Сирдарё вилояти ҳокими ОАВ ходимларининг касб байрами арафасида журналистлар билан учрашди 

16:32 23 Июнь 2019 Жамият
364 0

Сирдарё вилояти ҳокими Ғофиржон Мирзаев оммавий ахборот воситалари ходимларининг касб байрами арафасида журналистлар билан учрашув ўтказди. 

Унда вилоят раҳбари Сирдарё вилоятида илк бор қисқа муддатда ғалла тайёрлаш режаси бажарилгани ҳамда ҳосилдорлик ҳам юқори бўлганлигини маълум қилиб,эришилаётган ютуқларда маънавий қўллаб-қувватлаб турган журналистларнинг ҳам  ҳиссаси борлигини таъкидлади ва “ОАВнинг бир сўзи киши қалбини Жамолунгма чўққиси қадар руҳлантириши, аксинча ерга тушириб қўйиши мумкин”деди. 

Вилоят раҳбари Сирдарёда бўлаётган улкан ўзгаришлар ҳақида гапирар экан, “Энди ўзимизнинг шаҳарларимиз, қишлоқларимиздаги кўркам манзиллар, бинолар, иншоотлар суратларини ҳам Тошкент,Самарқанд, Бухоро манзаралари каби кўчаларимизга, майдонларимизга қўйсак, откриткалар чиқарсак, ташриф қоғозларимизга жойлаштирсак арзийди. Бу эса, албатта, яшаб турган заминимизга нисбатан меҳримизни, муҳаббатимизни, ҳар биримизда лоақал бир туп  райҳон экиб бўлса-да, юрт ободлигига ҳисса қўшиш истагини янада кучайтиради” деди. Ва айни чоғда фотожурналистларнинг бу борадаги ижодий ёндошув ва топқирликлари талаб даражасида эмаслигини  билдириб, ўз тавсияларини берди.

Сўнгра,ҳоким жорий йилги касб байрамини вилоятдаги барча ОАВ ходимлари  иштирокида ҳар йилгидан мутлақо ўзгача, тантанавор ўтказиш, кекса, бемор журналистларни айём билан табриклаш,ҳолидан хабар олиш бўйича вилоят ҳокимлигининг масъул ходимларига топшириқлар берди.Шунингдек, байрам муносабати билан ОАВ ходимларига планшетлар совға қилинадиган бўлди.

Яна Сирдарё вилоятида фаолият юритаётган  маҳаллий ҳамда республика ОАВ ходимларидан иборат катта гуруҳнинг Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университетида мазкур олий ўқув юрти жамоаси ҳамда сирдарёлик талабалар билан учрашувини ўтказишга ҳам келишиб олинди.Шу ўринда Ғофиржон Мирзаев вилоятда журналист кадрларга бўлган эҳтиёж жуда  катта эканлигини, шу боис ушбу ўқув масканида янада кўпроқ сирдарёлик  ёшларнинг  ўқиши учун университет раҳбариятига квота ажратиш бўйича таклиф  киритилаётганини айтди.

Мулоқот сўнггида вилоят ҳокими ОАВ ходимларининг меҳнатини эътироф этар экан,  “Журналистнинг нони қаттиқ, лекин ширин ” дея таърифлади ҳамда бундан кейин, соҳа ходимлари билан тез-тез ва юзма –юз учрашувлар ўтказиб турилишини маълум қилди.

Аҳмадали Шерназаров/Сирдарё
“Халқ сўзи Online”  
  
 


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Муштарийлар учун ажойиб янгилик!

Юқоридаги суратда бунинг учун нима қилиш лозимлигини томоша қилишингиз мумкин.

09 Декабрь 2019