китобларни мактаб раҳбариятига топширар экан, бу даргоҳда таҳсил олаётган йигит-қизлардан келгусида етук ва баркамол, эл-юрт манфаати, Ватан равнақи йўлида фидокорона меҳнат қиладиган инсонлар етишиб чиқишига ишонч билдирди.

Тадбирда, шунингдек, Ўзбекистон халқ устаси, халқ депутатлари Фарғона вилояти Кенгаши депутати Муҳаммадали Юнусов ҳам сўз олиб, Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бошланган бу эзгу саъй-ҳаракат, албатта, кутилганидан-да зиёдроқ натижа беришини таъкидлади.

- Мен бу шогирдимдан ҳамиша фахрланаман, - дейди айни зиё масканида узоқ йиллар давомида ишлаб, ўқувчиларга математика фанидан сабоқ берган фахрий устозлардан бири Хосиятхон ая Ҳасанова. – Ғофуржон – ўзи бўладиган бола эди! Синфимда ташаббускорлиги, билимга чанқоқлиги билан алоҳида ажралиб турарди. Ундаги раҳбарлик қобилиятини ўшандаёқ сезгандим. Ғофуржоннинг бугунги ютуқларини эшитиб, юрагим севинчга тўлади. Телевизорда Сирдарё вилояти ҳақида бирор бир кўрсатув берилса, кўз ўнгимда ғайрат-шижоатли, қатъиятли, синфдошларига ҳар томонлама ўрнак бўлган Ғофуржон гавдаланаверади.

Тадбир якунида Бағдод тумани халқ таълими бўлими мудири Тўлқиной Тожиева Сирдарё вилояти ҳокимлиги ҳамда вилоят ҳокими Ғофуржон Мирзаевга самимий миннатдорлик изҳор қилди.

Элёржон Эҳсонов, “Халқ сўзи” мухбири.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Муштарийлар учун ажойиб янгилик!

Юқоридаги суратда бунинг учун нима қилиш лозимлигини томоша қилишингиз мумкин.

09 Декабрь 2019